date

Ядровий хавф: АҚШ B61-12 бомбаларини Буюк Британияга жойлаштирди

Ядровий хавф: АҚШ B61-12 бомбаларини Буюк Британияга жойлаштирди
Яқин ҳафталарда халқаро хавфсизлик салоҳиятида катта ўзгариш бўлди: АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Лейкенхит (Саффолк, Англия) авиабазасига илк бор B61-12 термоядровий бомбаларини олиб келди, деб ёзади ukdefencejournal.org.uk. Бу ҳақда OSINTDefender таҳлилчисига таянилган ҳолда UK Defence Journal 20 июль куни хабар берди.

Маълумотларга кўра, бомбалар АҚШнинг Ню-Мексико штатидаги Киртленд авиабазасидан C-17A Globemaster самолётида олиб келинган. 17 июл куни бу самолёт Саффолкка қўнган ва унда Европа ҳудудида жойлаштириш учун мўлжалланган биринчи партия B61-12 бомбалар бўлган.

Расмийлар томонидан бу маълумот ҳали тасдиқланмади. АҚШ Мудофаа вазирлиги ядровий қуролларнинг кўчирилиши бўйича изоҳ бермаган, Британия мудофаа идораси эса “одатда, муайян жойларда ядро қуроли бор-йўқлигига шарҳ берилмайди”, деган позицияда қолмоқда.

Тарихга мурожаат қилсак, совуқ уруш даврида Лейкенхит авиабазасида Американинг ядровий бомбалари сақланган, аммо 2008 йилда улар олиб кетилган эди. Энди эса, агар бомбаларнинг қайтарилгани ҳақидаги хабар тасдиқланса, бу Россия билан муносабатлардаги кескинлик фонида НАТОнинг Европа сиёсатида туб ўзгариш ҳамда Москвани тийиб туриш учун уриниш сифатида баҳоланади.

B61-12 бомбаси — АҚШ ядро арсеналидаги илк бошқариладиган, замонавий термоядровий қурол. Ушбу модификация 1960-йиллардан бери ишлаб чиқилаётган B61 бомбалар оиласининг энг янги ва замонавий варианти. 2022 йилда Politico нашри АҚШ Европа учун эски ядровий қуролларни тезкор тартибда замонавийлари билан алмаштираётгани ҳақида ёзган эди.

2023 йилда эса Пентагон “яхшиланган душман таҳдидлари” сабабли B61-12ни янада модернизациялаш — B61-13 версиясига ўтиш режасини эълон қилди. Экспертлар бу қадамни глобал кучлар ўртасидаги янги ядровий тенгсизлик даври бошланишига ишора, деб баҳолашмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, ушбу воқеа Европа минтақасида хавфсизлик мувозанатига катта таъсир кўрсатиши, шу билан бирга, Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатларда янада янги босқични бошлаб бериши мумкин. Ядро қуроллари сони ва уларнинг жойлашуви ҳақидаги ҳар қандай ўзгариш — бутун дунё учун оғир синовлар ва янги хавотирлар манбаи бўлиб қолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ядровий хавф: АҚШ B61-12 бомбаларини Буюк Британияга жойлаштирди