Молдова ҳудудига 17 соат ичида Россияга тегишли деб топилган 5 та дрон қулади

Молдова ҳудудига 17 соатдан ортиқ вақт давомида Россияга тегишли деб топилган бешта дрон қулади. Ҳодисалардан сўнг мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Россияни қоралади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, дронлар 15 октябрь кунидан 16 октябрь кунига ўтар кечаси ва 16 октябрь куни Молдова ҳаво ҳудудига кирган. Уларнинг барчаси мамлакатнинг асосан шимолий ва шарқий ҳудудларига қулаган. Ҳодисалар оқибатида бир киши енгил тан жароҳати олган, шунингдек, моддий зарар етган.
Молдова Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳодисалар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидлади. Вазирлик баёнотида Россиянинг Украинага қарши уруши минтақавий барқарорликка ҳам бевосита таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Дронлар билан боғлиқ ҳодисалар Россия элчиси Олег Озеровни изоҳ бериш учун чақиришга ҳам сабаб бўлган. Молдова ҳукумати аввал ҳам мамлакат ҳаво ҳудудининг бузилиши юзасидан Россия томонидан тушунтириш талаб қилган.
Молдова Президенти Майя Санду Россия ташқи сиёсатини мамлакат манфаатларига зид деб ҳисоблайди. У икки йилдан ортиқ вақтдан бери Молдовада фаолият юритаётган Россия элчиси Олег Озеровга дипломатик ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни топширишга рухсат бермаган.
Ўз навбатида, Россия Молдова раҳбариятини Москвага нисбатан душманона сиёсат юритишда айблаб келади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, икки мамлакат муносабатларини яхшилаш учун Майя Санду ҳукумати «русофобияга асосланган сиёсат»дан воз кечиши керак.






























Изоҳлар 0
…