НАТО Италияда йирик ядровий машғулотларни бошлади: Россия қандай муносабат билдирди?

НАТО Италияда йирик ядровий машғулотларни бошлади: Россия қандай муносабат билдирди?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • НАТО Италияда ҳар йили ўтказиладиган «Стеадфаст Ноон» ядровий машғулотларини бошлади, унда 17 та давлат иштирок этмоқда.
  • Машғулотларда ҳақиқий ядровий қуроллардан фойдаланилмайди ва улар олдиндан режалаштирилган бўлиб, бирон бир давлатга қарши қаратилмаган.
  • Россия ушбу машғулотлар Европадаги ҳарбий кескинликни ошириши ва минтақавий мувозанатга раҳна солиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Шимолий Атлантика альянси (НАТО) Италия ҳудудида ядровий тийиб туриш бўйича ўзининг ҳар йилги анъанавий «Steadfast Noon» ҳарбий машғулотларини бошлайди. Сешанба куни старт олиб, бир ҳафта давом этадиган ушбу маневрларда одатий ҳамда ядровий қурол ташишга мослаштирилган икки томонлама мақсадли махсус авиация воситалари синовдан ўтказилади.

Жорий йилдаги машғулотлар кўлами бўйича рекорд ўрнатди — унда альянсга аъзо 17 та давлат қатнашмоқда (солиштириш учун: 2024 йилда 13 та, 2025 йилда эса 14 та давлат иштирок этган).

Янги аъзолар, қирувчи учоқлар ва Франциянинг бойкоти

Ҳарбий маневрларда кучлар ва иштирокчилар қуйидагича тақсимланган:

  • Шимолий Европанинг тўлиқ иштироки: Альянснинг энг янги аъзолари саналган Финляндия ва Швеция машғулотларда қатнашишини тасдиқлади. Швеция шахсий таркибдан ташқари ўзининг машҳур JAS 39 Gripen қирувчи самолётини ҳам йўллади;

  • Европа авиацияси сафарбарлиги: Руминия Италияга F-16 қирувчиларини жўнатди, Германия учта Tornado учоғини ажратди, шунингдек, Туркия ва АҚШ ҳам тўлиқ парвоз экипажи ҳамда техник мутахассислари билан қатнашмоқда;

  • Франциянинг рад жавоби: Париж НАТОнинг ядровий режалаштириш гуруҳига кирмагани боис бу галги машғулотларда ҳам иштирок этишдан бош тортди.

Парвоз ҳудудлари ва хавфсизлик чоралари

Италиянинг Sole 24 ore нашри ҳамда альянс расмий маълумотларига кўра:

  • Жойлашув: Маневрлар Италия шимолидаги Авиано ва Геди авиабазалари яқинида ҳамда альянс масъулият ҳудудидаги кенг ҳаво ҳудудларида бўлиб ўтади (2023 йилдаги шундай машғулотларда учоқлар Италия, Хорватия ва Ўрта Ер денгизи узра парвоз қилган);

  • Ҳақиқий қурол ишлатилмайди: Италия Ҳарбий-ҳаво кучлари маълум қилишича, машғулотлар давомида ҳақиқий жанговар ядровий қуроллардан фойдаланилмайди;

  • Аввалдан режалаштирилган тадбир: Альянс ушбу парвозлар олдиндан белгиланганини, дунёдаги жорий сиёсий воқеаларга боғлиқ эмаслигини ва бирон бир муайян давлатга қарши қаратилмаганини алоҳида қайд этди.

Москванинг муносабати ва хавотирлари

НАТОнинг ушбу ҳаракатлари Россия томонидан эътироз билан кутиб олинди:

  • Тарангликнинг ортиши: Россиянинг Белгиядаги элчихонаси мазкур маневрлар, альянс расмийларининг «тинчлик мақсадлари» ҳақидаги баёнотларига қарамай, Европадаги ҳарбий кескинликни камайтиришга ёрдам бермаслигини маълум қилди;

  • Ядровий миссиялар хавфи: Россия томони Европа ҳудудида АҚШ тактик ядро қуроли жойлаштирилиши ҳамда альянснинг биргаликдаги ядровий амалиётлари минтақавий мувозанатга раҳна солаётгани юзасидан мунтазам хавотир билдириб келмоқда.

Маълумот ўрнида: ўтган йили Нидерландия, Белгия, Буюк Британия ва Дания ҳудудларида ўтказилган машғулотларда 70 га яқин ҳарбий самолёт ва 2 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи жалб қилинган эди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар