date

Ўзбекистон терма жамоасига Каннаваро келишининг қандай плюслари бор?

Ўзбекистон терма жамоасига Каннаваро келишининг қандай плюслари бор?

Мураббийлик тарихида катта натижалари билан мақтана олмайдиган мутахассис ниҳоят ўз сўзини айта оладими? Унинг тайинланишининг қандай афзалликлари бор?

Ниҳоят Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихидаги биринчи жаҳон чемпионатига қайси мураббий қўл остида бориши маълум бўлди. ЎФА италиялик Фабио Каннаварони янги бош мураббий сифатида расман эълон қилди ва унинг иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди. Шартнома 2+3 шаклида тузилган бўлиб, собиқ бош мураббий Темур Кападзе ҳам камида жаҳон чемпионати тугагунча Каннаварога ёрдамчилик қилади.

Фабио Каннаваро ким?

Фабио Каннаварони ёш футбол мухлислари яхши танимаслиги мумкин. У аср бошларида дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлган, «Олтин тўп»га лойиқ кўрилган сўнгги ҳимоячи бўлиб турибди. «Ювентус» таркибида Италиянинг, «Реал» таркибида Испаниянинг икки карра чемпиони ҳисобланади. «Парма» билан УЕФА кубоги соҳиби бўлган. Унинг энг катта ютуғи эса албатта, «скуадзурра» билан 2006 йил Германияда ўтган мундиалдаги зафардир. Фабио Каннаваро ўша жамоанинг сардори эди ва айнан шу чемпионлик туфайли йил охирида Зидан, Роналдинио каби футболчилар билан рақобатда «Олтин тўп»ни қўлга киритган.

Вадим Абрамов ҳақ – «афсуски, Каннаваро Ўзбекистонда футбол ўйнамайди, балки мураббийлик қилади». Каннаваро қандай мураббий деган савол биз муҳим муҳимроқ, зеро амалиётга қаралса, энг яхши футболчилар мураббий сифатида муваффақият қозона олмаслиги ёки аксинча, футболчилик пайтида ўртача, ҳеч ким танимаган шахслар кейинроқ топ мураббий бўлиши ҳолатлари жуда кўп. Ўзбек футбол мухлисларини энг кўп хавотирга солаётган жиҳат ҳам мана шу – Каннаваро 2014 йилда фаолиятини тугатиб, мураббийлик соҳасига кириб келган бўлса-да, ўтган вақт ичида унинг «пичоққа илингулик» натижаларини топа олмаймиз. Табиийки, ҳатто жаҳон чемпиони Йоахим Лёвга қарши бўлган, Паулу Бентунинг Кападзедан устун жиҳатларини тан олмаган ўзбек футбол жамоатчилиги учун якунда Каннаваронинг тайинланиши бошдан «совуқ сув қуйиб юборгандек» бўлди.

Фабио Каннаваронинг мустақил мураббийлик фаолияти 2014 йилда Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» клубида бошланган. 2015/16 йиллар мавсумида у Саудиянинг «Ан-Наср» клуби мураббийи сифатида ишлаган, аммо мавсум якунига етмасдан истеъфога чиқарилган. Сабаб сифатида жамоада ўсиш кузатилмаётгани ва қўйилган вазифалар бажарилмагани кўрсатиб ўтилган.

2016 йил ёзида Фабио Хитойнинг бошқа жамоаси «Тиянцзин» билан шартнома имзолайди. Жамоа Каннаваро бошчилигида Суперлигага чиқиб, илк мавсумида 3-ўринни қўлга киритади. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, Каннаваро келганида жамоа деярли Суперлигага чиқишга яқин қолган, жамоа таркиби эса анча кучайтирилганди. Клуб янги ҳомий ёрдамида кучайишни бошлаган ва 2016 йил бошида 40 миллион (Хитойда 3-кўрсаткич) евро сарфлаб, таркибига Жадсон, Луис Фабиано каби машҳур футболчиларни олиб келганди. Ўша мавсум якунига кўра Каннаваро Хитойнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.

2017 йилда у яна «Гуанчжоу»га қайтади ва жамоа билан 2018 йилда Хитой Суперкубогини, 2019 йилда чемпионликни қўлга киритади. Каннаваро ушбу клубда 2021 йил кузигача ишлайди, орада эса Хитой миллий жамоасига ҳам жалб қилинади. Аммо икки ойга бормай Фабио Хитой миллий жамоасидан истеъфога чиқарилган.

Каннаваронинг 2021-2025 йилларда Европага қайтиши ҳам кўнгилдагидек кечмаган. «Беневенто», «Удинезе», шунингдек Хорватиянинг «Динамо» Загреб клубидаги фаолият узоққа чўзилмаган ва ҳар сафар бир йилга бормай истеъфо рўй берган. «Динамо» билан Фабио чемпионатда 2-ўринни олган бўлса-да, бу қаторасига 18 йилдан бери чемпионликни бошқага бермаган клуб учун муваффақиятсизлик эди. Шу билан бирга, Хорватиядаги фаолиятида Каннаваронинг ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Милан» устидан қозонган ғалабасини (2:1) алоҳида қайд этиш мумкин.

Хулоса қилиш мумкинки, Каннаваронинг фақат «Гуанчжоу»даги фаолиятига қониқарли баҳо бериш мумкин, бошқа лойиҳалар муваффақиятли чиқмаган.

Нега Кападзе эмас?

Аслида ЎФА томонидан бош мураббийни алмаштириш қарори анча аввал, миллий жамоа жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганидан кейиноқ бошланган. Ҳатто бундан ҳам олдин, Сречко Катанец билан шартнома бекор қилингандаёқ чет элдан бошқа мураббий олиб келиш фикри бўлгани эҳтимоли юқори, шунчаки, у пайтда олдинда расмий ўйинлар кутиб турган, йўлланма масаласи ҳал қилинмаган палла эди. Қисқа муддатда, тағин муҳим вазифа учун жамоани қабул қилишга хорижлик мураббий рози бўлмайди. Шунинг учун жамоа таркибига энг яқин бўлган вариант сифатида Темур Кападзе вақтинчалик мураббий сифатида танланган. Ўша пайтлардаёқ Кападзе унинг ЎФА билан шартномаси 2025 йил ноябригача эканини айтганди.

Аммо Кападзе миллий жамоани анча яхши бошқариб, белгиланган вазифани уддалагани, айниқса, Эрон ва Қатарга қарши кўрсатилган анча дадил ва ишончли ўйин ушбу мураббийни футбол мухлислари, журналистлари, жамоатчилиги олдида бу вазифа учун энг лойиқ мураббий сифатида гавдалантирди. Уни алмаштириш, бошқа мураббий олиб келиш фикри мантиқан нотўғридек туюла бошлади. Буни нафақат Каннаваро, балки анча тажрибали Лёв ёки Бенту вариантлари пайдо бўлганидаги салбий реакциядан ҳам билиш мумкин. Аммо шуниси аниқки, ЎФАда жаҳон чемпионати учун айнан катта мусобақалар учун тажрибага эга хорижлик машҳур мураббий олиб келиш фикри анча аввалдан бўлган, орада ўтган уч ой вақт эса мана шу талабларга жавоб берувчи мутахассис топиш ва музокаралар учун кетди.

Нега Каннаваро?

Фабио Каннаваро исми пайдо бўлишидан олдин бир қатор мутахассислар борасида турли даражадаги хабарлар чиқиб турди. Аввалига германиялик мутахассис Йоахим Лёв варианти муҳокама қилинган бўлса, кейинчалик Фотиҳ Терим, Слеван Билич исмлари учради, Паулу Бенту ҳатто Тошкентга келиб кетди ҳам. Маълум бўлишича, Иоаҳим Лёв рад жавобини берган ва умуман мураббийликка қайтмоқчи эмаслигини айтган. Бенту билан молиявий шартлар бўйича томонлар келиша олишмаган, Терим ёки Билич кабилар билан эса умуман музокара ўтказилмаган.

Ўша пайтларда ЎФА ахборот хизмати раҳбари сифатида ишлаган Даврон Файзиевнинг «Марказий сектор» подкастида маълум қилишича, ЎФА миллий жамоага услубан мос келадиган мутахассис топиш учун хориж таҳлилий компанияга мурожаат ҳам қилган. Таҳлилларга кўра, футболчи сифатида Италияда ўйнаган Сречко Катанецнинг мураббийлик мактаби ҳам айнан шу юрт услубига яқин келади. Шу сабабдан Катанецнинг Ўзбекистонда шакллантирган жамоаси услуб, қадриятлар, ғоя жиҳатидан Италия футболига энг яқин деб баҳоланган. Шу туфайли айнан италиялик ёки Италия футболи услуби билан яқин бўлган мутахассисларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ деб тавсия қилинган. Фабио Каннаваро мураббий сифатида Италияда кўп ишламаган бўлса-да, унинг футболга бўлган қарашлари, футболчи сифатида унга устозлик қилган мураббийларнинг италиялик бўлгани аҳамият касб этган. Табиийки, янада чуқурроқ излаш ва узоқроқ музокаралар учун вақт ҳам камайиб борганини ҳам таъкидлаш керак.

