18:51 / 01.01.2025
42

Илон Маск сайлов кунидан буён Трампнинг мулкида яшаётгани маълум бўлди

Илон Маск сайлов кунидан буён Трампнинг мулкида яшаётгани маълум бўлди
Joe Raedle / Getty Images / AFP / Scanpix
Миллиардер Илон Маск АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳи ҳудудига кўчиб келган. The New York Times газетаси ўз манбасига таяниб 30 декабр куни берган хабарга кўра, у 2024 йил ноябрида бу ердаги коттежлардан бирини ижарага олган.

Нашр маълумотига кўра, Маск Трамп яшайдиган асосий уйдан «бир неча юз фут» (1 фут 0,3048 метрга тенг) масофадаги уйга жойлашган. У «Banyan» ном деб номланган коттежда яшамоқда, бунгача бу ерда Трампнинг кўплаб дўстлари ва сафдошлари истиқомат қилган. Тадбиркор бу ерга АҚШдаги президентлик сайлови кунида кўчиб ўтган ва Трампнинг ёнида ўтириб, овоз бериш натижаларини кузатиб борган. Маск рождество муносабати билан уйни тарк этган, аммо тез орада ортга қайтиши кутилмоқда.

Илон Маск — Трампнинг энг муҳим ҳомийсига айланди, у республикачилар номзодининг сайлов кампаниясига 250 миллион доллар хайрия қилган, деб ёзади NYT. Шунингдек, Маск сайланган президентнинг сиёсат масалалари бўйича муҳим маслаҳатчиси ҳисобланади, шунингдек, Трамп маъмурияти учун номзодларни танлашга ҳам таъсир кўрсатади.

Нашр Маск шундай қўшничилик эвазига Трампнинг ёнига осон кириш имкониятига эгалигига эътибор қаратган. У АҚШнинг сайланган президенти билан бирга тушлик қилади, унинг хорижий давлатлар раҳбарлари (масалан, Украина президенти Володимир Зеленский) билан телефон мулоқотларида қатнашади ҳамда ўнлаб соат вақтини Трамп билан ўтказади. Яқинда Маск ва Трамп Amazon асосчиси Жефф Безос билан кечки овқатни бирга қилишганди. NYT ёзишича, Маскнинг одамлари ҳам Трампнинг бўлғуси маъмуриятидаги раҳбарлик лавозимлари учун номзодлар муҳокамасида иштирок этган.

Доналд Трамп 27 декабр куни Truth Social ижтимоий тармоғида катта эҳтимол билан Илон Маск манзилига қаратилган шундай хабар қолдирди: «Қаердасан? „Олам маркази“га, Мар-а-Лагога қачон келасан? Билл Гейтс бугун кечқурун келишга рухсат сўради. Биз сени ва X’ни соғиндик! Янги йил кечаси ажойиб бўлади!!!»

The New York Times нашри қайд этишича, Доналд Трамп 1990-йилларда Мар-а-Лагодаги қароргоҳини элита клубига айлантирган. Маск ушбу мулк ҳудудидаги коттеж ижараси учун қанча тўлагани номаълум, аммо аввал бу уй бир кун учун икки минг долларга ижарага берилган. Одатда Мар-а-Лаго маъмурияти меҳмонларга ҳисобни улар жўнаб кетишидан олдин беради. Шундай қилиб, Трамп Маскнинг якуний ҳисобини қисқартириши ёки умуман тўлов олмаслиги ҳам мумкин, деб ёзади нашр. Якунда тадбиркор яшагани учун қанча тўлаши номаълум.

Доналд Трампнинг Палм-Бичдаги Мар-а-Лаго қароргоҳи, Флорида штати. 2024 йил 24 декабр
Anna Moneymaker / Getty Images


Доналд Трампнинг Палм-Бичда ҳаракатланаётган кортежи. 2024 йил 23 декабр
Anna Moneymaker / Getty Images

Сайланган президентнинг атрофидагилар Илон Маск доимий равишда Трампнинг қароргоҳида эканидан норози, деб хабар берганди ноябр ойида NBC News манбаси. The New York Times газетаси айрим маслаҳатчилар Маск Трампга бу қадар катта таъсир қилаётганидан норози бўлишгани ҳақида ёзган.

Нашр 20 январга белгиланган инаугурация маросимидан кейин Трамп Оқ уйга кўчиб ўтиши ва Маскда президент билан тез-тез тўғридан тўғри мулоқот қилиш имкони бўлмаслиги, чунки президент маъмуриятига кириш Мар-а-Лагодагидан «анча мураккаброқ» бўлишини қайд этган.

Трамп жамоаси вакили NYT’нинг сўровига жавоб қайтармаган. Илон Маск ҳам нашр сўровларини эътиборсиз қолдирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё