
Польша миллий терма жамоасида кутилмаган йўналишда ўзгариш юз берди – бош мураббий Михал Пробеж лавозимини тарк этгани расман эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат футбол иттифоқи (PZPN) расмий баёнот тарқатди.
Унинг кетишига сабаб сифатида жамоа ичидаги зиддиятлар, жумладан, машҳур ҳужумчи Роберт Левандовски билан юзага келган келишмовчилик кўрсатилмоқда. Аввалроқ сардорлик боғичидан маҳрум этилган Левандовски Пробеж бошқарувида майдонга тушмаслигини маълум қилган эди. Бу воқеа Польша матбуотида катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Михал Пробеж вазият юзасидан шундай изоҳ берди:
"Мазкур мураккаб шароитда терма жамоа манфаатини инобатга олган ҳолда, лавозимни тарк этиш энг тўғри қарор деб ҳисоблайман. Польша терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаш – ҳаётимдаги энг юксак шарафлардан бири бўлди".
Унинг бошчилигида Польша терма жамоаси 21 учрашувда иштирок этиб, 10 та ғалаба, 4 та дуранг ва 7 мағлубият қайд этди. Бир қарашда, натижалар ёмон эмасдек туюлиши мумкин, аммо охирги босқичда жамоанинг ўйинида барқарорлик етишмаётгани, айниқса, ЖЧ–2026 саралашда Финляндияга 1:2 ҳисобида ютқазилгани муаммони янада авж олдирди.
Ҳозирги кунда Польша терма жамоаси G гуруҳида 3 ўйинда тўплаган 6 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. Аммо мураббийнинг кетиши ортидан жамоа қандай йўлни танлаши ва сардор Левандовскининг тақдири қандай бўлиши катта қизиқиш уйғотмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар