14:10 / 09.05.2023
232

Эрдўған 20 йиллик ҳукмронликдан сўнг мухолифатга ютқазиши мумкинми?

Эрдўған 20 йиллик ҳукмронликдан сўнг мухолифатга ютқазиши мумкинми?

Истанбул, 2023 йил 2 май. Фото: Reuters

Бир неча кун аввал Туркия аҳолисига келган SMS-хабарда улар келгуси ойдан иситиш тизими учун тўловлардан озод бўлиши маълум қилинди. Шу йўл билан ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (Adalet ve Kalkınma Partisi, АKP — АТП) сайлов арафасида сайловчилар мойиллигини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса май ойида иситиш тизимидан фойдаланмасликларини писанда қилишган, деб ёзади журналист Марина Ушакова.

14 май куни Туркиянинг амалдаги раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған аҳолининг қўлловини сақлаб қололгани ёки қололмагани маълум бўлади. Ўтган сайловда у 52,5 фоиз овоз тўплаганди. Сўнгги сўровномалар натижалари манбасига кўра фарқ қилиб турибди.

Туркиядаги энг йирик, бир пайтлар мухолиф саналган, бироқ сўнгги йилларда АТП тарафдорлари назоратига ўтган Hürriyet онлайн нашри маълумотларига кўра, 2 май ҳолатига номзодларнинг бирортаси биринчи турдаёқ ғолиб бўлиш учун етарли 50 фоиз овозни қўлга кирита олмайди. Эрдўғаннинг имконияти бироз юқори баҳоланган — 48,6 фоиз. Асосий мухолиф номзод, Жумҳурият Халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғлининг имкониятлари 44,1 фоизга, «Ватан» партияси етакчиси Муҳаррам Инжаники — 4,3 фоизга, тўртинчи номзод — ATA ittifakı ўнг миллиятчи блок етакчиси Синан Ўғаннинг имкониятлари эса бор-йўғи 3 фоизга баҳоланмоқда.

Сиёсий тадқиқотлар билан шуғулланувчи мустақил SER-AR компанияси томонидан 3 май куни ўтказилган бошқа сўровномаларга кўра, мухолифат машҳурроқ: Қиличдорўғлида — 52,7 фоиз, Эрдўғанда — 44,3 фоиз, Ўғанда — 1,6 фоиз, Инжада — 1,4 фоиз.

Зилзиладан кейинги сайловлар

Сайлов арафасида ҳукмрон партия ва унинг етакчиси позициясига икки омил қаттиқ зарба берди. Биринчиси — 6 феврал куни мамлакат жанубидаги 11 та вилоятни қамраб олган кучли зилзилалар. Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа қурбонлари сони 50 мингдан ошган, жабр кўрганлар 15,7 миллион кишига етган. Уларнинг бир қисми фалокат зонасини тарк этиб, қариндошларининг уйларига жойлашишган.

Мамлакат ҳукумати қутқарув операциясини яхши ташкил этолмаслик ва яхши ўтказа олмаганликда айбланди. Айрим гувоҳларга кўра, қутқарув операцияси айрим жойларда уч кунга кечикиб бошланган, одамлар вайроналар остида суткалаб ва соатлаб қолиб кетишган, умуман ёрдам етиб бормаган жойлар ҳам бўлган. Танқидлар ёпирилгач ҳокимият аввал Twitter’ни ўчириб қўйган — айнан шу платформада фожиа жойларидан видеолар тарқатила бошланган, яқинлари вайроналар остида қолиб кетганлар техника ва қутқарувчилар жўнатилишини талаб қилишган. Кейин эса Эрдўған омма олдида баёнот бериб, операция кўнгилдагидек бўлмаганини тан олган.

Олти баробарга қимматлаган пиёз

Сайловчилар кайфиятига таъсир кўрсатувчи иккинчи омил — мамлакат иқтисодиёти аҳволи. Туркия статистика институти расмий маълумотларига кўра, бир йил ичида нархлар икки баробар — 105 фоизга ошган. Бироқ, Туркия аҳолиси вазият унданда ёмонроқ эканини айтган.

Шу йил баҳорда пиёз нархи кескин кўтарилгани алоҳида эътирозга сабаб бўлди. Усиз турк ошхонасини тасаввур этиб бўлмайди. Туркия қишлоқ хўжалиги палаталари ҳисоб-китобларига кўра, жон бошига йилига 21 кг пиёз талаб этилади. Палата йил давомида пиёз нархи 600 фоизга ўсганини аниқлаган — ўтган йил баҳорида пиёзнинг килоси 4-5 лира бўлган, ҳозирда унинг нархи 30 лирага етган. Танқидларга жавобан Ражаб Тоййиб Эрдўған унинг сайловчилари ўз етакчиларини «картошкага ҳам, пиёзга ҳам алишмаслиги»ни айтган (Ўшанда ижтимоий тармоқларда мухолиф кайфиятдаги фойдаланувчилар қайси озиқ-овқат маҳсулотлари эвазига амалдаги раҳбардан воз кечган бўлар эдингиз, деб сўровлар ўтказган, вариантлар ичида «бир бурда нонга» варианти ҳам бўлган).

Озиқ-овқат нархлари билан бирга турар жой нархлари ҳам шиддат билан ўсиб бормоқда. Расмий маълумотлар нархлар «бор-йўғи» икки ярим баробарга ошганидан гапирмоқда — феврал ойида турар жой индекси 140 фоизга ўсган. Ижара ҳақи ҳам деярли шунчага ошган: масалан, Истанбулда бу кўрсаткич 140 фоизга ўсган. Бу ижарачилар яшаш нархини оширишига белгиланган қонуний чекловларга қарамай рўй берган — у 2023 йил июнигача 25 фоиздан ошмаслиги керак эди.

Истанбулда иссиқлик таъминоти ва электр энергияси нархлари ошишига қарши намойиш иштирокчиси чекларни кўрсатмоқда. 2022 йил феврали. Фото: Reuters

Мухолифат ва унинг тарафдорлари Туркия иқтисодиёти таназзули ва ўртача статистик туркияликнинг чўнтаги қуриётганида АТП ва Эрдўғанни айблашади. Туркия етакчиси рақиблари қайд этишича, у инфляцияни иқтисодий чораларни қўллаб эмас, Марказий банк раҳбарини ишдан бўшатиб жиловламоқчи бўлган, икки йил ичида уч кишини истеъфога чиқарган. Сўнггиси 2022 йил январида Саид Эрдол Динчар бўлди: ОАВ маълумотига кўра, у 2021 йил декабрида эълон қилган нарх ўсиши билан боғлиқ маълумотлар — 36 фоиз — Эрдўғанга ёқмаган, бу сўнгги 20 йил ичидаги рекорд эди.

Ҳукмрон партия ва Эрдўғаннинг ўзи Туркия иқтисодиёти аҳволини шарҳлашни ёқтиришмайди. Бунинг ўрнига ҳокимият «тўнтариш қартаси»ни ўйинга қўшмоқчи бўлишади: унинг асосий мазмунига кўра, мухолифат ғалабаси — 2016 йил июлида олди олинган давлат тўнтариши амалга ошганини билдирарди. Эрдўғанга кўра, қамоқхоналардаги террорчилар ва хорижга қочиб кетганлар ҳам ҳокимият алмашинувини кутишмоқда. Бундан ташқари, Эрдўған мухолифат мамлакат 20 йилда эришган барча натижаларни йўққа чиқаради, деб ишончи комил.

Амалдаги етакчи бунга нисбатан аҳолига «ишонч ва барқарорлик муҳити»ни сақлашни таклиф қилмоқда. Бу шароитда, хусусан, ёшларнинг ўз шахсий турар жойи ҳам бўлади: Эрдўған ижтимоий тармоқлар орқали «Биринчи уйим, биринчи ерим» дастури ёрдамида бу йўлда барча имкониятни ишга солишини ваъда қилди.

Чунки сайловчиларнинг янги авлодини айнан шу масала ўйлантирмоқда: 30 ёшгача бўлган ёшлар мавжуд шароитларда уларнинг келажаги қандай бўлиши номаълумлигини ёзишмоқда. «Агар 5 йил аввал 300 минг лирага квартира сотиб олиш мумкин бўлса, ҳозир шу майдонга тенг квартира 3 миллион лира туради. Ўғлим 23 ёшда, у ўқиб, таълим олишидан нима наф?» — деган Истанбулдаги фабрикада ишловчи Ойша.

Мухолифат нима ваъда қилмоқда ва Эрдўғаннинг жавоби

Мухолифат ва ҳукмрон партия ўртасидаги мулоқотлар оммавий чиқишлар воситасида бўлиб ўтмоқда. Камол Қиличдорўғлининг жонли эфирда юзма-юз дебатлар ўтказишга чақириқларига қарамай, турк етакчиси бунга жавоб бермаяпти, лекин уни танқид қилишни бас қилмаяпти. Масалан, у Қиличдорўғлини «бай-бай Камол» дейди. «Бай» — туркчада «бой» дегани, «бай-бай» эса инглизчадаги «хайр» дегани.

Эрдўған тарафдорларининг Анқарадаги митинги. 2023 йил 30 апрел. Фото: Reuters

Дебатлар йўқлиги шароитида митингларда очиқдан очиқ тарғиб бормоқда. Ҳар икки номзод энг мухолиф кайфиятдаги шаҳар Измирда митинг ўтказди. Ҳукмрон АТПнинг митинги 29 апрел куни соҳилда бўлиб ўтди. Тармоқда Эрдўғаннинг кўп сонли тарафдорларидан иборат расмий суратлар фотомонтаж экани айтилган хабарлар тарқала бошлади. Бундан ташқари, йиғилганлар орасида давлат ташкилотларининг кўплаб ходимлари бўлгани, улар митингга ишдан ҳайдалиш таҳдиди остида чиқарилгани хабар қилинди. Шундан сўнг Эрдўған Анқарадаги сайловчилар олдида чиқиш қилди ва «Аллоҳнинг нусрати билан мухолифатни йўқ қилиши»ни ваъда қилди.

Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Амина Эрдўған Анқарада сайловчиларни қутламоқда. 2023 йил 30 апрел. Фото: Reuters

Камол Қиличдорўғли Измирдаги жавоб митингида «Туркияни яна ёруғликка олиб чиқиши»ни ҳамда «Туркия демократиясини тиклаши»ни ваъда қилди. Икки километрлик соҳилнинг одамлар билан лиқ тўлгани суратлари ва тасвирлари турк ва жаҳон нашрларида тарқалди, Қиличдорўғлини қўллаш учун Тарканнинг концертидагидан ҳам кўпроқ одам йиғилгани хабар қилинди (2022 йил сентябрида таниқли қўшиқчи Измирнинг юнон оккупациясидан озод қилинганининг 100 йиллигига бағишланган байрамда чиқиш қилганида майдонда миллионга яқин одам йиғилган эди).

Измирда Камол Қиличдорўғлини қўллаб ўтказилган митинг. 2023 йилнинг 30 апрели. Фото: Reuters

Истанбулда туғилиб катта бўлган Камол илк марта атрофидаги одамлар ҳам мухолифат ғалаба қозонишига жиддий ишонишаётганини айтмоқда. Кўча-кўйда ва транспортда фаол ташвиқот — баннерлар, рекламалар кўзга ташланмоқда. Камол Қиличдорўғли мухолифат дастурининг Туркиядаги қочқинлар масаласига бағишланган пунктига эътибор қаратмоқда: гап, жумладан, Суриядан қочиб кирганлар ҳақида ҳам бормоқда. «Сўнгги йилларда фуқароликни қўлга киритиб, Туркияга кўчиб ўтган сурияликлар одамларнинг ғашига тегмоқда, — деган Камол. — Ҳамма биладики, турк паспортларини тарқатиб, Эрдўған ўзига янги сайловчилар овозини таъминлашга уринган. Чунки аҳолининг 30–40 фоизини ташкил этувчи эски турк сайловчиларининг овозларини у йўқотишга улгурган».

Сайловолди дастурида Қиличдорўғли, хусусан, хорижлик харидорларга турар жойлар харидини камида 5 йилга — нархлар тушмагунча тақиқлашни ваъда қилмоқда. У шунингдек, «фуқаролар учун ҳақоратли бўлган» Туркияда турар жой сотиб олган хорижлик фуқароларга солиқ имтиёзлари беришни бекор қилмоқчи.

Камол Қиличдорўғли Текирдоғдаги тарафдорларини олқишламоқда. 2023 йил 17 апрел. Фото: Reuters

Умуман олганда, мухолифат коалицияси бу сафар олтита партиясини, жумладан, миллиятчилар («Яхши партия») ва консерваторлар («Бахт партияси»), демократик партия, Демократия ва тараққиёт партияси, Келажак партияси ва Жумҳурият халқ партиясини бирлаштира олишга муваффақ бўлишган.

Мухолифат билан музокаралар столига ўтиришни рад этганлардан бири — сайловда ўз номзодини илгари сурган Муҳаррам Инжа. Энди 2018 йилда Эрдўғанга сайловни ютқазган сиёсатчини АТПнинг Қиличдорўғлидан овозларни тортиб олиш мақсадида қўйилган «ўйинчоғи» деб айблашмоқда. Турк ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари ва таҳлилчилар Инжа ҳукмрон партия ва унинг етакчисини танқид қилиш ўрнига бош мухолифат номзодига бор диққатини жамлаганига эътибор қаратган. Масалан, у ҳукмрон партия йўлини қўллаб-қувватлаб, Қиличдорўғлини FETÖ (Fethullahçı Terör Örgütü) билан алоқаларда айблаган. «Қиличдорўғли FETÖнинг янги ҳамкори», — деган Инжа.

Турли таҳлилларга кўра 1,5 фоиздан 3 фоизгача овоз тўплаши мумкин бўлган тўртинчи номзод — Синан Ўған келиб чиқиши озарбойжон бўлган сиёсатчи, у рус тилини ҳам билади. У АҚШ ва Европа билан пухта ўйланган алоқалар, шунингдек, Суриянинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори.

Мавжуд қонунчиликка кўра, ғалаба учун номзодлардан бири 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаши керак. Агар сайловда бунга эришилмаса, овоз бериш натижалари етакчилари ўртасида 28 май куни иккинчи тур ўтказилади. Президент сайловидан ташқари Туркия фуқаролари мамлакат парламентига номзодлар учун ҳам овоз беришади.



Эрдўған, Камол Қиличдорўғли, Туркиядаги сайлов, Муҳаррам Инжа, Синан Ўған

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған 20 йиллик ҳукмронликдан сўнг мухолифатга ютқазиши мумкинми?