date
views 179

АҚШ НАТОнинг шарққа кенгаймаслигига рози: Украинага умид борми?

АҚШ НАТОнинг шарққа кенгаймаслигига рози: Украинага умид борми?
Қўшма Штатлар расмийлари НАТОнинг шарқ томон кенгайиши борасида Россия томонидан билдирилган хавотирларни асосли деб тан олади ва бу масалани Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнида муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ президентининг Украина масалалари бўйича махсус вакили Кит Келлог ABC News телеканалига берган интервьюси давомида билдирди.

Махсус вакилнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати бир неча бор Украина НАТОга қабул қилиниши масаласи ҳозирда кун тартибида эмаслигини таъкидлаган. Бунга алянсга аъзо бошқа бир қатор мамлакатлар ҳам худди шу позицияни тутишмоқда.

Кит Келлог ўз интервьюсида, шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг Ғарб мамлакатларидан НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги ҳақида ёзма кафолат олиш истагини ҳам эслатиб ўтди. Агар бу талаб Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш учун зарур шартга айланса, АҚШ президенти Доналд Трамп уни бажаришга тайёрлигини маълум қилган. Қолаверса, АҚШ расмийлари бу масалада янада қатъий позицияни намойиш қилиб, нафақат Украина, балки Грузия ва Молдованинг ҳам НАТО аъзолигига қабул қилинишидан воз кечишга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, яқинда Истанбул шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Россия-Украина тинчлик музокараларининг иккинчи босқичида бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган. Булар орасида НАТО масаласи билан бир қаторда Қрим ярим оролининг тақдири, Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон вилоятларининг келажаги ҳам бор.

Украина делегациясига мазкур музокараларда мамлакатнинг мудофаа вазири Рустем Умеров раҳбарлик қилади. Томонларнинг ушбу учрашувидан жиддий натижалар кутилаётгани ва бу музокаралар тинчликни тиклаш учун муҳим қадам бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ махсус вакили Доналд Трампнинг ушбу музокаралар жараёнидан чиқиши эҳтимоли ҳақида ҳам гапириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ президенти музокаралар жараёнида вазият ўзгармай қолганини ва ундан фақат "фойдаланишаётганини" ҳис қилса, тинчлик музокаралари жараёнини Европага топшириши мумкин.

Бу эса халқаро кузатувчиларнинг фикрига кўра, тинчлик ўрнатиш жараёнида муҳим бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, бу каби музокараларнинг натижалари нафақат Россия ва Украина, балки бутун Европа қитъаси хавфсизлиги учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, яқинлашиб келаётган Истанбул музокаралари бутун дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб турибди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ НАТОнинг шарққа кенгаймаслигига рози: Украинага умид борми?