09:17 / 22.10.2022
2 388

Россия армияси Херсонни ўз назоратида сақлаб қола оладими?

Россия армияси Херсонни ўз назоратида сақлаб қола оладими?
Фото: ТАСС
Украинадаги Россия қўшинлари қўмондонлиги томонидан эълон қилинган «нооддий қарорлар»нинг уч варианти ҳақида.

Россиянинг Украинадаги қўшинларининг янги қўмондони генерал Сергей Суровикин бир неча кун олдин Россия телевидениеси учун ўзининг дастлабки дастурий баёнотини берди. Унинг чиқишининг катта қисми Херсон областидаги вазиятга бағишланган, бу ҳудудда маҳаллий расмийлар тинч аҳолини Днепрнинг ўнг соҳилига эвакуация қилишга киришган.

Суровикин областда вазият мураккаблашгани, Днепр устидан таъминот украинларнинг мунтазам ракета зарбалари туфайли тўхтаб қолганини тан олган. «Энг қийин қарорларга қўл урилиши истисно этилмайди», — деди генерал. Шундан кейинги куни Владимир Путин босиб олинган ҳудудларда «ҳарбий ҳолат» эълон қилди, унга кўра маҳаллий аҳоли мажбуран кўчирилиши ҳам назарда тутилади.

«Медуза» Россия қўмондонлиги Днепрнинг ўнг соҳилидаги гуруҳнинг мураккаб вазиятидан келиб чиққан ҳолда қандай «мураккаб қарорлар» қабул қилиши мумкинлигини таҳлил қилди.

Херсон атрофида россияликлар учун қандай «оғир вазият» шаклланган?

Шаҳар (областнинг шу номдаги маркази), шунингдек унинг атрофидаги бир қанча районлар Днепрнинг ғарбий (ўнг) соҳилида жойлашган. Октябр ойи бошида Россия таркибига қўшиб олинган Херсон областининг катта қисми эса шарқий соҳилда жойлашган, РФ қуролли кучларининг Украина жанубидаги барча гуруҳларининг асосий таъминот базалари ҳам (уларнинг бир қисми Қримда).

Бундай географик ўзига хослик олдинги чизиқдаги Россия бўлинмаларининг қийин позициясини белгилайди, улар бу ерга март ойидаёқ келиб қолишганди. Ўшанда Қримдан ҳаракатланган ҳаво-десант кучлари, денгиз пиёдалари ва мотоўқчилардан иборат бир неча кучайтирилган батальонлар украинлар мудофааси қулашидан фойдаланган ҳолда Херсонни эгаллаган ва бир неча йўналишда илгарилаганди:
  • ғарбга (Миколайив шаҳри чеккаларига);
  • шимоли-ғарбга (Южный Буг дарёсида Вознесенск шаҳри яқинида ўтган кўприк томон);
  • ва шимолга (Кривой Рог шаҳри атрофларига).

Асосий юриш йўналиши Вознесенск бўлганди, Россия қўмондонлиги бу ердан қўшинларни Одесса томон ташлашни мўлжаллаганди. Барча гуруҳларнинг таъминоти бир неча кўприклар орқали амалга ошириларди: Херсон яқинидаги Антонов автомобил кўприги, унга ёндош ўтган темирйўл кўприги ва 50 километр шарқда Нова Каховкадаги ГЭС тўғонидан ўтган иккиталик (автомобил ва темирйўл) йўл.

Аммо март ойидаёқ бундай амбицияли юришлар учун куч етишмаслиги аён бўлиб улгурди. РФ қуролли кучларининг захираларини бу йўналишларга дарҳол ташлаш имкони бўлмади ва қўшинлар Миколайив, Вознесенск ва Кривой Рогдан Херсон области чегараларига чекинишига тўғри келди. Бу ерда (шунингдек Миколайив областининг Снигиревка шаҳри атрофидаги плацдармда) улар узоқ муддат учун мўлжалланган мудофаа истеҳкомлари қуришга киришди. Географик жойлашув бу ҳудудда ҳимояланишни қулайлаштирарди: бу ҳудуд ўрмонзорлар деярли учрамайдиган кенг даштлардан иборат бўлиб, юриш қилаётган томон яширинча ҳаракатланишининг имкони йўқ; мудофаа линиясининг катта қисми Ингулец дарёси ёқалаб жойлашган.

