16 102
Зарина Низомиддинова: "Тўй хизматлари, пластик жарроҳлик ва исми ўзгаргани ҳақида..."
У ҳамиша гап–сўзлар нишонида. Ўзининг айтишича, бу каби эътибор баъзан малол келади. Ахир у ҳам ҳамма қатори ҳаёт кечиришга, ижод қилишга ҳақли, аммо... Истеъдодли актриса Зирани НИЗОМИДДИНОВА билан омадли ва аксинча уятга қўйган роллари, миш–мишлар ва шахсий ҳаёт тўғрисида суҳбатлашдик.
— Айни кунларда «Саодат» сериалининг иккинчи фаслида суратга тушяпсиз. Ижодий жараён ўзингизга маъқул бўляптими?
— Илк маротаба сценарий билан танишганимдаёқ сериал ғояси менга маъқул келган. Албатта, холис баҳони томошабин беради, шундай бўлса-да, сериал омадли чиқишини ва кўп сонли аудиторияга эга бўлишини тахмин қилгандим. Ҳақиқатан ҳам сериал ўзини оқлади. Телевидение доирасида «Саодат» «Йилнинг энг яхши сериали» мукофоти билан тақдирланди. Бугун қаерга бормай, ҳамма мени «Саодат» дея чақиряпти. Ижодим давомида ўзим учун англаганим шуки, одамлар қаҳрамонингизнинг исми билан чақиришса, демак роль замонамиз қаҳрамонларидан бирига айланиб улгурган. Менга «Саодат» дея янги исм қўйишганидан хурсандман. Айни кунларда сериалнинг иккинчи фасли суратга олиняпти.
— Сериалнинг биринчи фаслидан сўнг бошқа режиссёрлардан ҳам таклиф бўлгандир?
— Ҳа! Аммо сериалларда суратга тушишни давом эттирмоқчи эмасман. Агар «Саодат» сингари сценарийси яхши ёзилган телеасар бўлса бажонидил, ҳозирча ундайи бўлмаяпти. Аҳамият берган бўлсангиз кинодаги ролларим ҳам камайиб кетди.
— Фильмдаги ролларингизга ҳали қайтамиз, «Саодат»даги қаҳрамонингизнинг кейинги тақдири ҳақида озроқ маълумот бероласизми? Томошабинларга қизиқ-да, иккинчи фаслида қандай воқеалар бўлиши...
— Барча тафсилотларни айтолмайман-у, аммо сериалнинг иккинчи фаслида кутилмаган бурилишлар, ҳаяжонли лаҳзалар ва севги учбурчагини кўришингиз мумкин. Жамила Ғофурова гавдалантирган қаҳрамон қандай қилиб бўлса ҳам эрини қайтаришга уринади. Бош қаҳрамонлардан бирини ижро этган Улуғбек Қодиров персонажи эса Саодатга кўнгил қўйган бўлади. Аммо уни Йигитали Мамажоновннг қаҳрамони ҳам ёқтиради. Хуллас, Саодат икки томонлама севги учбурчагига тушиб қолади. Ёдингизда бўлса, сериалнинг биринчи фаслида Саодатнинг акаси вафот этади, аммо унинг ҳаёти қандай ўтгани кўрсатилмайди. Сериалнинг иккинчи фаслида ана ўша персонажнинг ҳаёти ҳикоя қилинади.
— Юқорида кинода ролларингиз камайиб кетганини айтдингиз. Аммо клипларда суратга тушяпсиз?
— Клиплар у қадар кўп эмас, бир–бир кўриниб қоламан, холос. Кинода суратга тушмаётганимнинг сабаби яхши сценарийларнинг йўқлигида. Аҳамият берган бўлсангиз, охирги пайтларда пичоққа илинадиган фильмлар кам ишланяпти. Юки борларида ҳам бир–икки нафар таниқли актрисалар иштирок этишади, холос. Енгил–елпи картиналарда суратга тушгандан кўра, вақтинчалик кинода кўринмай турганим маъқул. Ростини айтганда, йилига 5-6 та фильмда роль ўйнайдиган даврдан ўтганман. Актриса сифатида озми–кўпми ўз мухлисларим бор.
