Роберт Левандовски MLSга йўл олмоқда: Полшалик юлдуз Чикаго Фире билан келишувга эришди

Европа футболининг сўнгги ўн йилликдаги энг кучли ҳужумчиларидан бири Роберт Левандовски фаолиятини океан ортида давом эттиришга яқин турибди. Полшалик тўпурар Америка Қўшма Штатларининг Чикаго Фире клуби билан келишувга эришгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу трансфер MLS (Шимолий Америка футбол лигаси) учун Лионель Месси келганидан кейинги навбатдаги энг йирик воқеликка айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
The Athletic нашрининг маълумотларига кўра, 37 ёшли ҳужумчи Чикаго Фире билан икки йиллик шартнома бўйича келишиб олган. Роберт Левандовски Барселона билан шартномаси якунлангач, эркин агент мақомида АҚШга йўл олади. Таъкидлаш жоизки, футболчига Италиянинг Милан клуби ва Саудия Арабистони жамоаларидан ҳам жиддий қизиқишлар бўлган, бироқ полшалик юлдуз фаолиятини Шимолий Америкада давом эттиришни маъқул кўрган.
Янги чақирув ва юқори маош
Левандовски шу ой бошида Чикаго шаҳрига ташриф буюриб, клубнинг инфратузилмаси ва лойиҳалари билан шахсан танишиб чиққан. Тахминларга кўра, у лигадаги энг кўп маош олувчи футболчилардан бирига айланади. Чикаго Фире бош мураббийи Грегг Берҳалтер жамоага жаҳон даражасидаги юлдузларни жалб қилиш ниятида эканини яширмади. Унинг сўзларига кўра, Левандовски нафақат клуб, балки бутун лига нуфузини оширишга хизмат қилади.“Биз жаҳон даражасидаги ўйинчиларни таркибга қўшиб олишга ҳаракат қиляпмиз. Левандовски даражасидаги футболчининг келиши Чикаго шаҳри учун ҳам катта совға бўлади. Биз уни маҳорат борасида Лионель Месси билан бир қаторда кўрамиз”, — дея таъкидлади Берҳалтер.
Чикагодаги полшаликлар ва келажак режалари
Ушбу трансфернинг амалга ошишида Чикаго шаҳрида полшалик муҳожирларнинг кўплиги ҳам муҳим рол ўйнаши мумкин. Роберт Левандовски келиши орқали клуб ўзининг янги МкДоналдъс Парк стадионига кўпроқ мухлисларни жалб қилишни режалаштирган. Полшалик ҳужумчи Европани ҳақиқий афсона сифатида тарк этмоқда — у Барселона сафида тўрт йил ичида ўзининг учинчи чемпионлик унвонини қўлга киритишга улгурди.Шуниси қизиқки, Чикаго Фире фақатгина Левандовски билан чекланиб қолмоқчи эмас. Хабарларга кўра, клуб ҳужумчининг ёрдамида унинг Бавария жамоасидаги собиқ жамоадоши Леон Горецка билан ҳам музокаралар ўтказишни мақсад қилган. Агар ушбу трансферлар амалга ошса, Чикаго жамоаси MLSнинг энг кучли таркибларидан бирига эга бўлади.






























Изоҳлар 0
…