
Ўзбекистонда янги қабул қилинган қонун (ЎРҚ–1098, 27 ноябр 2025 й.) орқали бир қатор амалдаги ҳужжатларга жиддий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Энг асосий янгиликлардан бири — Жиноят кодексига электрон сигареталар ва никотинли тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига оид янги модда киритилгани бўлди.
Янги талабга кўра, мамлакат ҳудудига муомаласи тақиқланган никотин маҳсулотлари — электрон сигареталар, вейплар, махсус суюқликлар ёки бошқа электрон никотин етказиб берувчи қурилмаларни тайёрлаш, сотиш, сақлаш, ташиш, олиб кириш ёки олиб чиқиш “анча миқдор”да содир этилса, ёки бу илгари маъмурий жазо қўлланганидан кейин қайта такрорланса, жавобгарлик кескин кучайтирилади.
Қонунга мувофиқ, бундай қонунбузарлик учун қуйидаги жазолар белгиланди:
— Базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача жарима;
— 2 ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
— 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
— 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Бироқ қонун жамиятнинг манфаатларини ўйлаб, мотивацион норма ҳам жорий этган: агар қоидабузар қилинган ишни тан олса, ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилса ва тақиқланган маҳсулотларни топширса, шахс жиноий жавобгарликдан озод этилади. Бу эса ноқонуний бозор иштирокчиларини ўз ихтиёри билан йўлга қайтишга чақиради.
Шу билан бирга, “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартиш киритилиб, электрон сигарета ва улар учун мўлжалланган суюқликлар айланиши қатъий тақиқланди.
Қабул қилинган ўзгартишлар ёшлар саломатлигини ҳимоя қилиш, зарарли одатларнинг авж олишини чеклаш ҳамда электрон тамаки воситаларининг ноқонуний бозорини қисқартиришга қаратилган. Мутасаддилар фикрича, бу қадам келажак авлод соғлиғини асрашда муҳим бурилиш нуқтаси бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.