Тошкент ҳайвонот боғидаги севимли орангутан Сезар оғир касалликка чалинди

Тошкент ҳайвонот боғининг кўпчиликка таниш ва меҳрини қозонган орангутани Сезарга суяк тўқимасининг хавфли ўсмаси — остеосаркома ташхиси қўйилди. Ҳайвонот боғи маъмурияти хабарига кўра, ташхис маҳаллий мутахассислар томонидан аниқланган, хорижий ҳамкасблар билан ўтказилган маслаҳатлашувларда ҳам тасдиқланган.
Ҳайвонот боғи бош ветеринария шифокори Маҳмуд Қўзибоевнинг маълум қилишича, Сезарга ушбу ташхис бир йилдан сал кўпроқ вақт олдин қўйилган. Айни пайтда унинг аҳволи қониқарсиз. Мутахассислар зарур муолажаларни давом эттирмоқда, бироқ остеосаркома даволаш қийин бўлган хавфли касаллик ҳисобланади.
Сезарнинг касаллиги ҳайвонот боғи жамоаси учун ҳам оғир синов бўлди. Айниқса, уни болалигидан парваришлаб, вояга етказган Машҳура опа учун бу хабарни қабул қилиш осон эмас. У орангутанни боқиб катта қилган, касал бўлган пайтларида ҳам ёнидан кетмай, тунларни бедор ўтказган. Бош ветеринар Маҳмуд Қўзибоев ва бошқа ходимлар ҳам кўп йиллардан бери Сезарнинг парвариши билан шуғулланиб келади.
Маълумотларга кўра, Сезар 2019 йилда ҳали болалигида Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинган. У Ўзбекистондан Қозоғистонга ноқонуний олиб чиқиб кетилмоқчи бўлганида, божхона ходимлари томонидан Зангиота туманида аниқланган ва ҳайвонот боғига топширилган. Ҳозир у боғдаги ягона орангутан ҳисобланади.
Ҳайвонот боғи мутахассислари Сезарнинг саломатлиги юзасидан халқаро Орангутанларни ҳимоя қилиш жамғармаси, шунингдек, Москва ва Лондон ҳайвонот боғлари билан ҳам маслаҳатлашиб келмоқда. Айни пайтда унинг ўзи ўрганган муҳитда қолиши, ёнида таниш инсонлар бўлиши ва зарур парвариш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…