date

Ғазодаги гуманитар ёрдам маркази ходимлари оч фаластинликларни ўққа тутган

Ғазодаги гуманитар ёрдам маркази ходимлари оч фаластинликларни ўққа тутган
BBCнинг хабарига кўра, гуманитар ёрдам марказларида назоратсизлик, зўравонлик ҳукум сурмоқда, жавобгарлик етишмаяпти.

Ғазо секторида АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланаётган ва баҳсли деб баҳоланган янги ёрдам тарқатиш марказларида ишлаган собиқ хавфсизлик ходими BBC'га берган интервюсида ўз ҳамкасбларининг ҳеч қандай таҳдид солмаган оч-наҳор фуқароларга бир неча бор ўқ узганини маълум қилди.

Унинг айтишича, бир ҳолатда кузатув минорасида турган қўриқчи машина қуроли билан аёллар, болалар ва кексалардан иборат гуруҳ жуда секин ҳаракатлангани сабабли ўқ узган. “Бу пайтда бошқа бир ходим, қияликда турган ҳолда, 15-20 марта автоматик қуролдан ўқ узди. Бир фаластинлик йиқилди ва қимирламай қолди. Бошқа қўриқчи эса кулиб: 'Вой, сен биттасини урибсан, шекилли', деди”, — дея эслайди гувоҳ.

Ушбу айбловларга жавобан, Ғазо Гуманитар Жамғармаси (ГҲФ) бу иддаоларни "мутлақо ёлғон" деб рад этди. Улар расмий баёнотда ҳеч бир тинч аҳоли вакили ёрдам марказларида нишонга олинмаганини айтишди. ГҲФ бу ходимни "интизомсизлиги учун ишдан бўшатилган норози собиқ пудратчи" деб атади. Бироқ, гувоҳ ишдан кетганидан кейин ҳам икки ҳафта давомида ҳақ тўланганини тасдиқловчи маош варақаларини кўрсатди.

ГҲФ май ойининг охиридан бошлаб жанубий ва марказий Ғазодаги бир нечта марказ орқали ёрдам тарқатишни бошлаган эди. Бу Ғазо секторига 11 ҳафталик тўлиқ блокада давомида озиқ-овқат киритилмаганидан сўнг жорий қилинган тизим эди. Аммо, БМТ ва маҳаллий шифокорларнинг маълумотларига кўра, ГҲФ марказларидан озиқ-овқат олишга уринган 400 дан ортиқ фаластинлик Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган.

ГҲФънинг айтишича, уларнинг тизими ёрдамни "Ҳамасга эмас, бевосита муҳтож аҳолига" етказишни мақсад қилган. Исроил ҳарбийлари эса ўз навбатида тинч аҳоли атайин нишонга олинмаётганини билдирмоқда.

Собиқ ходимнинг айтишича, марказлар ичида амалда ҳеч қандай қатъий қоидалар, ҳаракат протоколлари ёки фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш механизми мавжуд эмас. "Агар таҳдид сезсанг – от, ўлдир ва кейин савол бер", — деган эди, унинг айтишича, бир гуруҳ раҳбари.

Шунингдек, у ҳар бир марказда кузатув камераси мавжудлигини, ГҲФ баёнотида айтилганидек, ҳеч кимга ўқ узилмаган, деган даъволарни “очиқча ёлғон” деб атади.

Собиқ ходимнинг фикрича, ГҲФ ичида фаластинликларга нисбатан камситувчи муносабат мавжуд: уларнинг инсоний қадрияти инкор этилади. "Уларга 'зомби тўдаси' деб мурожаат қилишарди", — дея эслайди у.

Унинг таъкидлашича, ёрдам олувчиларга кўп ҳолатларда газ пуркалган, гранаталар парчалари теккан ёки тиқилинчда сим тўсиқларга урилиб тан жароҳати олганлар бўлган. Бир аёл бошига граната қобиғи текканидан кейин ҳушидан кетган, деди у.

Oxfam, Save the Children каби 170 дан ортиқ халқаро ташкилотлар ГҲФ фаолиятини тўхтатишга чақирди. Уларнинг баёнотида, ҳарбийлар ва қуролланган гуруҳлар ёрдам олишга уринган аҳолига мунтазам равишда ўқ узаётгани қайд этилган.

ГҲФ эса ўзининг беш ҳафта ичида 52 миллиондан ортиқ овқатлик тарқатганини билдирган ва бошқа ташкилотлар ёрдамларини ҳимоялай олмаслигини танқид қилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазодаги гуманитар ёрдам маркази ходимлари оч фаластинликларни ўққа тутган