— Яхши, клиплар-чи?
— Асли клипларда роль ўйнаш актриса учун «минус» фикримча. Шунга ҳам уларнинг сонини кўпайтираётганим йўқ. Гонорар масаласида аниқ нарҳни белгилаб қўйганман, агар бу клип ижодкорларини қониқтирса, ҳамкорлик масалани ўйлаб кўришим мумкин.
— Кинодаги ролларингизга ҳам нарх белгиланганми?
— Йўқ! Фильмда мени сценарийнинг қай даражада мукаммаллиги қизиқтиради, пулига қарамайман, рости. Сўнгги пайтларда гонорари катта бўлса ҳам сценарийси ёқмаса, рад этяпман. Негаки, енгил–елпи роллар билан кўринишни истамайман. Авваллари, сценарийси саёзроқ учта картинада суратга тушсам, кетидан тўрт–бешта юки бор ролларим бўларди. Айтмоқчиманки, мувозанат бузилмасди. Афсуски, бугун ундай эмас.
— «Яхши сценарий йўқ» дея таклифларни қайтараверсангиз, охир–оқибат умуман чақирмай қўйишса-чи?
— Режиссёрлар ҳам анойи эмас, яхши сценарий бўлса, актриса рад этмаслигини билиб, ишонч билан таклиф билдиришади. «Ҳамроҳ» фильмига чақиришганди, аммо бош қаҳрамоннинг вафот этиши ва руҳ образида намоён бўлишини билиб, розилик бермадим. Ўзбек томошабинлари учун янги жанр, кино яхши чиқиши керак дея ўйлангандим. Бунинг устига ҳар доимги ролларимдан фарқ қиларди. Аммо онам кўнглига олиб, унамадилар. Билишимча, бу роль Юлдуз Ражабовага насиб этди.
— Ҳа, «Ҳамроҳ»даги бош ролни Юлдуз ижро қилди.
— Триллер жанри бўлса ҳам фильм «портлаш» қилолмади, билишимча. Балки рекламага эътиборни кучайтириш керакмиди...
— Картина премьерасида бўлдингизми?
— Йўқ, фурсат бўлмади. Лекин имкон топиб албатта томоша қиламан.
— «Ҳамроҳ» фильмининг жанри ҳам, мавзуси ҳам бизнинг томошабинлар учун янгилик. Негаки, улар маиший муаммолар асосида суратга олинаётган киноларга ўрганиб қолишган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам картина кутилганидек оммалашмагандир?..
— «Руҳ 513» фильмини эслайсизми? Жуда катта шов–шув бўлганди. Тўғри, у пайтлари фильмлар бугунгидек кўп бўлмаган, аммо картина трейлерининг ўзини томоша қилибоқ этим жимирлаб кетганди. Нима бўлганда ҳам «Ҳамроҳ» ижодкорларига омад тилайман!
— Зарина, пайтдан фойдаланиб, клиплардаги гонорарингиз суммасини сўрасам, айтасизми?
— Хафа бўлмасангиз, бу ҳақида суҳбатлашмасак.
— Ихтиёрингиз. Балки бу ҳақида Шоҳруххондан сўрармиз, ахир у билан тез–тез ҳамкорлик қилиб турасиз. Ё ўзаро шартнома борми ўртангизда?
— Шоҳруххонга ҳеч қачон гонорар ҳақида гапирмаганман, бу ижодкор билан кўп йиллик дўстмиз. Гонорар масаласини унинг ўзи ҳал қилади ва мен бунга қарши эмасман. Ўртамизда ҳеч қандай шартнома йўқ, шунчаки бир–биримизни қўллаб–қувватлаймиз. Экранда бир–бирига мос тушадиган партнёрлар бўлади. Биз Шоҳруххон билан шундаймиз. Қолаверса, иккимиз роль ўйнаган мусиқий кетма–кетлик тез фурсатларда оммалашяпти.
— Асалнинг рашки келмаяптими ҳамкорлигингизга?
— (кулади) Йўғ-э, Асал билан дугонамиз. Съёмка жараёнларида қўнғироқлашиб, баъзан ёзишиб турамиз. Шоҳруххон билан аввалдан танишмиз ва Асал буни яхши билади. Шунга ҳам қизғанмайди. Бунинг устига Асал характеримни жуда яхши билади. Мендан рашк қилиш хаёлига келмайди ҳам.
— Зарина эпизодик ролларни ёқтирмайди, деган гапни эшитдим. Ростми шу?
— Тўғри эшитибсиз. Эпизод ролга рози бўлишим мумкин, агар у фильмнинг мазмун–моҳиятини очиб беролса, албатта. Бирров кўриниб қўйишни эса истамайман. Томошабинлар кулгуга олишмайдими, «Номига кўриниб қўйибдими?» дея. Отамнинг вафотидан сўнг қаттиқ депрессияга тушиб қолгандим. Руҳий мувозанатингиз бузилганида ўй–хаёлларингиз, бажараётган ишингизни назорат қилолмас экансиз. Менда ҳам шундай бўлди. Бир режиссёрнинг таклифи билан унинг фильмида суратга тушдим. Съёмка ишлари Кумушконда бўлиб ўтди. Онам мени ҳамиша қўллаб–қувватлаб келган, ижодимда ҳам энг яқин маслаҳатчим. Аммо улар ҳам сезмай қолганлар, саёз картинага розилик билдириб қўйганимни. Хуллас, енгил–елпи фильмларимни яна биттага кўпайтириб, қилган ишимдан жуда қаттиқ пушаймон бўлдим.
— Фильм экранларга чиқдими?
— Йўқ, чиқмасин ҳам. Буни нимага айтдим, эпизод ролларда ҳам шундай бўлиши мумкин. Бир марта кўриниб қўйишингиз, бутун актрисалик фаолиятингизга доғ туширади. Яхши эпизодик образларим ҳам бор, мисол учун Жавлон Шодмонов картинасидаги ижром. Қамара Камалованинг фильмида ҳам эпизод ролим бор, у ҳам омадли чиққан.
— Бундан бир неча йиллар аввал «Хонандаликка қайтдим» дегандингиз. Янгилик бўлмади-ку?
— Хонандалик фаолиятини бошламоқчи эдим, аммо иккиландим. Кейин, актрисалигимни қила қолай дея, қўшиқчиликка эътибор бермай қўйдим. Тўғрисини айтаман, қўшиқ куйлаган бўлсам ҳам бирор марта тўйга чиқмаганман.
— Тўйлар ҳақида сўз очганингиз айни муддао бўлди. Бундоқ қарасам, фақат сиз қолибсиз бошловчилик билан шуғулланмаётган?..
— Мен қатори актрисалардан, Асал ва Шаҳзода Матчановани ҳам айтишингиз мумкин, тўйларда бошловчилик қилмаяпти, дея. Фикримча, тўй хизматлари қайсидир маънода актрисанинг мавқеига таъсир кўрсатади. Катта гапиришни истамайман, бир кун зарурат пайдо бўлса, балки тўйга чиқарман. Ҳарқалай бошловчилик ҳам пул туради. Тўйларни олиб бориш таклифи билан кўплаб мурожаатлар бўлади, баъзан гонорарини эшитиб, ўйланиб ҳам қоламан. Бироқ розилик билдирмайман. Биринчидан, бошловчилик қилишни билмайман. Тўғри, истасам ўрганиб олишим мумкин. Лекин тўй хизматларига эҳтиёж сезмаяпман.
— Актрисалик фаолиятига таъсир қилади, деганда нимани назарда тутдингиз?
— Клип, реклама, кўрсатув ва телелойиҳаларда қатнашиб турсангиз дуруст. Аммо ҳар куни, ҳатто кунора ё ҳафтада икки марта бўлса ҳам тўйларда кўринаверсангиз, сизга ҳамма қатори қарай бошлашади. Сиз билан мулоқот қилиш осон бўлиб қолади. Менимча, актриса томошабин билан маълум масофани ушлаб туриши лозим.
— Ҳамиша гап–сўзлар нишонида эканлигингиз сир эмас, тўғрими?
— Нимасини айтасиз.
— Ижтимоий тармоқлардан бирида сиз ҳақингизда «ўзбек Ким Кардашяни» дея изоҳ қолдирилганидан сўнг унга жавобан фикр билдирдингиз. «Зарина қаттиқ гапирди» дея шов-шув қилишди-ю, фикримча, хотиржам ёндошгансиз?
— Инстаграм саҳифамда уйимни видеога олиб, «Фотошоп» деганлар учун атай жойладим. Кўришсин, менга «фотошоп»нинг ҳожати йўқ. Кўзгу ўзида шундай ракурсни акс эттирадики, гоҳи тасвир бошқачароқ чиқади.
— Ким Кардашянга ўхшатишганидан жаҳлингиз чиқдими ёки йўқ?
— Нега энди аччиғим келсин, келишган, чиройли аёлга ўхшатишяптими, хурсандман. Вақтларини қизғонмай, мен ҳақимда шунча фикр билдиришяпти-ку ахир, миннатдорман барчаларидан.
— Пластик жарроҳликка мурожаат қилганингизни инкор этасиз, шундайми?
— Ҳа! Ҳеч қачон пластик амалиётдан фойдаланмаганман. Икки ярим йилдан буён қоматимни коррекциялаш мақсадида спорт залида шуғулланаман. Кунора уч соатдан машқ қиламан. Бор сирим шу. Турмушдан ажрашганимдан сўнг ҳаддан ташқари озиб кетдим. Қоматимни тартибга келтирмасам бўлмайди дея, шуғулланаётганимни ҳамма ўзича гап қилди. Аслида эса барининг ортида меҳнат ётибди. Гўзаллик салонига борсам ҳам, қизлар сочимни суриштиришади, «Ўзингизникими ё уламами?» дея. Сочларим ўзимники, табиий шундай.
— Келинг мавзуни ўзгартирсак, ўғлингиз бу йил нечанчи синфга боряпти?
— Тўртинчи синф ўқувчиси бўлди.
— Унинг тарбияси билан асосан онангиз шуғулланади. Бувисининг боласи гапингизга қулоқ соладими?
—Ўғлим учун ҳам ота, ҳам онаман. Тан оламан, жуда қаттиққўлман. Нимаки истаса, барчасини муҳайё қиламан, аммо шунга яраша яхши ўқиши керак. Онам уни эркалатишлари рост, лекин бирор нима қилишдан олдин «Ойингдан сўра» деб турадилар.
— Отаси билан кўришиб турибдими?
— Йўқ, отаси билан кўришмайди.
— Сўраб турса керак, у ҳақида?
— Йўқ. Темирхоннинг отаси кўп нотўғри ишларни қилди. Шунгами билмайман, ўғлим у ҳақда сўрамайди. Туғилган кунида табрикламайди, тарбиясида иштирок этмайди. Балки шунгадир, ўз отасига қизиқмайди.
— Темирхоннинг актирса эканлигингизга муносабати қандай? Партнёрларингиздан ғаши келмайдими?
— Ўғлим кино билан ҳақиқий ҳаётни бир–биридан ажрата олади. Партнёрларимдан сира қизғонмаган. Лекин кўча–куйда одамлар билан кўришиб, сўрашиб қолсам, «Ойижон, у ким?» дея сўроқлайди.
— Инстаграм саҳифасида бир миллион кузатувчига эга актриса сифатида қайд этилдингиз. Бу сизга нима берди?
— Айтарли ҳеч нима. Шунчаки, саҳифамни кузатадиганлар сони бир ярим миллионга етди, холос.
— Саволларга рўйи–рост жавоб берганингиздан миннатдормиз. Ишларингизга ривож тилаймиз!
— Раҳмат!
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда