Қашқадарёдаги мактабни бу йил уч ўқувчи битирди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида жойлашган 86-сонли умумтаълим мактабининг Қурилиш қишлоғидаги филиалида бу йил атиги уч нафар ўқувчи мактабни тамомлади. Бу ҳақда “Насаф TV” репортажида маълум қилинди.
Туман марказидан қарийб 70 километр узоқликда жойлашган ушбу қишлоқда интернет ва мобил алоқа билан боғлиқ муаммолар ҳануз сақланиб қолмоқда. Шунга қарамасдан, битирувчилар сўнгги қўнғироқ тадбирида мактабни муваффақиятли якунлаганидан мамнун эканини билдирган. Улар ўқувчилар сони камлиги сабабли спорт мусобақаларида ҳар доим ҳам фаол иштирок этиш имконияти бўлмаганини таъкидлаган.
Репортажда қайд этилишича, кейинги йилларда мазкур таълим муассасасида таълим сифати сезиларли даражада яхшиланган. Олис ҳудудлардаги мактаблар учун яратилган имтиёзлар туфайли бошқа вилоятлардан тажрибали педагоглар жалб қилинган. Хусусан, Андижон вилоятидан келган олий тоифали ўқитувчилар бу ерда фаолият олиб бормоқда.
Устозларнинг сўзларига кўра, уч йил аввал “қизил” тоифада бўлган мактабда бугун ўқувчиларнинг билим даражаси анча ошган. Улар фан олимпиадалари ва турли танловларда иштирок этишни бошлаган. Шунингдек, миллий сертификат соҳиблари сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда.
Сўнгги қўнғироқ тадбири давомида битирувчиларга Президент табриги ўқиб эшиттирилди, ўқишда намунали натижаларга эришган ўқувчилар ҳамда фидойи ўқитувчилар муносиб тақдирланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, 2025/26 ўқув йилида Ўзбекистон бўйлаб 472 минг нафардан зиёд 11-синф ўқувчиси мактабни битирган. Шунингдек, 621 минг нафардан ортиқ ўқувчи 9-синфни тамомлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!