Ортиқхўжаев “Динамо”га миннатдорчилик билдирди, баҳс мафтункор бўлди

Суперлиганинг 8-тури доирасида ўтказилган «Пахтакор» — «Динамо» (4:2) учрашувидан сўнг Тошкент клуби президенти Жаҳонгир Ортиқхўжаев Самарқанд жамоасининг кийиниш хонасига кириб, уларнинг чиройли, ҳужумкор ва мардонавор ўйини учун миннатдорчилик билдирди.
Унинг таъкидлашича, бугунги баҳс ҳақиқий футбол руҳини кўрсатган, юксак суръат, кескин кураш ва томошабоп вазиятлар билан эсда қолган учрашув бўлди. Ортиқхўжаев бундай ўйинлар Суперлигани янада қизиқ ва оммабоп қиладиган асосий омил эканини айтди.
«Йигитлар, бу футбол. Мағлубиятга қарамасдан, “Динамо”нинг майдонда кўрсатган мардонавор кураши ва ҳужумкор ўйини учун сизларга ҳамда мураббийлар штабига катта раҳмат», — деди у.
Шунингдек, у ҳазиломуз тарзда Кубок финалида яна учрашиш эҳтимолини ҳам тилга олди ва яна бир бор шундай жонли, очиқ ва ҳужумкор футбол учун миннатдорчилик билдирди.
Ортиқхўжаевнинг бу баёноти мухлислар томонидан ҳам ижобий қабул қилиниб, учрашувнинг спорт руҳи ва рақобат даражаси юқори бўлганини яна бир бор тасдиқлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!