date

Трампдан глобал савдога янги таҳдид: 12 давлатга тариф хатлари жўнатилади

Трампдан глобал савдога янги таҳдид: 12 давлатга тариф хатлари жўнатилади
АҚШ Президенти Доналд Трамп глобал савдо сиёсатида янги босқични бошлаб, 12 та давлатга тариф миқдорларини билдирувчи расмий хатларни имзолаганини маълум қилди. “Ёки қабул қиласиз, ёки рад этасиз” мазмунидаги таклифномалар 7-июл, душанба куни юборилиши кутилмоқда.

Президент Трамп бу баёнотни Аир Форcе Оне бортида, Ню-Жерси штатига йўл олаётганида журналистлар билан суҳбат чоғида берди. У қайси давлатлар хат олишини очиқламаган бўлса-да, тафсилотлар душанба куни эълон қилиниши айтилди.

Трамп бу ҳаракатни музокаралардан кўра содда ва самаралироқ деб ҳисоблайди. “Музокараларга вақт йўқ. Хат жўнатиш анча осон”, – деди у.

Апрел ойида Трамп 10% базавий тариф ставкасини жорий этганини эълон қилган, баъзи давлатлар учун эса бу ставкалар 50% гача оширилиши мумкинлигини билдирганди. Аммо, музокаралар учун вақт ажратиш мақсадида бу қўшимча тарифлар 90 кунга тўхтатилган эди. Бу муддат 9-июл куни якунланади.

Президентнинг сўзларига кўра, 1-августдан бошлаб аксар ҳолларда тариф ставкалари 70% гача кўтарилиши мумкин. Ушбу чоралар, Трамп маъмуриятининг савдо мувозанатини тиклаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган стратегиясининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Савдо музокаралари бир қанча давлатлар билан олиб борилган бўлса-да, кутилган натижаларга эришиш мураккаб бўлмоқда. Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон билан олиб борилган музокаралар ҳозирча якуний келишувга олиб келмади. Европа дипломатларга кўра, АҚШ билан келишувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижа бермаган ва улар тарифларнинг оширилишини олдини олиш учун мавжуд ҳолатни сақлаб қолишни маъқул кўрмоқда.

Айни пайтда фақат икки давлат – Буюк Британия ва Ветнам билан аниқ савдо битимлари тузилган. Буюк Британия билан май ойида эришилган келишув асосида 10% тариф ставкаси сақланиб қолган, баъзи соҳалар, жумладан, автомобил ва авиация қисмлари бўйича имтиёзлар берилган. Ветнам билан тузилган битим эса Трамп томонидан илгари эълон қилинган 46% тариф ўрнига кўплаб маҳсулотлар учун тарифни 20% га туширишни назарда тутади. Шунингдек, кўплаб АҚШ маҳсулотлари Ветнам бозорига божхона тўловларисиз кириши мумкин бўлади.

Трампнинг тарифлар асосидаги ёндашуви анъанавий дипломатик музокараларга зид бўлиб, вақт жиҳатидан тезкор қарорлар қабул қилишни кўзда тутади. Бу эса халқаро савдода ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ Трамп маъмурияти бу чораларни “АҚШ манфаатларини биринчи ўринга қўювчи сиёсат” сифатида тасвирламоқда.

Янги тариф хатлари ва уларнинг глобал иқтисодий оқибатлари душанба куни эълон қилинадиган тафсилотлардан сўнг янада равшан бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампдан глобал савдога янги таҳдид: 12 давлатга тариф хатлари жўнатилади