20:31 / 21.04.2018
2 525

«Ижарадаги ғалаба» ёхуд «Пахтакор» учун 6 очко нақдми?

«Ижарадаги ғалаба» ёхуд «Пахтакор» учун 6 очко нақдми?
Шунча йил ўрганиб қолганимиз Олий лиганинг кушандаси бўлган Суперлиганинг 7-тури ортда қолмоқда. Бугун яна иккита ўйин бўлади, аммо ўша ўйинлар ўтмасиданоқ бир нарсани ишонч билан айтиш мумкин - Суперлига ҳақиқатан ҳам супер чиқиб қолди. Бунақа "камбэк"ларни илгари фақат Европа футболида кўрардик. Ўтган турда "Сўғдиёна" бошлаб берган ишни кеча "Бухоро" ва "Навбаҳор" давом эттирди. Бўларканей! Тоза ўйнаб ҳам "камбек" қилса бўларкан!

Илгари бунақаси фақат Европада бор эди. ЎФФ бир айланиб ЎФАга айлангандан сўнг футболимиз ҳам анча тозаланиб қолди. Келишилган ўйин ва нохолис ҳакамлик ортда қолгани рост бўлсин. Бу иллатлар футболимизни роса бўғиб қўйганди. Кўрдик, клублар тоза ўйнаса, ҳакамлар жамоалар қўлига қарамасдан, тоза ишласа нималар бўлишини. Бу томонлама ЎФА ва ПФЛга гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Энди улардан талаб қилинадиган яна бир иш қолди. Ижара масаласи. Ҳа, гап айланиб яна ўша "Пахтакор"га бориб тақалади.

Суперлиганинг 7-турида "Металлург" ўз майдонида "Пахтакор"ни қабул қилгани ва 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраганини айтмасам ҳам яхши биласиз. Учрайди ҳам-да! "Пахтакор"нинг 5 футболчиси "Металлург"га ижарага берилган - Забихилло Ўринбоев, Акбар Исматуллаев, Суҳроб Нуруллоев, Аббос Отахонов ва Жавоҳир Соҳибов. Икки ўртадаги келишувга кўра улар майдонга тушмади. Мен эса бу ҳақида шундай дейман - ундан кўра ўйинни ўтказмаган маъқул эди. Ўшанда "Металлург"га 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзилган бўларди. Бу эса 0:5 дан кўра яхшироқ. Бир баҳона топса бўларди. Чироқни ўчириб қўйишсин, тамом-вассалом...

Номи юқорида келтирилган 5 футболчи "Металлург"нинг асоси. Модомики бу футболчилар "Пахтакор"га қарши жавоб ўйинида ҳам майдонга тушмаса, "шерлар" яна 3 очкони тортинмасдан ўз ҳисобига ёзиб қўяверсин. Демак, клуб мавсумни +6 очко билан бошлаган бўлиб чиқади. Бу ёғи энди ҳар кимнинг ўз виждонига ҳавола. У ёғини сўрасангиз, "Металлург" дастлабки икки даврани кучли олтиликда якунлай олса, "Пахтакор" билан бир йилда 4 марта ўйнайди. Ҳисоб-китоб қаёққа қараб кетганини тушундингиз. Эҳтимолий "плюс"лар сони 12 очкога бориб тақалди. Шунда ҳам Суперлигада ким чемпион бўлишига шубҳангиз борми?

Аслида бу амалиётдан бошқа клублар ҳам фойдаланади. Аммо уларнинг таъсир доираси бу қадар кенг эмас. Чунки бошқа ҳеч бир клубнинг бир йўла беш нафар асосий футболчиси бошқа жамоадан ижарага олинмаган. Эътиборли томони, Ўринбоев, Соҳибов, Отахонов, Исматуллаев ва Нуруллоевлар фақат "Пахтакор"га қарши ўйнай олмайди. Чемпионликка даъвогар бўлган бошқа жамоаларга қарши эса бор кучи билан ҳаракат қилиши турган гап. Тарози палласи қай томонга яна-да оғиб бораётганини айтиб ўтирмаймиз.

Мақола бошида Суперлиганинг обдон мақтовини келтирдик. Аммо "ижарадаги ўйинлар"га ҳозирдан барҳам берилмайдиган бўлса, "Бунёдкор" ва "Насаф" ҳам ўзига "фарм-клуб" тайёрлаб олсин. Ўшанда адолат бўлади. Аммо савия... Суперлига қолиб ўзимизнинг олдинги "тошойнамиз" - Олий лигани қидириб юрмасак бўлгани.

Ижарага бердингми, мард бўл! Акс-ҳолда ўн марта чемпион бўлсанг ҳам барибир мухлис тан олмайди. Бир вақтлар 35 минг мухлис бир варакайига "Пахтакор", дея ҳайқирганини эшитган одам сифатида айтаман, бу кетишда аввалги "Пахтакор"ни қайтишига анча бор. Қайтса агар...
Абдуллоҳ


Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Ижарадаги ғалаба» ёхуд «Пахтакор» учун 6 очко нақдми?