22:20 / 15.05.2018
4 820

Шавкат Мирзиёев Лондонда Буюк Британия ҳукумати аъзоси билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Лондонда Буюк Британия ҳукумати аъзоси билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев учиб кетаётган самолёт президентнинг АҚШга расмий ташрифи давомида Лондонга тўхтаб ўтди. Давлат раҳбари Лондон шаҳрида Буюк Британия Консервативлар партияси вакили, ҳукумат аъзоси сэр Алан Дункан билан суҳбатлашди. Бу ҳақда инглиз сиёсатчиси Твиттердаги саҳифасида маълум қилган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Ташқи ишлар вазири Комилов билан дўстона ва илиқ учрашув бўлди. Унга бошлаган ислоҳотларини бардавом бўлишини тилаб, Буюк Британиянинг кучли кўмаги таклиф этилди», деб ёзади у.

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли самолёти Лондоннинг Станстед халқаро аэропортида ёқилғи ғамлаб олиш учун тўхтаган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат давомида Ўзбекистон раҳбари икки томонлама ҳамкорлик борасида мавжуд улкан салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.

«Турли даражалардаги мулоқотларни жадаллаштириш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэйнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Алан Дункан мамлакатимизда янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотларга, Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган фаол саъй-ҳаракатларига, жумладан, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича халқаро конференция муваффақиятли ўтказилганига юксак баҳо берди», дейилади хабарда.

Буюк Британия давлатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр экани қайд этилди.

Лондондаги техник тўхташдан сўнг Президентимиз АҚШ йўлида сафарини давом эттирган.

Маълумот учун, Алан Дункан Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти сифатида қасамёд қилганидан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи хорижий юқори мартабали меҳмон бўлган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шавкат Мирзиёев Лондонда Буюк Британия ҳукумати аъзоси билан учрашди