Ўзбекистонда ёшларнинг бандлиги бўйича янги тадқиқот эълон қилинди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси 2025 йил якунлари бўйича ёшлар бандлигига оид тадқиқот натижаларини эълон қилди.
Маълумотга кўра, Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган аҳолининг 33,2 фоизи НEEТ тоифасига киради. Бу тоифага расмий иш жойига эга бўлмаган, таълим олмаётган ва бирор касбни ўрганмаётган ёшлар киритилади.
Тадқиқотда аёллар ва эркаклар ўртасидаги фарқ катта экани қайд этилган. Аёллар орасида НEEТ кўрсаткичи 48,8 фоизни ташкил этган бўлса, эркакларда бу рақам 19,4 фоиз бўлган. Аёллар учун асосий тўсиқлар сифатида эрта никоҳ ва уй-рўзғор ишларининг катта юки кўрсатилган.
Кам таъминланган оилаларда ёшларнинг ўқимаслиги ва ишламаслиги билан боғлиқ кўрсаткич 53,9 фоизга етган. Даромади юқори оилаларда эса бу даража 32 фоизни ташкил қилган.
Ҳудудлар кесимида энг мураккаб вазият Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган. Энг яхши кўрсаткич Тошкент шаҳрида кузатилган.
Тадқиқот муаллифлари таълим тизими билан меҳнат бозори талаблари ўртасида жиддий тафовут борлигини таъкидлаган. Мамлакатнинг демографик имкониятларидан самарали фойдаланиш учун аёлларнинг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун таълим имкониятларини кенгайтириш тавсия этилган.































Изоҳлар 0
…