Бишкекда пичоқли ҳужум: қизни гаровга олган шахс қўлга тушди

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида содир бўлган хавфли воқеа жамоатчиликни жиддий хавотирга солди. Эркак киши аввал кекса аёлга пичоқ билан тан жароҳати етказиб, кейинчалик ёш қизни гаровга олган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда гумонланувчи кўча ўртасида қизни ушлаб, унинг бўйнига пичоқ тираб тургани акс этган. Ҳолат атрофдагиларда саросима уйғотган бўлса-да, бир неча жасур фуқаро уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлган.
Ички ишлар органлари маълумотига кўра, воқеа кеча куни содир бўлган. Дастлаб, 24 ёшли Б.Р. Кара-Балтинская кўчасида жойлашган уйда 73 ёшли аёлга ҳужум қилиб, жароҳат етказган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Орадан кўп ўтмай, тахминан соат 21:45 ларда у Жибек Жолу ва Ала-Арчинская кўчалари кесишмасида яна бир жиноятга қўл урган. У ерда у ёш қизни гаровга олган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гумонланувчи тезкорлик билан ушланиб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Мазкур воқеа яна бир бор жамоат жойларида хавфсизлик масаласи қанчалик долзарб эканини кўрсатди.





























Изоҳлар 0
…