date

Саида Мирзиёева Брюсселда Урсула фон дер Ляйен билан учрашди

Саида Мирзиёева Брюсселда Урсула фон дер Ляйен билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан Брюссел шаҳрида учрашди. Суҳбат 9 октябрь куни бўлиб ўтди ва Европа Иттифоқининг Global Gateway форуми доирасида ташкил этилди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида маълум қилди.

«Фон дер Ляйен хоним билан учрашувдан жуда мамнунман. Ўзбекистон ва Европанинг ҳамкорлик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганига ишончим комил», — деб ёзди Саида Мирзиёева ўз баёнотида.

Global Gateway форуми — Европа Иттифоқининг ташқи инвестиция ташаббусларига бағишланган муҳим халқаро платформа ҳисобланади. У 9–10 октябрь кунлари Брюсселда ўтмоқда. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, форумнинг бу йилги мавзуси геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришлар шароитида глобал боғланиш ва инфратузилмани ривожлантириш масалаларига қаратилган. Бу ташаббус Европа Иттифоқининг “яшил иқтисодиёт”, рақамли технологиялар ва барқарор инфратузилма орқали жаҳон миқёсидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Учрашувда икки томон ўртасида таълим, маданият, инновация ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилингани айтилади. Саида Мирзиёева Европа Иттифоқи билан муносабатлар Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, барқарор ривожланиш, аёллар ҳуқуқлари, ёшлар таълими ва ижтимоий лойиҳалар соҳасидаги шериклик янги босқичга кўтарилиши керак.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам суҳбат давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаган ва мамлакатда фуқаролик жамияти ҳамда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Маълумот учун, Саида Мирзиёева ва Урсула фон дер Ляйен бу илк мулоқотлари эмас. Улар жорий йилнинг апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” саммити чоғида ҳам учрашган эдилар. Ўшанда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тўнғич қизини Урсула фон дер Ляйен ҳамда Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта билан таништирганди.

Экспертлар фикрича, Саида Мирзиёеванинг Брюсселдаги учрашуви Ўзбекистоннинг Европага қаратилган ташқи сиёсат йўналишида муҳим қадам ҳисобланади. Чунки Европа Иттифоқи бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкорларидан бири бўлиб, инвестициялар, “яшил энергетика”, таълим ва гендер тенглиги соҳаларида қатор қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Саида Мирзиёева Брюсселда Урсула фон дер Ляйен билан учрашди