17:50 / 04.12.2024
31

Россиянинг бир ҳудуди мигрантларга 82 та соҳада ишлашни тақиқлади

Россиянинг бир ҳудуди мигрантларга 82 та соҳада ишлашни тақиқлади
Твер области
Россиянинг Твер области маъмурияти 2025 йилдан бошлаб чет эл фуқароларини жалб қилиш тақиқланадиган иқтисодий фаолият турлари рўйхатини икки баравар кўпайтирди.

Агар бугунги кунда областда яшовчи хорижликлар 36 та соҳада ишлаш ҳуқуқига эга бўлмаса, 2025 йилдан бошлаб улар учун тақиқланган фаолият турлари сони 82 тага етказилади.

Энергетика, сув таъминоти, компютер ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, ахборот технологиялари соҳасидаги фаолият, ижара ва лизинг, ветеринария, сайёҳлик агентликлари, жамоат ва нотижорат ташкилотлари ва бошқа соҳаларда хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган 52 та йўналишда тўлиқ тақиқ жорий этилмоқда. Тақиқ нашриёт, кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш ва илмий тадқиқотлар каби соҳаларга ҳам тегишли.

Ўсимликшунослик, балиқчилик ва чорвачилик, гўшт ва балиқни қайта ишлаш, сут ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, электр жиҳозлари, транспорт воситалари, мебел ишлаб чиқариш, таъмирлаш, машина ва ускуналарни ўрнатиш каби соҳаларда ҳам хорижликлар меҳнати тақиқланди.

Расмийлар янги тақиқ ва чекловларни минтақа иқтисодиётидаги мигрантлар сонини камайтириш ва туб аҳолини қўллаб-қувватлаш истаги билан изоҳламоқда. Бўшаган иш ўринларини Юқори Волга области аҳолиси, жумладан, ёшларга бериш режа қилинган.

«Биз бу ишларни тизимли равишда олиб боряпмиз. Биз имкон қадар бизнеснинг позициясини ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Аммо шу билан бирга, давлатнинг стратегик хавфсизлиги масалалари устуворлигича қолмоқда», деб тушунтирди Твер области губернатори Игор Руденя маъмурият йиғилишида.

Юқори Волга ҳудудида меҳнат патентини олган хорижликлар асосан малака талаб қилмайдиган касбларда ишлаши мумкин бўлади - масалан, юкчи ва ёрдамчи ишчилар.

2025 йилдан бошлаб областда меҳнат мигрантлари учун патент нархи 14 973 рублгача ошади, бу ҳозирги даражадан 39,4 фоизга юқори. Натижада Твер патент нархи бўйича Марказий Федерал округдаги энг қиммат ҳудудга айланади. Масалан, Москвада патент нархи 8,9 минг рублгача кўтарилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиянинг бир ҳудуди мигрантларга 82 та соҳада ишлашни тақиқлади