19:00 / 16.12.2022
1 271

Украинадаги урушнинг 295-куни: Донецкка снарядлар ёғдирилиши ва Харкивда истило излари (фото)

Украинадаги урушнинг 295-куни: Донецкка снарядлар ёғдирилиши ва Харкивда истило излари (фото)
Украинадаги урушнинг 295-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
  • 15 декабр куни тонгда оккупация остидаги Донецк 2014 йилдан буён энг кучли даражада ўққа тутилди (россиялик ҳарбий мухбир Андрей Руденконинг айтишича, шаҳарга бир вақтнинг ўзида 40 та снаряд ёғдирилган). Маҳаллий расмийлар ҳужумда Украина ҳарбийларини айблаган. Россия томонидан тайинланган мэр ҳужум оқибатида беш киши жабрланганини маълум қилди.
  • Полша Сейми Россияни «терроризм ҳомийси бўлган давлат» сифатида тан олди.
  • Хабаровскда яшовчи киши Украинага «давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар»ни сотишга уринишда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.
  • Брянскда суд Удмуртия аҳолиси вакилини Украина томонида жанг қилиш учун йўл олишда айблаб, беш йилга қамалди.
  • Россия армияси Херсонни ўққа тутди. Икки киши ҳалок бўлган. Шаҳар тўлиқ электр таъминотидан узилган.
  • Днепропетровск области ҳам ўққа тутилиши оқибатида 65 ёшли киши ҳалок бўлган. Маҳаллий област кенгаши фуқаролик инфратузилмаларидаги жиддий вайронгарчиликлар ҳақида хабар берган.
  • Россияда фронт ҳудудида окоп қазиш ва истеҳкомлар қуриш учун ишчилар ёллаш бошланди. Avito, «ВКонтакте» ва HeadHunter сайтларида шу мазмундаги эълонлар жойлаштирилган.
  • Украина армияси бош қўмондони Валерий Залужний Россия 200 мингга яқин янги аскар «тайёрлаётгани» ва яна Киевга ҳужум бошлаши мумкинлигини айтди.
  • Полша полицияси штаб-квартирасида Украинадан келган совға портлаб кетди. Полиция коменданти енгил жароҳат олган. Портлаш туфайли Варшава Киевдан изоҳ сўраган. Украина ТИВ портлаш ҳақидаги хабар тафсилотларини ўрганмоқда.

Купянск атрофида саккиз ой истило остида яшаган қишлоқ

Купянск шаҳри — Харкив областидаги энг йирик иккинчи темирйўл тугунидир — у Россия-Украина чегарасидан 40 километр масофада жойлашган. РФ қўшини шаҳарни 27 феврал куни босиб олганди ва шу ердан темирйўл орқали Харкив области ва Донбасс шимолидаги бўлинмалари таъминотини йўлга қўйганди. Сентябрда украин ҳарбийлари Купянскни озод этишди. Шаҳар отишмалардан жиддий даражада шикастланган. Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг ҳисоблашича, Россия Купянскка қарши ҳужум бошлаш учун куч тўпламоқда.

Украин ҳарбийлари Купянскдан тўққиз километр масофада жойлашган Петропавловка қишлоғидаги ҳоспиталдан топилган россиялик аскарларнинг жасадларини қопларга солмоқда.
Sergey Bobok / AFP / Scanpix / LETA


Купянскдан 14 километр масофадаги Ковшаровка қишлоғи яқинида яксон қилинган россияликлар танкини кўздан кечираётган украин ҳарбийлари
Sergey Bobok / AFP / Scanpix / LETA


Петропавловкада яшовчи кекса ёшли аёл Россия қўшинидан қолган ҳарбий техника олдидан ўтиб бормоқда
Sergey Bobok / AFP / Scanpix / LETA


РФ армиясининг Ковшаровкадаги яксон этилган ҳарбий техникаси
Sofia Bobok / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Донецк бўйлаб ўт очилиши оқибатлари

15 декабр тонгида, оккупацион ҳукумат версиясига кўра, Украина қуролли кучлари Донецкни баравар ўт очиш реактив тизимларидан ўққа тутган. Россия томонидан тайинланган расмийлар бу 2014 йилдан буён энг кенг кўламли зарбалар бўлганини айтишди ва ҳужумда Украина ҳарбийларини айблашди. «РБК Украина» маҳаллий пабликларга асосланиб ёзишича, зарбалардан Мактаб булвари, Театр проспекти ҳамда Набережная ва Артём кўчалари шикастланган. Снарядлар тушган жойларда ёнғинлар бошланган, беш киши жабрланган.

Донецк марказида ёниб кетган автомобил
Валентин Спринчак / ТАСС


Ўққа тутилган кўп квартирали уйда ишлаётган ўт ўчирувчи
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA


Донецкда отишмалар вақтида жабрланган аёл
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Отишмадан кейинги Харкив

Украиналик полициячилар Харкивда Россиянинг С-300 тизими ракетаси келиб тушган жойни текширмоқда. 15 декабр куни РФ армияси шаҳар ғарбидаги Холодногорский районига зарба йўллаганди. Харкив мэри Игор Терехов зарбалар нишони инфратузилма объектлари бўлганини айтган (у айнан қайси объектлар ўққа тутилганига аниқлик киритмаган, аммо бу ҳудудда иккита темирйўл станцияси, шунингдек Жанубий темирйўллар ва Харкив метрополитени бошқармалари жойлашган). Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA

Одессада қоронғиликда балет дарси

Украина энергия тизими РФ қўшинлари томонидан октябр ва ноябр ойларида ёппасига ўққа тутилгани туфайли бутун мамлакат бўйлаб электрни режали ўчириш ишлари давом этмоқда. Одессадаги балет мактаби раҳбари Светлана Антипова талабаларига чироқлар ёруғида дарс ўтишга мажбур бўлмоқда. Фото: Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / Vida Press

Светлана Антипованинг ўқувчиларидан бири балет машғулотлари вақтида
Gian Marco Benedetto / Anadolu Agency / Vida Press

Бахмутдаги украин қўшини

Бахмут йўналишида шиддатли жанглар давом этмоқда. Украина қўшини россияликларнинг октябр ойи охирида бошланган юришларини тўхтатиб турибди. РФ армиясининг Бахмут атрофидаги асосий кучлари — «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари, шунингдек, сафарбар қилинганлар бўлмоқда. Украина Миллий гвардияси «Свобода» батальонидаги рота командири Евгений Оропайнинг сўзларига кўра, улар Украина армияси жангчиларини ҳолдан тойдириш учун доимий равишда украинларнинг позицияларини штурм қилмоқда. Шу билан бирга, ушбу ҳарбий Россия Бахмутни янги йилга қадар эгаллаши имконсиз эканини қайд этган.

Бахмутда россияликларнинг 14 декабр кунги зарбаларидан кейин тутаб ётган бино олдидан ўтаётган тинч аҳоли вакиллари
Chris McGrath / Getty Images


Украин ҳарбийлари россияликларнинг Бахмут атрофидаги позициялари томон дрон учиришмоқда
Libcos / AP / Scanpix / LETA


Бахмутдаги кўчада ҳаракатланаётган украинлар зирҳли транспортёри (БТР)
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / Getty Images


Украин ҳарбийлари «Пион» русумли артиллерия қурилмасидан россияликларнинг Бахмут атрофидаги позицияларини ўққа тутмоқда
Libcos / AP / Scanpix / LETA
Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги урушнинг 295-куни: Донецкка снарядлар ёғдирилиши ва Харкивда истило излари (фото)