Россиялик олимлар перовкситли қуёш панеллари самарадорлигини оширди

Россиялик олимлар перовкситли қуёш панелларининг оммавий ишлаб чиқарилишига тўсқинлик қилаётган асосий муаммо — уларнинг тез деградацияга учрашини ҳал қилишди. ПНИПУ, РАН ва Сколтех тадқиқотчилари ушбу элементларнинг барқарорлигини сезиларли даражада оширувчи тўртта янги полимер материалини ишлаб чиқишди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ўтказилган синовлар шуни кўрсатдики, янги полимерлар қўлланилган батареялар 1800 соатлик узлуксиз ишлашдан сўнг ҳам ўз самарадорлигининг 99 фоизини сақлаб қолган. Таққослаш учун, стандарт панеллар бундай шароитда ўз қувватининг ярмидан кўпини йўқотади. Бунда панелларнинг самарадорлик даражаси 17,8 фоизгача етиб, рақобатбардошлигини сақлаб қолмоқда.
Перовкситли панеллар кремнийли муқобилларига нисбатан енгил ва эгилувчан бўлиб, ҳатто сунъий ёруғликда ҳам ишлай олади. Бу технология бинолар фасадлари, деразалар, «ақлли» кийимлар, тиббий датчиклар ва портатив электроника каби соҳаларда кенг қўлланилиши мумкин.
Илгари ушбу материал намлик, ҳарорат ва кислородга ўта сезгир эди. Янги ишлаб чиқилган полимерлар ҳимоя ва транспорт қатлами вазифасини бажариб, перовксит тузилишини сақлаб қолишга ҳамда унинг қисман «ўз-ўзини тиклашига» ёрдам беради. Бу эса қурилмаларнинг хизмат муддатини сезиларли даражада узайтиради.
Ишлаб чиқувчиларнинг фикрича, мазкур технология қуёш энергетикасини анъанавий панеллар доирасидан чиқариб, деярли ҳар қандай сиртга интеграция қилиниши мумкин бўлган босма эгилувчан батареялар даражасига олиб чиқиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!