date

"Реал" ғалабани сўнгги дақиқада бой берди, баҳслар яна авж олди...

"Реал" ғалабани сўнгги дақиқада бой берди, баҳслар яна авж олди...

Ла Лига 32-туридан ўрин олган баҳсда "Реал Мадрид" сафарда "Бетис" билан куч синашиб, ғалабани қўлдан чиқарди — 1:1. Учрашув сўнгги дақиқалардаги драматик ҳолатлар ва баҳсли эпизодлар билан ёдда қолди.

Ўйин давомида мадридликлар ҳисобда олдинда бораётган бир пайтда, қўшимча вақтда мезбонлар гол уриб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Мазкур голга олиб келган вазият эса катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Жарима майдонида Антони рақиб ҳимоячиси Ферлан Мендини қўлидан ушлаб мувозанатдан чиқаргани кўпчилик томонидан фол сифатида баҳоланди. Шундан сўнг у тўпни олдинга узатди, тўп Антонио Рюдигер орқали қайтиб, Эктор Бельеринга етиб борди ва у аниқ зарба билан ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди.

Баҳснинг биринчи бўлимида ҳам мунозарали ҳолат кузатилди. Браим Диаснинг зарбасидан кейин тўп Рикардо Родригеснинг қўлига текканига қарамасдан, бош ҳакам Сесар Сото Градо пенальти белгиламади. Бу қарор ҳам меҳмонлар томонида норозилик уйғотди.

Ўйиндан кейин фикр билдирган Альваро Арбелоа ушбу эпизодларни танқид остига олди. Унинг таъкидлашича, Мендига нисбатан очиқ фол бўлган ва бундай вазиятларда кичик таъсир ҳам футболчининг мувозанатини йўқотишига олиб келади. “Бу каби қарорларни тушуниш учун футболни ҳис қилиш керак. Бизда муаммо шундаки, баъзи қарор қабул қилувчилар буни англамайди”, — деди у.

Шунингдек, Арбелоа биринчи бўлимдаги эпизодни ҳам эслаб, ўша вазиятда пенальти белгиланганда ўйин тақдири бошқача бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

"Биз кўп ҳолатларда бўлгани каби хафамиз. Биринчи бўлимда очиқ пенальти бор эди, у билан ўйин тақдирини ҳал қилишимиз мумкин эди, - деди Арбелоа.

Қисқача айтганда, "Реал Мадрид" учун бу учрашув нафақат очко йўқотиш, балки ҳакамлик қарорлари билан боғлиқ баҳслар билан ҳам эсда қолди. Мавсум ҳал қилувчи босқичга кириб бораётган бир пайтда бундай йўқотишлар жамоа учун қимматга тушиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Реал" ғалабани сўнгги дақиқада бой берди, баҳслар яна авж олди...