Ҳуқуқ-тартибот идоралари кибержиноятчилар фойдаланган VPN хизматини ёпди

Халқаро ҳуқуқ-тартибот идоралари коалицияси кибержиноятчилар орасида оммалашган ва уларнинг ноқонуний фаолиятини яширишга хизмат қилган Фирст VPN хизматини тугатганини ҳамда унинг администраторини ҳибсга олганини эълон қилди. FBI маълумотларига кўра, ушбу сервис шунчалик машҳур бўлганки, камида 25 та рансомваре (товламачи дастур) гуруҳлари ундан ўз изларини яшириш учун фойдаланган. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Кибержиноятчилар Фирст VPN орқали нафақат анонимликни таъминлашган, балки интернетни сканерлаш, ботнетларни бошқариш, ДДоС ҳужумларини уюштириш ва турли фирибгарлик схемаларини амалга оширишда ҳам ушбу инфратузилмага таянишган. Хизмат дунёнинг 27 та давлатида ўз серверларига эга бўлган ва жиноятчилар учун махсус аноним тўлов тизимларини таклиф қилган.
Europol баёнотида айтилишича, Фирст VPN кибержиноят экотизимига чуқур сингиб кетган эди. Сўнгги йилларда Europol томонидан қўллаб-қувватланган деярли барча йирик кибержиноят терговларида ушбу сервиснинг номи қайд этилган. Хизмат асосан русийзабон форумларда реклама қилиниб, фойдаланувчиларга ҳеч қандай лог-файллар сақланмаслиги ва шахсни аниқлаш имконсиз эканлиги вада қилинган.
Бироқ, терговчилар сервиснинг фойдаланувчилар маълумотлар базасини қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Натижада кибержиноят оламига алоқадор минглаб фойдаланувчилар фош этилди. 2021-йил декабрь ойида бошланган кенг кўламли операция натижасида ўнлаб серверлар мусодара қилинди ва бутун инфратузилма ишдан чиқарилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!