15:11 / 26.11.2016
9 369

Замонавий билим ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар — буюк келажагимиз кафолати

Замонавий билим ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар — буюк келажагимиз кафолати

Мамлакатимизда сайлов кампаниясининг муҳим бўғини — сайловолди ташвиқоти ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. Бугун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекис​тон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Халқимиз ҳаёти, орзу-умидларини, мамлакатимизни ривожлантиришнинг бугунги босқичидаги асосий вазифаларни ўзида мужассам этган мазкур дастур халқчиллиги, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини тўлиқ қамраб олгани билан ҳам сайловчиларимиз қалбидан чуқур жой олмоқда. Хусусан, ижтимоий соҳани ривожлантириш, “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган тамойилни амалга ошириш борасида номзодимиз томонидан бугунги кунда ўзининг ечимини кутиб турган масалаларни ҳал қилиш учун мамлакатимиз миқёсидаги қатор мақсадли дастурларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Жумладан, аҳоли учун арзон уй-жойлар қуриш, одамларнинг ҳаёт даражасини янада ошириш мақсадида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, электр ва иссиқлик энергияси таъминотини тубдан яхшилаш, йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, таълим-тарбия, олий ўқув юртлари тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан вакиллари, олимлар, ижодкор зиёлилар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш, cоғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги нуфузини изчил ошириш, маданият ва спорт муассасалари, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш каби қатор вазифалар белгилаб берилди.

Рақамларга мурожаат қилсак: қишлоқ жойларда 2017 йилда 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш; 2017-2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриб, 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилаларни арзон уйлар билан таъминлаш; 9 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш, қўшимча 3 миллион 200 минг нафар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш; 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та трансформатор подстанцияларини алмаштириш; 1 минг 700 километр автомобиль йўлларини, 10 минг 400 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш; 74 та автовокзал ва автостанцияларни реконструкция қилиш, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишларини очиш каби аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Шу ўринда Дастурда танлаган йўлимиз – машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт стратегияси, яъни “ўзбек модели” асосида демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш мақсади мужассам бўлганлигини таъкидлаш жоиз. Зотан ривожланишнинг “ўзбек модели” нақадар тўғри эканини, оғир синовлардан ўтиб, мамлакатимиз ривожи учун мустаҳкам замин бўлиб қолганини ҳаётимизнинг ўзи исботлаб бермоқда. Бунинг тасдиғини мустақилликка эришганимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб энг ўткир ва ҳал қилувчи масала — замон талабига жавоб берадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш вазифаси мисолида яққол кузатиш мумкин.

Модомики, бундан бир неча йил олдин эски қолип ва асоратлардан воз кечиб, Кадрлар тайёрлаш миллий дас​тури ва унинг узвий давоми бўлган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурини қабул қилиб, таълим-тарбия тизими тубдан ўзгартирилмаганида, бунинг учун давлатимиз ва бутун жамоатчилигимиз куч ва имкониятлари сафарбар этилмаганида, бугун мураккаб ижтимоий вазиятга тушиб қолган бўлар эдик.

Ушбу дастурлар асосида мамлакатимизда 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик узлуксиз умумий таълим тизимига ўтилди, янги типдаги, замонавий мактаб, коллеж ва лицейлар қурилди, олий таълим тизими жаҳон тажрибаси ва иқтисодиётимиз, жамиятимиз ва давлатимизнинг барқарор ўсиш талабларидан келиб чиқиб қайтадан барпо этилди, уларнинг моддий-техник базаси, сабоқ бериш стандартлари бутунлай янгиланди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда олий таълим соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди, бакалавр ва магистрлар тайёрлашнинг Европа тизимига ўтилди, олий ўқув юртлари сони 2,5 баробар кўпайди. Ўзбекистонда дунёда тан олинган қатор хорижий олий таълим муассасаларининг, хусусан, Халқаро Вестминстер университети, Турин политехника институти, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Инҳа университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, М.И.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиаллари фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда олий ўқув юртларимизда 260 минг нафардан зиёд талаба ҳаётнинг ўзи талаб этаётган 850 дан ортиқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича билим олишмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўзида олий таълим тизими ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини янада такомиллаштириш, олий таълим тизимини хорижий ўқув ва илмий адабиётлар билан таъминлашга қаратилган қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши ёшларимизнинг жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги таълим стандартларига тўла мос келадиган билимларни эгаллашларига, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятларини оширишга хизмат қилмоқда.

Халқ таълими тизимидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида 266 минг атрофидаги ўқувчиларга спортнинг олимпия ва миллий турларидан машғулотлар ўтилаётганлиги, 2 миллиондан ортиқ ёшлар спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётганлиги натижасида спортнинг 24 тури бўйича халқаро спорт мусобақаларида иштирок этган 480 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшларнинг 310 нафари олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганлиги Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигининг такрор ва такрор исботи бўлди.

Номзодимизнинг дастурида ушбу йўналишдаги ислоҳотларни нафақат узвий давом эттириш, балки уни янги босқичга олиб чиқишга биринчи даражали вазифалар қаторида эътибор қаратилган. Жумладан, ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлган мактабгача таълим-тарбия тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлатга қарашли 1 миллион 109 минг ўринли 2 минг 200 та болалар боғчасини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш масалалари номзодимизнинг эътибор марказида бўлади.

Бугунги кунда республикамиздаги 5025 та мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болалар сони 668 минг нафарни ташкил этади. Бу жами болаларнинг 27 фоизга яқини мактабгача таълим муассасалари томонидан қамраб олинганлигини англатади. Демак, номзодимиз томонидан белгилаб олинган бу борадаги вазифалар таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиши билан бир қаторда, минглаб ота-оналарнинг дилидаги нияти ижобат бўлишига ҳизмат қилади, десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам болалар боғчалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича илгари сурилган таклиф электоратимиз томонидан қувонч билан қарши олинди.

Маълумки, Ўзбекистонни ҳақли равишда “ёшлар мамлакати”, деб аташади. Бу бежиз эмас. Чунки бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи айнан ёш йигит-қизлардир. Ёшлар бунёдкорлик салоҳиятига эга бебаҳо ресурс, мамлакат келажагининг негизини ташкил этувчи улкан кучдир. Аммо мазкур салмоқли қатлам юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта қудратга айланиши учун даставвал уларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ўз ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқариши, жамиятда муносиб ўрнини топишига қулай шароит яратиш керак.

Номзодимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мус​таҳкам ривожланишига раҳна соладиган турли янги таҳдид ва хатарлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиши, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Шу сабабли номзодимизнинг сайловолди дастурида маънавий-маърифий соҳада олдимизда турган энг муҳим ва долзарб вазифамиз – юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини юксалтириш, фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни шакл​лантиришдан иборат эканлиги белгилаб қўйилган.

Бу вазифаларни амалга оширишда асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой маънавий меросига таянамиз.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев ўз дастурида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати барча ёшлар интиладиган, уларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқарадиган ва манфаатларини ҳақиқий ҳимоя қиладиган ташкилотга айланиши зарур, деб ҳисоблайди. Бу борада алоҳида эътиборни уюшмаган ёшлар билан ишлашга ва уларни ташкилот фаолиятига жалб этишга қаратади.

Номзодимиз 2017-2021 йилларда олий ўқув юртлари тизимини янада ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, олий таълим тизимини янги сифат босқичига кўтаришга қаттиқ бел боғлаган.

Хулоса ўрнида айтганда, Дастурда илгари сурилган ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хусусан, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар мамлакатимиз ёшларининг камолотига, уларнинг ўз салоҳият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришига хизмат қилади.

Бўлажак сайловда ана шундай эзгу вазифаларни самарали ҳал этишга бел боғлаган, ёшларимизнинг билим ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлишлари буюк келажагимиз кафолати эканлигини таъкидлаётган номзодимиз Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз.

Ҳар бир сайловчимизнинг овози биз учун юксак аҳамиятга эга. Барчамиз учун Ватан битта! Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир!

Одина ЖАМОЛДИНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси,

Фармон АМИНОВ,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши аъзоси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Замонавий билим ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар — буюк келажагимиз кафолати