Яна шуни эътиборга олиш керакки, биз фақат ЎФА қайсидир маънода ҳоҳлаган номларни биламиз, аслида ташкилот рад қилган мураббийлар ҳам кўп.

«Мен миллий жамоамизни қабул қилишга тайёр бўлган ва шундай таклифни кутган бир қатор мураббийларни шахсан биламан. Аммо балки ўша мураббийлар ЎФАнинг баъзи ўлчовлари бўйича тўғри келмаган бўлиши мумкин. Биз ассоциация рад қилган мураббийларни билмаймиз, ўйлайманки, у рўйхат анча узунроқ», – дейди таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев.

Осиё кубогига ҳам Каннаваро билан

Шартнома муддати аввалроқ кўпчилик айтаётганидек 1+4 эмас, 2+3 кўринишида тузилди. Бу Фабио Каннаваро жамоани нафақат жаҳон чемпионатига, балки 2027 йил январида бўлиб ўтадидан Осиё кубогига ҳам тайёрлашини англатади. Темур Кападзе ёрдамчи мураббий сифатида Каннаварога ўзбек футболи билан танишиш, жамоага номзодлар ҳақида маълумотларга эга бўлишда яқиндан кўмак беради. Темур фақат жаҳон чемпионати якунига қадар ёрдамчилик қилиши ва шундан сўнг ўз йўлидан кетиши кутилмоқда. Албатта у Суперлигадаги бирор клубни бошқарган ҳолда ҳам Каннаварога ассисентлик қилиши мумкин.

Италиялик мутахассис Ўзбекистонга узоқроқ вақтга келганини яширмади.

«Бир ой аввал бу ерга ташриф буюрганимда ҳазил тариқасида ишлашга тайёрлигимни айтгандим, бу эса амалга ошди. Албатта, футболчиларни ҳам кузатдим, лекин машғулотларда бу яққол намоён бўлади. Бугун футболчилар билан кўришдик, улар орасида италянчада сўзлашадиганлари ҳам бор. Мураббий ва футболчилар коммуникацияси жуда муҳим. Темур Кападзе билан ҳам йиғинга чақирилган футболчилар борасида гаплашдик. Маҳаллий мутахассислар штабда бўлиши тарафдориман, бу мен учун жуда катта ёрдам беради. Футболчилар менталитети, мамлакат маданиятини тез ўзлаштириш зарур, шу сабаб Равшан Эрматовдан бу ҳақда ўзим ҳам илтимос қилдим.

Суперлига ўйинларини ҳам кузатиб бораман, айтиб ўтганимдек, футболчиларни майдонда кузатиш энг яхши таассуротни беради.

Мен жуда кўп жомадон билан келдим. Мақсадим бу ерда кўпроқ бўлиш, ҳатто велосипедимни ҳам олиб келдим, уни ҳайдашга вақтим бўладими, йўқми билмадим, лекин кўпроқ одамлар орасида бўлишни ёқтираман. Ёшлар ва ўсмирлар жамоаларининг ўйинларини ҳам кузатиб бораман, иштиёқ катта.

Суперлига интенсивлигини ошириш керак, бу борада раҳбарият билан гаплашамиз. Ўйин давомида юқори темп билан қанча кўп ҳаракат қилсак, натижалар яхшилана бошлайди. Футболчилар тикланишлари ҳам жуда муҳим. Клублардаги мураббийлардан ҳам илтимос қилардик, футболчиларнинг кунлик, ҳафталик ёки ойлик кўрсаткичларини юборишса, шунда бизда уларнинг натижалари ўсяптими ёки аксинча билиш имкони бўлади. Жаҳон чемпионатидаги темп умуман бошқа даража, буни ишонч билан айта оламан», - деди Фабио Каннаваро матбуот анжуманида.

Мураббийнинг маошига келадиган бўлсак, расмий хабарлар чиқмасидан олдин Фабио ва унинг штабининг маоши йилига 4 миллион еврони ташкил этиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлганди. Аммо матбуот анжуманида ЎФА вице президенти Равшан Эрматов бу рақамни рад этди.

«Каннаваронинг маоши тўрт миллион евро эмас – деди Эрматов, - икки томонлама келишувга асосан суммани ошкор қила олмаймиз, лекин айтишим мумкинки, сумма баъзилар айтаётганнинг ярми ҳам, ярмининг ярми ҳам эмас».

Каннаваро футболимизга нима беради?

Аввало шуни айтиш керакки, ҳар қандай чет эллик мураббий каби миллий жамоамиз тизимига ва унга бўлган муносабатларда тўғри об-ҳаво олиб кириши мумкин. Каннаваро футбол юлдузи, таққослаганда Купер ёки Катанецга нисбатан жаҳонда анча таниқли шахс. Бу эса ўз навбатида миллий жамоа муҳитида, унга бўлган четдан муносабатлар ёки бошқа мамлакатлар билан музокараларда катта аҳамият касб этади. Шу билан бирга, унинг футболчилик фаолиятидаги муваффақияти маҳаллий футболчилар учун ҳам ўзига хос мотивация бериши мумкин. Ҳар ҳолда қаршисида ҳар қанча кучли мураббий бўлмасин, футболчи сифатида мундиалга чиқа олмаган шахс эмас, «Олтин тўп» соҳиби, жаҳон чемпионини кўриш машғулотларга бўлган муносабатни ҳам жиддийроқ даражага кўтариши мумкин.

Иккинчидан, ўртоқлик ўйинлари, келаси йилги мундиалда ҳам миллий жамоага бўлган эътибор бошқа даражада бўлади. Шунчаки илк бор ташриф буюраётган, таркибида Ҳусанов ўйнайдиган жамоа эмас, Фабио Каннаваро бошқараётган жамоа сифатида медиада алоҳида эътибор бўлиши мумкин. Айтайлик, Италия ёки Бразилия каби жамоалар билан гуруҳдош бўлиб қолсак, «Фабио Италияга қарши» ёки «Устоз ва шогирд баҳси» сарлавҳалари билан қўшимча интригалар пайдо бўлади.

Айнан тактик масалаларда, мураббийлик малакаси, салоҳияти борасида Темур Кападзедан устунми ёки йўқ, буни жамоа иштирокидаги ўйинларни кўрмасдан айтиш мушкул. Бирор бир футболчи ҳақида гап борганда, унинг устунлик ва камчиликлари яққол кўринади, у жамоага нималар бера олишини тахмин қилиш қийин эмас. Лекин гап мураббийлик ҳақида борганда, тахминлар имконсиз. Бир жамоада ўхшамаган ғоялар бошқасида ўхшаб қолиши, зўр натижалар йирик муваффақиятсизликлар билан алмашиб туриши нормал ҳисобланади.

Бундан ташқари, футболда клуб ва миллий жамоада ишлаш принциплари мутлақо фарқ қилади. Каннаваронинг муваффақиятсизликлари асосан клубларда содир бўлгани эътиборга олинса, унинг асосий устунликлари терма жамоалар футболида юзага чиқиши мумкинлигига умид қилса бўлади.

Шунингдек, миллий жамоамизнинг унга эҳтиёжидан ҳам кўпроқ у Ўзбекистонга кўпроқ муҳтожлигини унутмаслик керак.

«Мен энди мураббийман. Менга бу ёқяпти. Ўйинчи бўлганингда фақат ўзингни ўйлайсан, аммо ҳозир кунига 14 соатлаб ишлаяпман, яхши мураббий бўлишни жуда хоҳлаяпман. Бу менинг мақсадим», – деганди у фаолиятини бошлаганида.

Аммо ҳозирча Фабионинг мақсади амалга ошмади, мураббийлик фаолиятида ўзини ҳали Гаттузо, Пирло каби жамоадошлари даражасида ҳам кўрсата олмади. Ўзбекистон миллий жамоаси эса у учун ҳам илинж, бу ерда муваффақият қозониш орқали ўзини кўрсатиши, истеъдодли мураббийлар сафига кириб олиши мумкин. Футболда ўзини исботлаб улгурган, мабодо Ўзбекистонда яхши натижа кўрсата олмаса, асосий сабаб айнан ўзбек футболи кўрсатилиши мумкин бўлган, бошқача айтганда, фақат пул учун келадиган номдор мураббийлардан кўра балки, шуниси ҳам яхшидир. Каннаваро улардан фарқли равишда бор билими, вақти ва истеъдодини ишга солишга мажбур.

Клаудио Раниери узоқ йиллар турли клубларда муваффақиятсиз ишлаб, Моуринио томонидан «омадсиз» тамғаси қўйилгандан кейин ҳам бир неча йил ўтиб «Лестер»ни Англия чемпиони қилгани бунга яққол мисол. Шу туфайли умид қиламизки, Фабио Каннаваронинг бироз хавотирга солувчи мураббийлик тарихи ҳеч қандай аҳамият касб этмайди ва Ўзбекистон ушбу мутахассиснинг ўзига хос «Лестер»ига айланади. Умиддан бошқа тиргагимиз йўқ ҳозирча.

Қ. Асланов

Манба: Kun.uz

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон терма жамоасига Каннаваро келишининг қандай плюслари бор?