Хитой 6G технологияларини синовдан ўтказиш учун 6 ГГс частотасини ажратди

Хитой Саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги 6G алоқа технологияларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш учун 6 ГГс диапазонидаги частоталарни ажратганини эълон қилди. Ушбу рухсат мамлакатда 6G стандартини ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи ИМТ-2030 (6G) Proмотион Груп тадқиқот гуруҳига берилди. Эндиликда ташкилот Хитойнинг айрим ҳудудларида янги телекоммуникация технологияларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Вазирлик баёнотига кўра, мазкур қарор келгуси авлод тармоқлари учун асосий ечимларни тадқиқ қилиш, текшириш ва синаш жараёнларини тезлаштиради. Ишлар Халқаро электралоқа иттифоқи томонидан белгиланган техник талаблар ва фойдаланиш сценарийлари асосида олиб борилади. 6 ГГс диапазони 6G тармоқлари учун энг истиқболли частоталардан бири ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу диапазон ҳозирги 5G тармоқларига нисбатан юқорироқ маълумот узатиш тезлиги ва камроқ кечикишларни таъминлайди, шу билан бирга кенг қамровли ҳудудни сақлаб қолади. Хитой расмийлари частота спектрининг ажратилиши нафақат илмий-тадқиқот ишларини, балки 6G технологияларини стандартлаштириш ва саноатга интеграция қилиш жараёнларини ҳам жадаллаштиришини таъкидламоқда.
6G тармоқларини яратиш бўйича глобал пойга сўнгги йилларда сезиларли даражада тезлашди. Келажакда 6G сунъий интеллект, голографик алоқа, рақамли эгизаклар, автоном транспорт ва саноат автоматизациясининг янги турларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Гарчи тадқиқотлар фаол олиб борилаётган бўлса-да, 6G технологиясининг тўлиқ тижорий жорий этилиши келгуси ўн йилликка мўлжалланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!