Қоплон ҳужум қилганда митти ит кутилмаган ишни қилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ҳиндистонда митти уй ити ўз ҳовлисига яширинча кириб келган қоплон билан олишиб, йиртқични қочишга мажбур қилди.
- Кузатув камерасига муҳрланган кадрларда, қоплон ухлаб ётган итга ташланади, бироқ митти ит ўзидан бир неча баробар катта йиртқичга қарши жасурона курашиб, уни ҳовлидан қувиб чиқаради.
Ҳиндистонда митти уй ити ўз ҳовлисига яширинча кириб келган қоплон билан олишиб, йиртқични қочишга мажбур қилди. Қизиқарли воқеа кузатув камерасига муҳрланган.
Кадрларда хонадон ташқарисида ухлаб ётган ит кўринади. Қоронғу тушган пайтда йирик қоплон ҳеч кимга сездирмай ҳовлига кириб келади ва ухлаб ётган итга ташланади.
Бироқ қоплон митти итдан бундай қаршиликни кутмаган эди. Ит бир зумда уйғониб, ўзидан бир неча баробар катта йиртқичга қарши ташланади. У қоплонга тишлари билан ҳужум қилиб, ортга чекинишни истамайди.
Шундан сўнг икки ҳайвон ўртасида кескин бир-бирига ташланиш бошланади. Улар бир-бири билан олишиб, ҳовлида анча вақт курашади. Охир-оқибат қоплон бу жойда қолишдан воз кечиб, қочиб кетади.
Энг қизиғи, митти ит ҳам йиртқичнинг ортидан югуриб, уни ҳовлидан ташқаригача қувиб чиқади. Шундан кейингина хонадондан бир киши ташқарига чиқади.
Воқеа 8 сентябрь, сешанба куни кечқурун Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатидаги Рудрапраяг ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда “Need To Know” хабар берди.
Қоплон билан қўрқинчли ташланишга қарамай, жасур ит ҳодисадан ҳеч қандай жароҳат олмай омон қолган.
Бироқ ушбу воқеа маҳаллий аҳоли ўртасида хавотирни янада кучайтирган. Сўнгги ҳафталарда қоплонларнинг аҳоли яшаш ҳудудлари ва хонадонлар яқинида пайдо бўлиш ҳолатлари кўпайгани айтилмоқда.
Аҳоли вакиллари навбатдаги ташланиш одамлар учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигидан хавотир билдирган. Қишлоқ аҳолиси Ўрмон департаментидан тунги патрулларни кучайтириш ҳамда қоплонларнинг ҳаракатини кузатишни сўраган.
Рудрапраяг ҳудуди қоплонлар ҳужуми билан боғлиқ машҳур тарихга ҳам эга. Бир вақтлар бу ерда “Рудрапраяг одамхўр қоплони” аҳолини ваҳимага солган. Маълумотларга кўра, у 100 дан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган.
Британиялик машҳур овчи Жим Корбетт ушбу ҳайвонни узоқ вақт кузатиб, ниҳоят 1926 йилда уни овлаб ўлдирган.






























Изоҳлар 0
…