
Швейцариялик профессионал пауэрлифтер Элиас Мейер ўзини жисмоний ва руҳий жиҳатдан синовдан ўтказиб, инсон чидамлилигининг мутлақ чегараларини қайта белгилади. У Гиннеснинг рекордлар китобига кириб, энг узоқ вақт давомида қор остида қолиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди.
Мейернинг ғайриоддий синови Швейцария тоғларида ўтказилди. У қор қатлами айниқса зич ва чуқур бўлган жойни танлади. Ҳарорат эса −10°C даражани ташкил қиларди. Элиас бундай мураккаб шароитда тўхтовсиз икки соат ва етти сония давомида қор остида қолиб, бу борадаги олдинги рекордни 22 дақиқага янгилади. Илгари ушбу натижа поляк спортчиси Валериан Романовскийга тегишли бўлиб, у 2022 йилда бир соату 45 дақиқа қор ичида қолган эди.
Бу рекорд тасодифий эмас. Мейер узоқ вақт давомида махсус тайёргарлик кўрган, танасини қаттиқ совуқ ва босимга чидайдиган даражагача ўргатган. Унинг таъкидлашича, энг қийин томон қорнинг совуқлиги эмас, балки унинг оғир босими бўлган:
“Мен учун энг оғир нарса совуқ эмасди. Қорнинг оғирлиги елка ва тирсакларимга қаттиқ босим берди. Аммо руҳий жиҳатдан тайёр бўлган инсон танаси ақл бовар қилмас ишларга қодир”, – деди Мейер ўз баёнотида.
Унинг сўзларига қараганда, бу синов орқали у инсон иродаси ва танасининг чексиз салоҳиятини намоён қилмоқчи бўлган. Шунингдек, у ҳар қандай натиқани эришишда жисмоний тайёргарлик билан бир қаторда, руҳий барқарорлик ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Элиас Мейернинг рекорди нафақат спорт дунёсида, балки инсон имкониятлари чегарасини синашга қизиқувчи барча муҳитда катта қизиқиш уйғотди. Унинг бу ютуғи Гиннеснинг расмий сайтида эълон қилинди ва бутун дунё медиа майдонларида кенг ёритилмоқда.
Шундай қилиб, қор остидан чиққан Мейер нафақат совуқни енгди, балки миллионлаб инсонларга илҳом манбаи бўлди.
Фото: Guinness World Records. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар