09:26 / 22.09.2022
2 577

Россияда эълон қилинган сафарбарлик бўйича асосий маълумотлар

Россияда эълон қилинган сафарбарлик бўйича асосий маълумотлар
Михаил Гребенщиков / РБК / ТАСС
РФ президенти Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Россияликларга мурожаатида Путин 21 сентябрдан бошлаб «фақат захирадагилар», биринчи навбатда, ҳарбий хизмат ўтаган, ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган фуқаролар сафарбар этилишини маълум қилди. Унинг айтишича, сафарбарлик бўйича чақирилган россияликлар шартнома бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларга тааллуқли бўлган «мақом, тўловлар ва барча ижтимоий кафолатлар»ни олади.

Путин қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонини имзолаган. Ҳужжатда чақирув фақат захирадаги ҳарбий хизматчиларга тааллуқли бўлиши кўрсатилмаган. Фармонда ҳарбий хизматдан бўшаш учун асослар санаб ўтилган: бу маълум ёшдан ўтган бўлиш, соғлиқдаги муаммо ва суд ҳукми билан озодликдан маҳрум бўлганлик. Шунингдек, ҳужжатда ҳарбий саноат мажмуаси ходимлари учун муддатли ҳарбий хизмат ўташ кечиктирилиши мумкинлиги айтилган.

Фармонда битта ёпиқ банд бор — № 7. Кремл сайтида эълон қилинган ҳужжат матнида бу банд ошкор этилмаган, ҳуқуқий маълумотлар порталида тақдим этилган версияда эса «маъмурий фойдаланиши учун» деб белгиланган. Кремл расмий вакили Дмитрий Песков бу банд ҳақида маълумот бера олмаслигини айтиб, бу чақирилувчилар сони бўйича эканини қўшимча қила олишини таъкидлади.

«Агора» асосчиси Павел Чиков фармонни таҳлил қилган ҳолда, дастлаб армияда хизмат қилганлар ва захирада қолиш учун шартнома тузганлар, кейин эса захирада бўлган барча эркаклар чақирилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, РФ мудофаа вазирлиги Россиянинг ҳар бир ҳудуди учун сафарбарлик квоталарини шакллантириши керак ва губернаторлар бунинг ижроси учун масъул бўлади.

РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу қисман сафарбарлик «захирадаги 300 минг кишини қамраб олиши»ни айтди. «Россия-24» телеканалига берган интервьюсида Шойгу Россиянинг «улкан сафарбарлик ресурси» мавжудлиги — бу қарийб 25 миллион кишини ташкил этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қисман сафарбарлик жами ресурсларнинг 1,1 фоизига тааллуқли бўлади. Унинг қайд этишича, талабалар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар сафарбарликка тортилмайди. Вазирнинг сўзларига кўра, қисман сафарбарлик биринчи навбатда фронт чизиғи яқинидаги ҳудудларни назорат қилиш учун ташкиллаштирилмоқда.

Давлат думасининг мудофаа масалалари бўйича қўмитаси аъзоси, генерал-лейтенант Андрей Гурулев «Интерфакс»га айтишича, қисман сафарбарлик 50 ёшгача бўлган захирадагиларни қамраб олиши мумкин.

Алексей Навальний жамоасининг юридик бўлими раҳбари Вячеслав Гимади Владимир Путиннинг фармони билан қисман эмас, тўлиқ сафарбарлик эълон қилинганини айтади. «Улар барчани чақириш ҳуқуқига эга, фақат соғлиги ва ёши бўйича мутлақо яроқсиз бўлганлар (аскарлар учун ёш чегараси 50, кичик зобитлар учун 60) бундан мустасно. Мудофаа вазирлиги хоҳлаганидек», — деган Гимади.

Давлат думасининг мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполовнинг маълум қилишича, биринчи навбатда қуйидагилар сафарбар қилиниши мумкин:

- 35 ёшгача бўлган аскарлар, матрослар, сержантлар, старшиналар, прапоршчиклар;
- 50 ёшгача бўлган офицерлар;
- 55 ёшгача бўлган майорлар, подполковниклар, 3-даражали капитанлар ва 2-даражали капитанлар;
- 60 ёшгача бўлган полковниклар, 1-даражали капитанлар;
- 65 ёшгача бўлган юқори лавозимли офицерлар.

«Интерфакс»нинг ёзишича, Картаполов РФ мудофаа вазирлиги биринчи бўлиб учувчисиз учиш аппаратлари операторлари, разведкачилар ва алоқачиларни чақиришини тахмин қилган. Унинг сўзларига кўра, агар мутахассислигига зарурат туғилса, ҳарбий кафедра битирувчилари ҳам чақирилиши мумкин.

Сафарбар қилинганлар, катта эҳтимол билан ҳозирги иш жойидан бўшайди. Бу мудофаа вазирлигининг иш берувчилар армияга сафарбарлик бўйича чақирилган ходимлар билан шартномани бекор қилиши зарурати ҳақидаги саволга жавобидан келиб чиқади.

«Ҳа, барчаси тўғри. Военкоматдан повестка меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлади. Президент фармонининг 2-бандига биноан, фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилганидан кейин РФ қуролли кучларининг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларига айланади», дея вазирлик изоҳини келтиради «Эха Москва»нинг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш масъул котиби Александр Точеновнинг айтишича, қонунга кўра, хизматга яроқли бўлмаганларни чақириш режалаштирилмаяпти. Кенгашнинг яна бир аъзоси Кирилл Кабанов қисман сафарбарлик ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномаси бор фуқароларни ҳам қамраб олмайди — улар фақат тўлиқ сафарбарлик эълон қилинганида чақирилиши мумкин.

Чақирув қоғози олганидан кейин захирадагиларга Россиядан чиқиш йўли ёпилиши мумкин. Андрей Картаполов эса Владимир Путиннинг фармони захирадагиларнинг Россиядан чиқиш ҳуқуқини тўғридан тўғри чекламаслигини айтади. Кирилл Кабанов РИА Новостига берган интервьюсида айтишича, бундай чеклов қисман сафарбарлик доирасида повестка олганидан бошлаб кучга кириши мумкин.

Ҳарбий ҳисобда турувчи шахслар учун бундай чекловлар «Россия Федерациясида сафарбарлик ва сафарбарликка тайёргарлик тўғрисида»ги федерал қонуннинг 21-моддасида назарда тутилган, унга кўра, сафарбарлик эълон қилинганда, ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлган фуқаролар сафарбарлик тўғрисидаги хабарномаларда кўрсатилган муддат ичида ҳарбий йиғилиш пунктларига келиши ва ҳарбий комиссариатлар рухсатисиз яшаш жойини тарк этмаслиги шарт. Лекин моддада қисман сафарбарлик эслаб ўтилмаган.

Думанинг мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси Андрей Картаполов қисман сафарбарлик доирасидаги одамларга «Туркиядаги курортларга йўл олиш»ни маслаҳат бермаслигини айтган. «Қрим ва Краснодар ўлкаларидаги курортларда дам олинг», — деган у. Картаполовнинг сўзларига кўра, чақирув қоғози олгунича одамлар мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши мумкин, «аммо яхшиси бундай қилмаган маъқул».

Қисман сафарбарлик эълон қилингач, Россия аҳолиси норозилик намойишларига чиқа бошлади. «Весна» ҳаракати «могилизация»га қарши бутун Россия бўйлаб норозилик акцияси ўтказишга чақирди. Фаоллар Россия аҳолисидан 21 сентябр куни соат 19 да (Тошкент вақти билан 21:00) ўз шаҳарлари марказларига йиғилишни сўради. Алексей Навальнийнинг жамоаси ҳам россияликларни намойиш бошлашга чақирган ва бунда ўз ёрдамларини таклиф этган. «Агар сиз катта ишлар билан шуғулланишга, жумладан военкоматларга ўт қўйишга тайёр бўлсангиз, биз буни қўллаб-қувватлаймиз ва қандайдир ёрдам беришга ҳам тайёрмиз», — деган Навальнийнинг сафдоши Иван Жданов.

