Ниҳоят, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги энг кучли ҳужумчиси Элдор Шомуродов ўзи орзу қилгани ва мухлислар кутганидек, Европа футболидаги дебютини нишонлади. Бу Элдорга ҳам, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун ҳам тарихий воқеа бўлди.
Шомуродов кучли бешлик чемпионатларидаги илк учрашувини Италиянинг тарихий масканларидан бири – Венеция провинцияси маркази Верона шаҳридаги “Стадио Марк-Антонио Бентегоди” стадионида, тарихи бир асрдан ўтган “Верона” жамоасига қарши ўтказди.
А Сериянинг тўртинчи туридан ўрин олган ушбу беллашув ҳақида гапирганда, катта устунлик мезбонлар томонида бўлганини таъкидлаш лозим. “Верона” уй учрашувларида зўр ўйнайдиган жамоа. Ўтган мавсумда кучли учликдан жой олган “Аталанта”, “Интер” ва “Ювентус” каби қудратли клублар ҳам Веронадаги беллашувларда қимматли очколарни ташлаб кетган эди.
Яқинда “Женоа”да коронавирус билан боғлиқ юзага келган вазият жамоа ўйинига салбий таъсир ўтказгани сезилди. Роландо Маран шогирдлари қийин ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб, бир очко олганини ютуқ сифатида баҳолаш мумкин. Учрашув олдидан аксарият мухлису мутахассислар вероналикларнинг имкониятини жуда юқори баҳолаётган эди.
Элдор Шомуродовнинг баҳсни бошланғич таркибда бошлагани ҳам ёқимли сюрприз бўлди. Генуялик мухлислар ўзбекистонлик легионерни ижтимоий тармоқларга Ўзбекистон байроғини қўйиш орқали қўллаб-қувватлаб, ўз ишонч ва эҳтиромини изҳор қилди. Элдор ҳам ўйинда йўқолиб қолгани йўқ. У илк учрашувидаёқ майдоннинг турли бурчакларида курашди. Олдинги чизиқда, ҳужум ташкил қилишда, ҳимояланишда жамоасига ёрдам берди. Айниқса, юқоридан келаётган тўп учун курашда ўз устунлигини намойиш эта олди. Машҳур ҳужумчи Горан Пандев ҳамюртимизга далда бериб турди. Умуман олганда, 63 дақиқа ўйнаган Шомуродов ҳарчанд ҳаракат қилса ҳам, гол уролмаганига қарамай, унинг дебюти ёмон чиқмади.
“Женоа” бош мураббийи Роландо Маран учрашувдан кейин Элдорнинг ўйинини алоҳида эътироф этди.
- Шомуродов Италия футболи ҳақида ҳали тўлиқ тасаввурга эга эмас. Шунга қарамай, мен унга ўйинда қатнашиш имконини бердим. У сафимизга бошқа чемпионатдан келди ва унинг янги тизимга мослашиб олиши учун вақт керак, албатта. Элдор, энг аввало, сабрли бўлиши даркор. Ўйинда у бирорта хатога йўл қўймади, шунинг учун мен унга ўйин учун миннатдорлик билдираман, - дейди Роландо Маран.
“Верона”даги голсиз дурангдан сўнг, Элдор Шомуродов жамоаси очколари сонини тўрттага етказиб, 11-ўринга кўтарилиб олди. Вероналиклар эса, еттинчи очкосини қўлга киритиб, еттинчи поғонага жойлашди.
Генуяликлар бошқа клубларга қараганда, битта ўйин кам ўтказган. Агар “Женоа” учинчи турнинг қолдирилган учрашувида ҳали бирорта очко жамғара олмаган “Торино”ни мағлуб эта олса, кучли саккизлик сафига қўшилади. Бу ўйин 4 ноябрга белгиланган.
“Женоа” 24 октябрда бўладиган бешинчи тур учрашувини ўз майдонида ўтказади. Шу куни Генуяда “Интер” жамоасининг юлдузли таркиби меҳмон бўлади. Демак, Элдор Шомуродовда Самир Ханданович, Лаутаро Мартинес, Ромелу Лукаку, Ашраф Ҳакими, Иван Перишич, Артуро Видаль, Алексис Санчес каби жаҳон футболи юлдузларига қарши тўп суриш имкони бор. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар