10:33 / 03.07.2021
10 302

«Агар биз ота-оналарини ҳам рўйхатга киритсак, давлат хизматчиси барибир ‘лазейка’ топади» - Акмал Бурҳонов


Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб Президент фармони лойиҳасида давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ҳамда ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

1 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов «Gazeta.uz»нинг нега ушбу процедура яқин қариндошлари — ота-она, ака-ука, опа-сингиллар, катта ёшдаги фарзандлар ва бошқаларни қамраб олмайди, деган саволига жавоб берди.

«Дастлаб, менда барча қариндошлар, шу жумладан, турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-ука ва опа-сингиллари ҳам бўлиши керак деган фикр бор эди. Аммо ушбу процедура тўлиқ амалга оширилган аксарият мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар давомида [шуни аниқладикки] декларацияни нафақат давлат хизматчилари, балки оддий фуқаролар ҳам топширар экан», — деди Акмал Бурҳонов.
Акмал Бурҳоновнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда фақат давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган болаларини қамраб олиш режалаштирилган.

«Баъзида уларнинг опа-сингиллар ва ака-укалар билан тушунмовчилик келиб чиқиши ҳолати кузатилиши мумкин. Уларда ‘Нега мен акам учун жавобгар бўлишим керак? У давлат хизматчиси эмас-ку. Конституциявий ҳуқуқларим... нега буни ошкор қилишим керак, нега акам учун жавобгар бўлишим керак?’ деган саволлар бера бошлайди. Болаларга келсак, улар вояга етганидан кейин нимага улар ота учун жавобгар бўлиши кераклигини айтиши мумкин», — деди Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари.

Акмал Бурҳонов, шунингдек, декларация тизими жорий этилгандан сўнг давлат хизматчисининг баъзи қариндошлари оддийгина даромадлари ва мол-мулклари тўғрисида маълумот бермасликлари мумкинлигини таъкидлади.

«Шундай бўлиши мумкинки, давлат хизматчиси турмуш ўртоғининг ака-укалари ва ота-оналари нотўғри маълумотларни киритиши ёки умуман уни ошкор қилмаслиги мумкин. Ўрганиш пайтида биз давлат хизматчисига маълумотни киритмаганини таъкидласак, у бунга жавобан: ‘Мен нима қилишим керак? Қайнотам (қайнонам) маълумот бермади, биз жанжаллашгандик’, дейди», — деб тушунтирди Бурҳонов.
Агентлик директори барча фуқаролар мажбурий декларация тизимига ўтгунча ҳар доим бўшлиқлар (лазейка) бўлади деб ҳисоблайди.

«Агар биз ҳозирда ота-она, ака-ука ва опа-сингилларни ҳам декларация берувчилар рўйхатига қўшсак, давлат хизматчиси барибир ‘лазейка’ топади. У мулкни дўстлари, танишлари ва бошқалар номига рўйхатдан ўтказади. Шунинг учун, биринчи босқичда, ҳозирча биз фақат шуни (турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган болаларини) таклиф қиламиз. Тизим амалиётга татбиқ этилгандан сўнг зарурат туғилса, ушбу рўйхатни кенгайтириш мумкин», — деди Акмал Бурҳонов.

Нима учун давлат хизматчиларининг харажатлари декларацияга киритилмайди
Президент фармони лойиҳасида давлат хизматчиларининг харажатлари тўғрисидаги банд декларация тизимига киритилмаган. Акмал Бурҳонов харажатларнинг киритилиши декларацияни текширадиган ваколатли орган (Коррупцияга қарши курашиш агентлиги) томонидан коррупция омилларининг кўпайишига олиб келиши мумкин деб ҳисобланади.

«Харажатга овқатланиш ва совғаларни ҳам киритишимиз керакми? Бу жараённи мураккаблаштиради. Шунинг учун биринчи босқичда биз ихчам [жараён] қиламиз», — деди Бурҳонов.

Унинг фикрига кўра, йил охиридаги даромад ва мол-мулк ўртасидаги фарқни таҳлил қилиш биринчи босқичда катта қадам бўлади.
«Биз мулкни қамраб олишни кенгайтирмоқчимиз. Ушбу концепция доирасида биз нафақат кўчмас мулкни, балки автомобилларни, шунингдек, қиймати маълум миқдордан ошиб кетадиган объектларни ҳам кўриб чиқамиз. Бу ҳам харажатларга киритилади», — деди Акмал Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг октябрь ойида 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулкини, даромадлари ва харажатларини декларациялаш тизимини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Қарорга кўра, давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ва харажатларини декларациялашнинг ягона ахборот тизимини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, Президентга ҳам йил давомида ишлаб топган пули ҳақида ҳисобот топшириш мажбурияти юклатилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Агар биз ота-оналарини ҳам рўйхатга киритсак, давлат хизматчиси барибир ‘лазейка’ топади» - Акмал Бурҳонов