«Пахтакор» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Ислом Исмоилов нималар деди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Суперлиганинг 25-турида «Нефтчи» клуби «Пахтакор» устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, таъқибчилари билан орадаги фарқни 5 очкогача етказди.
- Бош мураббий Ислом Исмоилов ўйиндаги тактик ўзгаришлар, хусусан, 3-4-3 схемасидан 4-3-3 тактикасига ўтиш ғалабада муҳим рол ўйнаганини таъкидлади.
- Мутахассис жамоанинг 1-ўринда туриши руҳий босимни ошираётганини қайд этиб, ҳали чемпионлик масаласи ҳал бўлмаганини билдирди.
Суперлиганинг 25-тури марказий баҳсида Фарғонанинг «Нефтчи» клуби сафарда «Пахтакор» устидан 3:1 ҳисобида муҳим ва иродавий ғалабага эришди. Натижада фарғоналиклар энг яқин таъқибчиси билан орадаги фарқни 5 очкогача ошириб олди.
Учрашувдан сўнг «Нефтчи» бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этиб, тактик ўзгаришлар, футболчиларнинг руҳий ҳолати ҳамда жароҳатлар борасидаги саволларга батафсил жавоб қайтарди.
«Болалар характер кўрсатишди»: Биринчи бўлимдаги эҳтиёткорлик ва тактик бурилиш
Мураббий жамоасининг биринчи бўлимдаги ҳаракатлари ва танаффусдаги ўзгаришларга қуйидагича тўхталди:
Натижа биринчи ўринда: «Биз биринчи бўлимда кўпроқ эҳтиёткор футбол намойиш этишга уриндик. Сабаби — бундай баҳсларда натижа ҳар доим биринчи ўринга чиқади. Лобановский таъкидлаганидек: ўйин унутилади, натижа тарихда қолади. Ҳужумкор ўйнаб ҳимояда гол ўтказиб юборсак, танқидлар бўлиши табиий;
Схемаларнинг алмашиши: Ўйинни 3-4-3 схемасида бошлаган эдик, аммо ўтказиб юборилган пеналтидан сўнг 4-3-3 тактикасига қайтдик;
Режадаги кучайтириш: «Пахтакор» одатда 60-дақиқалардан кейин фаоллашишини билган ҳолда, иккинчи бўлимда Алишер Одилов ва Аброр Исмоиловни майдонга тушириб қанотларни кучайтирдик. Ўйлайманки, иккинчи бўлимда рақибга деярли ҳеч қандай имконият қолдирмадик», — деди мутахассис.
Руҳий босим: «1-ўринда туриб ўйнашнинг юки бошқача»
Исмоилов жамоанинг кейинги пайтлардаги ҳимоядаги хатоларини футболчиларнинг руҳияти билан боғлади:
Йўқотадиган нарсаси бор жамоа: «Жадвалда 3-ўринда юрганингизда йўқотадиган ҳеч нарсангиз бўлмайди, фақат олдинга интиласиз. Аммо 1-ўринда турганингизда биттагина хато сизни пастга тушириб юбориши мумкинлигини биласиз. Кўпроқ қўрқув пайдо бўляпти ва шу боис қарорлар шошма-шошарлик билан қабул қилиняпти;
Ҳотиржамликка ҳаққимиз йўқ: 5 очколик фарққа қарамай, ҳали чемпионлик ҳал бўлгани йўқ. Олдинда 5 та тур бор ва барча учрашувларда ғалаба учун майдонга тушишимиз шарт».
Жароҳатлар ва «Манчестер Сити»даги Родри омили
ОЧЛ учрашуви олдидан етакчиларнинг ҳолати ҳақида сўралганда, мураббий жиддий муаммоларни очиқлади:
Зоран Марушичнинг ҳолати: «Кўп футболчиларимиз 30 ёшдан ошган. Ўйин темпи жуда юқори бўлгани туфайли орқа сон мушакларида тортишиш кузатилди. Икки кундан кейин «Ал-Иттиҳод»га қарши ўйин кутиб тургани боис уларни тезроқ тиклашимиз зарур;
Жокичнинг ўрни: Бу худди «Манчестер Сити»да Родри жароҳат олганидан сўнг юзага келган бўшлиққа ўхшайди. Замонавий футболда таянч ярим ҳимоячиси атрофига ўйин қурилади ва Жокичнинг сафдан чиқиши бизга катта таъсир қилди. Шунга қарамай, қолган ўйинчиларимиз ўзларининг максимал кучини беришмоқда», — дея хулоса қилди Ислом Исмоилов.































Изоҳлар 0
…