Ойда бегона цивилизация излари яширинган бўлиши мумкин

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Олимлар Ой юзасида қадим замонларда мавжуд бўлган бегона сивилизацияларга тегишли технологик қолдиқлар сақланиб қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
- Тадқиқотчиларнинг фикрича, бундай технологияларнинг ниҳоятда кичик бўлаклари ҳатто юлдузлараро фазони босиб ўтиб, Ойга етиб келган бўлиши мумкин.
Олимлар Ой юзасида қадим замонларда мавжуд бўлган эҳтимолий бегона цивилизацияларга тегишли технологик қолдиқлар сақланиб қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бундай технологияларнинг ниҳоятда кичик бўлаклари ҳатто юлдузлараро фазони босиб ўтиб, Ойга етиб келган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Тадқиқот натижалари архив препринтлар серверида эълон қилинган. Бу ҳақда “Live Science” маълумотига таяниб, “Ohu.Az” хабар берди.
Олимлар узоқ йиллардан буён коинотда Ердан ташқари цивилизацияларнинг технологик фаолиятига оид турли белгиларни излаб келмоқда. Бироқ ҳозиргача бундай цивилизациялар мавжуд бўлганини тасдиқловчи ишончли далиллар топилмаган. Тадқиқот муаллифлари бунинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида бегона цивилизацияларнинг аллақачон йўқ бўлиб кетган бўлиши мумкинлигини илгари сурмоқда.
Шунга қарамай, улар яратган технологик қолдиқлар ҳали ҳам сақланиб қолган бўлиши эҳтимоли мавжуд. Олимлар эса ана шундай изларни излаш учун Ойни энг истиқболли ҳудудлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
Бунга, аввало, Ойнинг ўзига хос табиий шароити сабаб бўлади. Унда атмосфера ва магнит майдони мавжуд эмас. Шу боис Ой юзаси доимий равишда метеоритлар, шунингдек, Қуёш тизими ва унинг ташқарисидан келадиган микроскопик заррачалар оқими таъсирида қолади.
Бундан ташқари, Ойда тектоник фаоллик ва суюқ сув ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли унинг юзасига тушган заррачалар вақт ўтиши билан Ердагидек емирилиб ёки бошқа жараёнлар таъсирида йўқолиб кетмай, Ой чанги таркибида узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин.
Тадқиқотчилар ана шу чанг орасида жуда қадимда йўқ бўлиб кетган бегона цивилизацияларнинг технологик фаолиятидан қолган ниҳоятда майда парчалар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Масалан, улкан сунъий космик иншоотлар, жумладан, Dyson сфералари, ёки бегона цивилизацияларга тегишли космик аппаратлар вайрон бўлганидан сўнг, уларнинг қолдиқлари юлдузлараро фазога тарқалган бўлиши мумкин.
Металл ёки бошқа сунъий материаллардан ташкил топган микроскопик заррачалар ақлли цивилизациялар яшаган юлдуз тизимларидан кучли юлдуз шамоллари таъсирида чиқариб юборилган бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Улар жуда узоқ вақт давомида галактика бўйлаб ҳаракатланиб, охир-оқибат Қуёш тизимига кирган ва Ой юзасига тушган бўлиши мумкин.
Олимларнинг фикрича, агар бундай технологик қолдиқлар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлса, уларни Ой юзасидан аниқлаш ва топиш бошқа сайёраларга қараганда нисбатан осонроқ кечиши мумкин.
Бироқ ҳозирча бу фақат илмий гипотеза ҳисобланади. Ойда бегона цивилизацияларга тегишли технологиялар ёки уларнинг қолдиқлари топилганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил мавжуд эмас.






























Изоҳлар 0
…