Саудия Умра зиёратчилари учун муҳим янгиликни эълон қилди

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги Умра зиёратини амалга оширишни режалаштираётганлар учун муҳим янгиликни эълон қилди. Мамлакатда энди бир йил муддатга амал қиладиган кўп марталик Умра визаси жорий этилди. Янги тартиб зиёратчиларга Саудия Арабистонига бир неча марта кириш ва сафарларни янада қулай режалаштириш имконини беради.
Янги қоидаларга кўра, мазкур виза берилган санадан бошлаб 365 кун давомида амал қилади. Виза эгалари ушбу муддат ичида Саудия Арабистонига бир неча бор кириши мумкин бўлиб, мамлакатда умумий ҳисобда 90 кунгача қолиш ҳуқуқига эга бўлади.
Саудия матбуот агентлиги (SPA) маълум қилишича, мазкур ташаббус мамлакатнинг Saudi Vision 2030 стратегияси ҳамда Зиёратчилар тажрибаси дастури доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади зиёратчилар учун янада қулай шарт-шароит яратиш, хизматлар сифатини ошириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Янги тартибга мувофиқ, ҳар бир сафар олдидан зиёратчилар Nusuk платформаси орқали тасдиқланган хизмат кўрсатувчи ташкилотдан хизматлар пакетини харид қилиши лозим. Шунингдек, Умра зиёратини амалга ошириш учун Nusuk мобил иловаси орқали махсус рухсатнома расмийлаштирилиши шарт.
Вазирликнинг маълум қилишича, виза ҳар бир ташрифдан сўнг, мамлакат тарк этилганда вақтинча тўхтатилади. Кейинги сафар учун белгиланган талаблар бажарилгач, у яна автоматик равишда фаоллаштирилади.
Айни пайтда мазкур виза Ҳаж мавсуми даврида — Зулқаъда ойининг биринчи кунидан Зулҳижжа ойининг 13-кунигача амал қилмайди.






























Изоҳлар 0
…