БМТ экспертлари қотиллиги: Конго суди ўлим ҳукмини тасдиқлади

Конго Демократик Республикаси (КДР) ҳарбий суди армия полковнигини ўлим жазосига ҳукм қилди. У қарийб 10 йил аввал мамлакат ҳудудида БМТнинг икки нафар эксперти ўлдирилишидаги фитнада иштирок этган.
2022 йилда бўлиб ўтган илк суд жараёнида полковник Жан де Дё Мамбвени 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Ўша пайтда у хавф остидаги шахсларга ёрдам кўрсатмаслик ва буйруқларга итоат этмасликда айбланган. Ҳарбий прокурорлар ушбу қарордан норози бўлиб, апелляция шикояти берган ва унинг жавобгарлиги анча оғир эканини таъкидлаган.
Киншаса шаҳридаги Олий ҳарбий суд бу фикрни қўллаб-қувватлади. 5 июнь куни суд Мамбвенини қотилликни ташкил этиш ва уруш жиноятида айбдор деб топди. Reuters агентлиги ва қурбонлардан бирининг яқинлари кўрган суд ҳукмига кўра, у ўлим жазосига маҳкум этилган. Шу билан бирга, КДРда 2003 йилдан буён ўлим жазоси амалга оширилмаётгани сабабли, бу жазо амалда умрбод қамоққа тенг ҳисобланади.
БМТ экспертлари — швед ва чилилик Зайда Каталан ҳамда америкалик Майкл Шарп — Касаи вилоятидаги оммавий қотилликларни текшираётган эди. 2017 йил 12 март куни Моё-Мусила қишлоғи яқинидаги кўприкда улар “Камуина Нсапу” гуруҳи жангарилари томонидан тўхтатилган. Кейин улар ўрмонга олиб кетилиб, отиб ташланган. Жасадлар 16 кундан сўнг топилган.
Қотиллик ортида давлат манфаатлари турган бўлиши мумкин
Қарийб 9 йил давом этган суд жараёнларига якун ясаган ушбу қарор 2022 йилда ўнлаб жангариларга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмларини ҳам кучда қолдирди. Прокурорлар дастлаб ишга давлат амалдорларининг алоқаси йўқлигини билдирган, бироқ кейинчалик полковник ва бошқа расмийлар ҳибсга олинган ҳамда улар исёнчилар билан ҳамкорлик қилгани айтилган.
Зайда Каталаннинг синглиси Элизабет Морсби суднинг фитна мавжудлиги ҳақидаги хулосасини қўллаб-қувватлади.
“Бу Зайда ва Майкл тасодифий зўравонлик қурбони бўлмаганини тасдиқлайди”, деди у.
Бироқ у адолат тўлиқ қарор топмаганини ҳам таъкидлади. У суддаги овозли ёзувларга ишора қилиб, Мамбвени экспертлар расмийларни фош қилиши мумкинлигидан хавотир билдирганини қайд этди.
Human Rights Watch ташкилоти ҳам 2022 йилги судда муҳим видеодалиллар эътибордан четда қолганини маълум қилган. Унда давлат вакиллари экспертларни пистирма жойига йўналтиришда иштирок этгани акс этгани айтилган.
Морсбининг фикрича, ҳақиқий адолат фақат айбдорларни жазолаш билан чекланмаслиги, балки жиноятнинг сабаблари ҳам тўлиқ ўрганилиши керак.
КДР Миллий инсон ҳуқуқлари комиссияси раҳбари Пол Нсапу Мукулу ҳам Мамбвени мустақил ҳаракат қилганига ишонмаслигини билдирган.
“Барча далиллар бу воқеа давлат даражасида содир этилган жиноят эканини кўрсатмоқда”, деди у.





























Изоҳлар 0
…