
Саудия Арабистони ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон туристик визалар олиш имкониятини вақтинчалик тўхтатди. Бу ҳақда мамлакатнинг туризм вазирлиги маълум қилган.
Хусусан, 23 апрелдан 9 июнгача бўлган муддатда мазкур икки давлат фуқароларига электрон виза бериш хизмати вақтинча кўрсатилмайди. Саудия Арабистони расмийлари бу чекловни айнан Ҳаж мавсуми билан боғлиқ эканини таъкидламоқда.

«Ҳаж мавсуми сабабли, 23 апрелдан 9 июнгача Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари электрон туристик визалар олиш имкониятидан вақтинча фойдалана олмайдилар. Шу муддатда Саудия Арабистонига саёҳат қилмоқчи бўлганлар ўз мамлакатларида жойлашган Саудия элчихоналари ёки бошқа расмий вакиллик орқали виза олишлари мумкин», – дейилади мамлакат Туризм вазирлиги томонидан «Дарё»га берилган маълумотда.
Шу билан бирга, амалдаги Шенген, Буюк Британия ва АҚШ визасига эга бўлган туристлар, шунингдек Европа Иттифоқи, Буюк Британия ёки АҚШда яшаш ҳуқуқига эга резидентлар Саудия Арабистонига борганларида мамлакатга кириш пунктларидан бевосита виза олишлари мумкинлиги ҳам айтилган.
Маълумки, 2023 йилнинг августида Ўзбекистон фуқароларига Саудия Арабистони электрон туристик визаси тақдим этилиш бошланганди. Бу визани мамлакатнинг туризм вазирлиги портали орқали 146 доллар эвазига олиш мумкин бўлиб, унинг амал қилиш муддати 90 кунни ташкил этарди. Туристик визадан Умра зиёрати ва мамлакат ичида саёҳат учун фойдаланишга рухсат берилган эди.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2025 йилги Ҳаж мавсуми учун Ўзбекистонга ажратилган квота 15 минг нафарни ташкил этади.
Апрель ойининг ўрталарида Тошкент шаҳрида Ҳаж зиёратига жўнатишни ваъда қилиб, тўрт кишидан 23,6 минг доллар маблағни ноқонуний равишда олган шахс қўлга олинган эди. Шунингдек, пойтахтда сохта туристик агентликлар фаолиятига чек қўйиш бўйича махсус тезкор тадбирлар ҳам амалга оширилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябргача «Ҳаж ва умра ягона портали» ҳамда мобил иловасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу янги тизим зиёратчилар учун ҳаж ва умра билан боғлиқ хизматларни қулайлаштириш, ортиқча бюрократик тартибларни қисқартиришга қаратилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар