date
views 182

Нетаняҳу: “Теҳрондаги ҳокимият алмашиши эҳтимоли юқори, Эрон режими заифлашган”

Нетаняҳу: “Теҳрондаги ҳокимият алмашиши эҳтимоли юқори, Эрон режими заифлашган”
Яқин Шарқдаги зиддият фонида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жуда муҳим баёнот билан чиқди. 15 июнь куни Fox News телеканалига берган интервьюсида у Эрондаги ҳокимият ўзгариши эҳтимоли ҳақида гапирди ва бундай жараён Исроил армиясининг зарбалари туфайли рўй бериши мумкинлигини таъкидлади.

— Эрон режими жуда заифлашган. Бундай заифлашган шароитда ҳокимиятда ўзгариш бўлиши табиий. Исроилнинг ҳужумлари нафақат мамлакатимизни, балки бутун инсониятни ҳимоя қилишга қаратилган, — деди Нетаняҳу интервьюда.

Ядровий таҳдид ва ракеталар – асосий нишон

Исроил раҳбарининг таъкидлашича, амалга оширилаётган ҳарбий операция Эрондан келаётган икки йирик хавф – ядровий қурол ва баллистик ракеталарни йўқ қилишга қаратилган. Унга кўра, бу қуроллар дунёдаги энг хавфли режимни янада қудратлироқ қилиши мумкин ва буга йўл қўйиб бўлмайди.

— Биз ядровий қурол дунёда энг хавфли режим қўлига тушмаслиги учун бор кучимиз билан курашамиз. Эрон ядро дастурида аллақачон орқага чекинди. Бу эса ҳужумларимизнинг самараси, — деди у.

Исроил самолётлари Теҳрон осмонида ҳукмронлик қилмоқда

Нетаняҳунинг баёнотига кўра, Исроил ҳарбийлари Эрон пойтахтига "тўғридан-тўғри йўл" очган ва энди улар белгиланган нишонларга аниқ зарбалар бериш имкониятига эга. Исроил армияси 14 июндан буён Теҳрон ва ғарбий Эрон осмони устидан тўлиқ назорат ўрнатганини эълон қилди.

АҚШ билан мувофиқлашган ҳаракат ва Трампнинг муносабати

Шунингдек, Нетаняҳу операциялар АҚШ президенти Доналд Трамп билан тўлиқ мувофиқлашган ҳолда амалга оширилаётганини билдирди. Бу орқали Исроил ва Америка ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янада мустаҳкамланаётгани кўзга ташланади.

Айни пайтда, Доналд Трамп ҳам Fox News’га берган интервьюсида Эронга берилаётган зарбалар ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлганини тан олди. Бироқ, у Америка бу ҳужумларда бевосита иштирок этмаганини ва, аксинча, тинчлик музокаралари учун умид сақлаётганини айтди.

— Агар Эрон жавоб зарбаси берса, биз ўзимизни ва Исроилни ҳимоя қиламиз. Аммо биз, шу билан бирга, музокара столига қайтишга ва тинчлик йўлини танлашга умид билдирамиз. Эрон ҳеч нарсаси қолмаслигидан аввал келишувга келиш керак, — деди АҚШ президенти.

Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро фақат ҳарбий кураш эмас, балки геосиёсий фишанглар уришига айланмоқда. Нетаняҳунинг “режим заиф” деган гапи Эрон ичидаги сиёсий ўзгаришлар эҳтимоли ортиб бораётганини ҳам кўрсатиб турибди. АҚШ эса ўзи қатнашмагани айтилган ҳужумларга қарамай, минтақадаги таъсирини сақлаб қолиш ва музокаралар учун майдон очиқ қолдиради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нетаняҳу: “Теҳрондаги ҳокимият алмашиши эҳтимоли юқори, Эрон режими заифлашган”