Россия фонд бозорида қулаш давом этмоқда - бу жараён бир кун олдин, Россия Украинадаги босиб олинган ҳудудларни референдумлар орқали таркибига қўшиб олиши ҳамда Жиноят кодексига ҳарбий ҳолат давридаги жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи тузатишлар киритилиши ҳақидаги хабарлар ортидан бошланганди. Савдолар очилгач Москва биржаси индекси 2000 пунктга максимал даражада яқинлашди, аммо кейин пасайиш секинлашди — соат 10:20 ҳолатига индекс 4,7 фоизга, 2111 пунктга қадар пасайди. РТС индекси 6,25 фоизга, 1082 пунктга қадар пасайди. 20 сентябр куни Россия бозори 8,84 фоизга қулаганди, бу бозор 33 фоизга қулаган 24 феврал кунидан буён энг жиддий пасайиш бўлганди.

Россиядаги сафарбарлик масаласи бўйича изоҳ берган Украина расмийларидан бири, президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк «ҳаётда ажойиб юмор туйғуси борлиги» ҳақида айтди. Унинг сўзларига кўра, «уч кунлик уруш»нинг 210-кунида россияликлар сафарбарлик, чегаралар ёпилиши, дезертирлик учун озодликдан маҳрум бўлиш, шунингдек маҳбуслардан иборат махсус отрядларга эга бўлишмоқда. «Барчаси режа бўйича кетмоқда, тўғри эмасми? Ҳаётда ажойиб ҳазил туйғуси бор», — деган Подоляк.

Сафарбарлик эълон қилиниши туфайли Россия аҳолиси бошқа мамлакатларга кетиш учун чипталар сотиб ола бошлашди. Хусусан, «Верстка»нинг эътибор қаратишича, Путиннинг мурожаати арафасида 21 сентябр куни Истанбулга учадиган барча рейслар учун барча чипталар сотиб бўлинган, Ереван билан ҳам шундай ҳолат кузатилган.

«The Village Беларусь»нинг ёзишича, Президентнинг мурожаатидан кейин россияликлар фаоллик билан Москвадан Минскка чипта сотиб олишга киришди. Бу вақтда Латвия ТИВ раҳбари Эдгар Ринкевич хавфсизлик нуқтайи назаридан Латвия РФнинг сафарбарликдан бўйин товлаган фуқаролари учун гуманитар ва бошқа турдаги визалар бермаслигини маълум қилди.

Федерация кенгаши сафарбарлик вақтида ва уруш шароитида ҳарбий хизматга қарши жиноятлар учун жазони кучайтириш, шунингдек, ихтиёрий таслим бўлиш ва талончилик учун жиноий жазо жорий этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Бу қонун қабул қилинишига фақат бир сенатор, Санкт-Петербургнинг собиқ мэри Анатолий Собчакнинг беваси, журналист Ксения Собчакнинг онаси ҳисобланган Людмила Нарусова қарши чиққан.

Қонун, шу жумладан, ўзи хизмат қилаётган қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, буйруққа риоя этмаслик ва сафарбарлик давридаги дезертирлик учун ҳам жазони қатъийлаштиради.

Ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан бош тортганлик учун қонунга кўра уч йилгача озодликдан маҳрум этиш назарда тутилган, агар бундай бош тортиш «оғир оқибатлар»га олиб келадиган бўлса — муддат 10 йилгача бўлади. Буйруқни бажармаганлик учун ҳам шундай муддат назарда тутиилган.

Қонун 20 сентябр куни, Россияда сафарбарлик эълон қилиниши арафасида шошилинч тарзда қабул қилинди. Федерация кенгаши маъқуллагач, у Владимир Путинга имзолаш учун юборилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг