17:17 / 06.06.2023
165

“Қайнона” – барча қайнона ва келинларга ўрнак бўлувчи асар

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Кунда-кунора келин қайнонасини заҳарлабди, қайнона келинини чопиб қўйибди, қайнонанинг зулмига чидолмаган келин ўзини осиб қўйибди сингари хабарларга дуч келяпмиз. Вазият шу даражага бориб етдики, қайнона-келин мавзуси жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди.

Қиз бола ўзининг қадрдон оиласидан, жонажон ота-онаси, туғишганларидан айрилиб, бутунлай бошқа муҳит, ўзга инсонлар орасига тушади ва яшай бошлайди. Зиммасига қўйилган ҳар хил мажбуриятлар, шартлар, талаблар аввалига уни озроқ довдиратади. Янги келин бироз муддат тушкунликка тушади. Ана шундай вазиятда унга яхши қайнона ёрдамга келиши, уни аввало аёл, собиқ келин, меҳрибон она сифатида қўллаб-қувватлаши лозим.

Қайноналарга ҳам осон эмас. Кўплаб қайноналар бутунлай ўзга муҳитда ўсиб тарбия олган келинга қандай муомала қилишни билмай қолади. Чунки келинчакнинг феъл-атвори, одатлари унга номаълум.

Айнан шундай ҳолатда қайнона қандай бўлиши кераг-у, келин ўзини қандай тутиши лозимлигини машҳур турк ёзувчиси Аҳмад Лутфий Қозончи ўзининг “Қайнона” асари қаҳрамонлари Мунаввархоним ва Амина тимсолида тасвирлаган.

Сюжет:

Мунаввархоним исмли бева аёл Мустафо исмли ўғлини уйлантирмоқчи бўлади ва келин излай бошлайди. Унга Амина исмли ақлли-ҳушли, яхши хонадон қизи Аминани тавсия қилишади. Ҳар икки томоннинг суриштируви натижасида Мустафо ва Амина унаштирилади.

Аминани қўрқув босади. Биринчидан, оиласини ташлаб кетишдан изтиробга тушса, иккинчи тарафдан, миясига атрофдагилар томонидан ўрнатилган “қайнона золим, қайнона жоҳил, қайнона зулмкор” каби фикрлар тинч қўймасди. Қўни-қўшни бўлмиш келинлар қайнонадан кўрган дард-аламларини айтавериб қиз бечорани қўрқитиб қўйишганди.

Бу орада ҳар икки хонадоннинг орасига совуқчилик солиб, бир-биридан айнитмоқчи бўлган кўролмас фитначилар ҳам чиқиб қолади. Аммо оқил инсонлар ҳисобланмиш Мунаввархоним ва Аминанинг отаси Маҳмуд оға ҳам бундай қутқуларга учмайди.

Мунаввархоним Аминаларникига меҳмонга келганда негадир Аминанинг барча қўрқувлари буткул тарқаб кетади. Биринчи марта кўраётган бўлишига қарамай, ўзини Мунаввархонимнинг қизидек ҳис қила бошлайди. Бунга сабаб Мунаввархонимнинг юзидаги нур, илиқлик, табиатидаги ҳалимлик эди.

Чиндан ҳам Мунаввархонимда дунёдаги жамики яхши фазилатлар, хулқ-атворлар жамланиб, сийратидаги пок нур юзига балқиб чиққанди. Эсини танибдики, нафси билан курашиб, ўзини давомий тарбиялаб келган Мунаввархонимни барча бараварига ҳурмат қиларди. Шундай аёлнинг ўғли Мустафо ҳам, албатта, тенгқурларига нисбатан анча ақлли, тарбияли, солиҳ фарзанд бўлиб етишганди.

Ҳаммага фақат яхшилик соғинувчи Мунаввархоним Аминани келин қилиб олгач ҳам ўзини қайнонадек эмас, чин меҳрибон онадек тутди. Аминани ўз қизим деб қабул қилди. Амина ухлаб ётган қайнукаси Алининг устига билмай қайноқ сув тўкиб юборганида бу айбни ўз бўйнига олди. Ҳеч кимга Амина тўкканини сездирмади.

Ўз ўрнида Амина ҳам яхши келин, яхши қиз бўлишга ҳаракат қилди. Зеро, катта арава қаерга бошласа, кичиги ҳам ўша йўлдан юради. Мунаввархонимдек ақлли, тажрибали, вазмин қайноналар бор хонадонда файз-барака, тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат аримайди.

Таҳлил:

Мунаввархоним ҳам ўз ўрнида келин бўлган, зулм кўрган, ҳақсизликларга учраганди. Аммо ўзидаги юксак одоб, ахлоқ, яхши фазилатлар билан ундай синовларни енгиб чиққан. Қайнонага ёки келинга зуғум қилиш, азоб бериш, камситиш унинг тарбиясига, қадриятларига, умуман, табиатига бутунлай ёт эди. Чунки Мунаввархоним оналик, қайноналикдан ҳам кўра, аввало, ўзини инсон ҳисобларди. Инсонийликда эса ҳатто бирор жонзотга озор бериш ҳам айб саналади.

Мунаввархонимнинг фикрича, келин кимнингдир кўзининг оқу қораси, асраб-авайлаб ўстирган гули. Шундай экан, бу гулга озор беравериш, ҳуда-беҳудага тергаб ранжитавериш инсофдан эмас. Зеро, қайнонанинг келинда ҳаққи бўлгани сингари келиннинг ҳам қайнонада ҳаққи борлигини, ҳар икки томон ҳам ўз ҳақларини ҳалол ва тўлиқ адо қилса, олам гулистонлигини Мунаввархоним чуқур англайди.

Яъни келин қайнонанинг ҳурматини жойига қўйса, парваришини қилса, хизматини оғринишларсиз бажарса, қайнона ҳаққини, бир ёши улуғ инсоннинг, турмуш ўртоғининг азиз волидасининг ҳаққини адо этган бўлади.

Шунингдек, келин ҳам бировнинг фарзанди, бир банда. У иззат қилиниши, ширин сўздан баҳраманд бўлиши ва ҳоказолар унинг ҳаққи саналади. Ҳозирги кунда кўплаб қайноналар шу жиҳатни назардан қочиришяпти. Келинни худди ўз шахсий буюми ёки қулидек кўриб, озор беряпти. Оқибатда, кўплаб низолар, кўнгилҳолликлар келиб чиқмоқда.

Асарда муаллиф Мунаввархоним образи орқали ҳамма қайнона ҳам “қайнаб” турмаслигини, зулмкор эмаслигини, қайнонами, келинми аввало инсон сифатида ўзини ўзи тарбия қилиши лозимлигини кўрсатади.

Бундан ташқари романда етимнинг бошини силашдаги хайр, тўй-маъракалардаги исрофгарчилик, ортиқча урф-одатлар ҳақида ҳам гап боради.

Ким бўлишидан қатъи назар, ҳаммамиз Аллоҳнинг бандасимиз. Шундай экан бир-биримизга озор беришга, турткилашга, адолатсиз тергашга ва камситишга ҳақли эмасмиз. Шахс ўз-ўзини доимий назорат қилса, ахлоқий жиҳатдан тафтиш қилса, адолат билан қарор чиқарса, жамиятда иллат камаяди. Турли фожиаларнинг олди олинади.

Оила жамиятнинг энг кичик ва асосий бошланғич бўғинидир. Қайнона-келин жиққамушт хонадонда фарзандларнинг кайфияти, табиати яхши бўлмайди. Шундай экан барча қайноналар Мунаввархонимдан, барча келинлар Аминадан ибрат олишлари лозим.

Гуласал Қодирова, китобхон


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Қайнона” – барча қайнона ва келинларга ўрнак бўлувчи асар