Украина қуролли кучлари дарёни кечиб ўтишга ёздаёқ уриниб кўрган, аммо катта йўқотишларга учраганди. Жиддий сув тўсиқлар бўлмаган Миколайив томондан юриш қилиш ҳам муваффақиятсизликка учради: Россия авиацияси ва артиллерияси яланғоч даштлар бўйлаб ҳаракатланган бўлинмаларни осонлик билан ўққа тутди. Фронт кўп вақтга барқарорлашди, Россия қўмондонлиги эса июл ва август ойларида ўнг соҳилга каттагина қўшимча кучлар олиб келди.

Шундан кейин Украина қуролли кучлари янги тактика қўллашга ўтди: россияликлар позицияларига рўпарадан ҳужум қилиш ўрнига улар Россия гуруҳларининг ўқ-дори омборлари ва логистикасини режали тарзда йўқ қилишга киришди. Августга қадар бунинг имкони йўқ эди: украин армиясида узоқ масофага аниқ ҳаракатланувчи қудратли ўт очиш воситалари мавжуд эмасди. Аммо ёз давомида Украина қуролли кучлари учун фронт чизиғидан анча ичкаридаги нишонларга аниқ зарба беришга қодир бўлган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари етиб келди — GPS орқали йўналтириладиган 90 килограммлик ракеталар қарийб 90 километрга учиб бориши мумкин.

Ракета зарбаларининг асосий нишони айнан кўприклар бўлди. Бундай ўқ-дори билан кўприкларни буткул вайрон қилиш имконсиз эди, аммо россиялик муҳандислар кўп вақт сарфлаб йўлни таъмирлаши билан Украина қуролли кучлари бир зумда уни ишдан чиқараверди. Октябр ойи ўрталарига келиб Антонов кўприги бўйлаб ҳаракат бутунлай тўхтатилган, Херсон билан темирйўл қатнови ҳам йўқ, Нова Каховкадаги ГЭС тўғони бўйлаб ўрнатилган вақтинчалик кўприклар орқали юк машиналари қатнаши мумкин, аммо улар ҳам зарба остида бўлиб турибди.

Сўнгги ойларда Днепрнинг ўнг қирғоғидаги қўшинлар таъминоти — худди Херсондаги тинч аҳолиники каби — паромлар ва катерлар воситасида амалга оширилди. Украина қуролли кучлари уларга ҳам зарбалар беришга уриниб кўрди, аммо бу уринишлар ҳамиша ҳам муваффақиятли чиқавермади: баравар ўт очиш реактив тизимларининг GPS орқали юқори аниқликда йўналтириладиган ракеталари ҳаракатланувчи нишонларни йўқ қилишда у қадар самарали эмас. Шунга қарамай, ҳарбийларнинг паромлари бир неча бор зарбага учради.

Аммо энг асосийси, бундай транспорт орқали ташиш ҳажми жуда паст (кўприкларники билан солиштирганда). Россия қўмондонлиги бундай воситалар сонини кескин кўпайтира олмади: бунинг учун транспорт воситалари етишмайди (РФ қуролли кучлари маҳаллий бизнесменлардан бир қанча баржаларни тортиб олиб, кечув учун ишлатгани маълум). Бундан ташқари, Херсон ва унинг атрофида қолган юз минглаб кишилар (урушга қадар бу ерда 300 минг киши яшаган, аммо кўпчилик россияликлар назоратидаги ҳудудни тарк этган) учун ҳам озиқ-овқат ва бошқа зарур воситаларни етказиб бериш талаб этиларди.

Якунда Россия қўмондонлиги плацдармдаги гуруҳни айтарли даражада кучайтира олмади: ҳозиргидан бир неча баробар кўп сондаги қўшин — ўн минглаб аскарлар учун шунчаки ўқ-дори, техника ва озиқ-овқат етказиб бериш учун етарли имконият бўлмайди. Бундай шароитда Украина қуролли кучлари муваффақиятли ҳужум қилиши учун керак бўлган иш — шунчаки сон борасида россияликларникидан анча кўпроқ гуруҳларни йиғиш эди.

Бундай гуруҳ жамланган, аммо юришнинг биринчи ойида (август ойи охиридан октябр ойи бошига қадар) украин қўшинлари у қадар муваффақиятга эриша олмади: Ингулец орқали ёриб кирган қўшинлар даштликда РФ қуролли кучлари томонидан тўхтатилди, уларга артиллерия ва авиациядан тинимсиз ўт очилди. Украина қуролли кучлари бир қанча қишлоқ ва посёлкаларни озод этишди, аммо улар Днепргача етиб кела олишмади.

Октябр ойи бошида украин қўмондонлиги ташаббус (яъни ҳал қилувчи ҳужум учун жой танлаш имконияти) ва сон борасидаги устунликдан фойдаланиб, россияликлар мудофаасидаги заиф нуқтани топа олди: Днепр ёқалаб жойлашган позицияларга зарба берилди, бу ҳудудда Қримдан келган ва аввалги жангларда ҳолдан тойган мотоўқчилар мудофааланаётганди. Фронт чизиғи бир неча ўн километрга ёриб кирилди. Якунда плацдармнинг шимолий участкасидаги барча Россия қўшинлари янги мудофаа линияси ташкил этиш учун чекинишга мажбур бўлди.

Сўнгги ҳафталарда бу линия бўйлаб локал жанглар кечмоқда. Россия манбалри буни «Украина қуролли кучлари ҳужумлари» деб атамоқда, аммо Украина томони фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётганини инкор этмоқда. РФ қуролли кучлари «далиллар» келтирган — украин техникаларининг зарбага учраган бир қанча колонналарини. Нима бўлганда ҳам, Украина армияси икки ҳафтадан буён бу ҳудудда йирик муваффақиятларга эришгани кўзга ташланмади.

Аммо умумий вазият россияликлар гуруҳи учун ёмонлашишда давом этмоқда. Украина қуролли кучлари ташаббусга эгалик қилмоқда; таъминотдаги муаммолар туфайли РФ қуролли кучлари гуруҳини кучайтириш имкони йўқ. Узоқ истиқболда бу гуруҳ ҳолати умидсиз кўринади: сафарбар қилинганлардан иборат катта гуруҳлар фронтга ташланиши ҳам ёрдам бера олмайди. Эртами кечми украин қўшинлари муваффақиятли қарши ҳужум ўтказиши тайин (октябр ойи бошидаги каби). Херсондаги Россия қўшинларини қутқариши мумкин бўлган ягона нарса — умуман урушда ташаббусни қўлга олиш, яъни РФ қуролли кучлари бошқа фронтларда йирик ҳужумга ўтиб, Украина қўмондонлигининг эътиборини шу жабҳаларга тортиб, Херсондаги ҳужумларни тўхтатишга мажбур қилиш ҳисобланади (ҳозирча кўриниб турибдики, бундай ҳужум бошлаш имкони йўқ).

Суровикин қандай «қийин қарорлар»ни назарда тутган бўлиши мумкин?

1. Плацдармдан қўшинларни эвакуация қилиш

Ҳарбий нуқтайи назардан бу энг мантиқий қарордир: Днепрнинг ўнг соҳилидаги кучлар нисбатини ўзгартириш имконсиз; гуруҳ энди Миколайив ва Одессага ҳужум қила олмайди, шу туфайли уни ярим қуршов ҳолатида сақлаб туришдан маъно йўқ. Херсон плацдармидаги жанговар қўшинлар Днепрнинг чап соҳилини ҳимоя қилиш учун ва Қримга яқин жойлаштириш ҳарбий нуқтайи назардан плацдармда қолдиришдан кўра муҳимроқдир. Украина қуролли кучлари Днепрни осонлик билан кечиб ўта олмайди, бу катта дарё ёқалаб мудофаа чизиғи яратиш учун эса даштдаги жанглар учун талаб қилинганидан кўра кўпроқ кучлар керак.

Бундай қарор қабул қилинишига сиёсий омиллар халал бериб келади: Херсон шаҳри — босқин бошланганидан буён эгалланган ягона област марказидир, Украина шарқи ва жанубидаги ҳудудлар аннексия қилингач, у «РФнинг янги регионлари»дан бирининг пойтахтига айланди. Бундан ташқари, ҳеч бўлмаганда ёзнинг охирига қадар Кремль учун урушнинг мақсадлари орасида Одессани эгаллаш ҳам бор эди. Дарёнинг ўнг соҳили ташлаб кетилган тақдирда РФ ҳукумати бундай режадан бутунлай воз кечишига тўғри келади (дарёдан яна кечиб ўтиш имкони бўлиши даргумон — Украина армияси қаршиликни давом эттирар экан, бунга умид қилмаса ҳам бўлади).

Аммо барчаси шуни кўрсатмоқдаки, Суровикиннинг «қийин» қарори (сиёсий нуқтайи назардан) айнан эвакуация бўлади, аввалига Херсоннинг россияпараст аҳолисини, кейин қўшинларни — ўнг соҳилдан олиб кетиш. Катта эҳтимол билан, генерал қўмондонлик учун биринчи галда — тинч аҳоли (Россияга мойил бўлган) ва РФ қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг ҳаёти туришини айтганида алдамаган, айниқса ҳарбийларда ҳудудни сақлаб қолиш имкони бўлмаган ҳолатда.

2. Ҳозирда таъминоти давом эттирилиши керак бўлган тинч аҳолини эвакуация қилиш — ва плацдарм ўлчамини Херсон ва Бериславдаги (Нова Каховка рўпарасида) «қалъалар» ҳажмигача қисқартириш

Бундай режа таъминотдаги муаммоларни қисман ҳал қилган бўларди: Днепрга яқин ҳудудда бир неча кичик плацдармлар қолдирилади, шарқий соҳилдан таъминот етказиб беришга ўта талабчан бўлган тинч аҳоли ва артиллериянинг бир қисми олиб кетилади. Артиллерияни шарқий соҳилга жойлаштириш ҳам мумкин, улар шу ердан туриб ғарбий соҳилда дарёга яқин жойлашган қисмларни мудофаа қилиб тура олади. Бундан ташқари, «Херсон қалъаси» мудофааси асосий сиёсий муаммони ҳал қилади (област пойтахтини таслим қилмаслик). Херсон «қалъа» бўлиши кераклигини «областнинг қўғирчоқ раҳбари» Владимир Сальдо ҳам айтиб ўтди.

Аммо бундай ечим ҳарбий нуқтайи назардан «мураккаб»: дарё орқали таъминот амалга оширилиши давом этса ҳам, доимий равишда украинларнинг стволли артиллерияси зарбалари остида туради. Шу вақтгача Россия қўмондонлиги нормал таъминот имкони бўлмаган ҳудудларда қамал ҳолатидаги «қалъа»да охиригача курашишни эмас, қўшинларни эвакуация қилишни маъқул кўрган — Киев атрофидан ҳам, Илонли оролдан ёки сентябр ойида Харкив области шимолидан ҳам.

3. Ядровий зарбага тайёргарлик кўриш

Россия қўмондонлиги томонидан стратегик бўлмаган ядро қуролларини қўллаш бўйича эҳтимолий доктринани ўрганаётган экспертларнинг ҳисоблашича, бундай эҳтимолий зарбанинг мақсадлари қуйидагича бўлиши мумкин:
  • одамлар яшамайдиган дашт
  • рақиб қўшинлари.

Херсон области ғарби — аҳоли кам яшайдиган ва ўн минглаб украин ҳарбий хизматчилари турган дашт ҳудуддир. Назарий жиҳатдан, айнан шундай район намойишкорона ядро зарбаси учун танланиши мумкин - бу ёки эскалацияни охирига қадар кучайтиришга, душман (Украина ва Ғарб) бундай қадам ташлай олмайди, ёки эп кўра олмайди), ёки душманни Кремл шартлари асосида музокараларга кўндиришга қаратилган. Бундай зарбага тайёргарлик «қўшимча қурбонлар»дан қочиш учун аҳолини эвакуация этишни талаб қилади.

Аммо Суровикин айнан шундай «қийин қарор»ни назарда тутгани эҳтимоли кам. Бундай зарба ҳеч қандай ҳарбий фойда ваъда қилмайди ва сиёсий жиҳатдан ўта хавфлидир: Ғарб кескинликни юмшатиш ўрнига эскалацияга бориши мумкин — масалан, Украинадаги Россия армиясига конвенция рухсат берувчи қуроллар билан ўта кучли зарбалар бериш (Ғарб экспертлари ядро эскалациясига жавобан шундай жавоб варианти бўлишини очиқ муҳокама қилишмоқда). Шундай экан, можаро ривожланишида ядро қуроли қўлланиши эҳтимоли ҳамон жуда пастлигича қолмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг