40 йил циркда ишлаган фил ниҳоят “нафақага” чиқарилди

Португалияда қарийб 40 йил давомида цирк ареналарида томоша кўрсатиб келган Жули лақабли фил расман “нафақага чиқарилди”. Энди у ҳаётининг қолган қисмини Алентежу ҳудудида жойлашган “Пангеа” қўриқхонасида ўтказади. Ушбу маскан Европада меҳнатга жалб қилинган ҳайвонлар учун махсус ташкил этилган илк қўриқхона сифатида эътироф этилади.
Маълум қилинишича, Жули 1980-йиллар охирида Африкада ҳали кичик пайтида тутиб келинган ва Португалияга олиб кетилган. 1988 йилдан бошлаб у цирк томошаларида иштирок этиб келган. Ҳозир эса фил назорат остидаги эркин муҳитда яшашни бошлади ва янги бошпанасида илк бор табиий лойли ванна қабул қилиш имконига эга бўлди.
2018 йилда Португалия ҳукумати 2024 йилдан бошлаб циркларда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни қабул қилган эди. Шу сабабли Жули учун доимий бошпана топиш ишлари бошланган. Қўриқхона маъмурияти ва фил эгаси ўртасидаги келишув, тайёргарлик ҳамда ташиш жараёни қарийб бир ярим йил давом этган.

Мутахассислар Жулининг янги ҳаёти қанча давом этишини аниқ айта олмаяпти. Чунки табиий муҳитда филлар 70 йилгача яшаши мумкин бўлса, тутқунлик шароитида уларнинг умри одатда анча қисқа бўлади.
400 гектар майдонни эгаллаган “Пангеа” қўриқхонаси 20–35 та филни қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда ҳайвонлар эркин ҳаракатланиши, озуқа излаши ва табиий муҳитга яқин шароитда парвариш қилиниши учун барча имкониятлар яратилган.
Маълум қилинишича, йил охирига қадар Жули ёлғиз қолмайди. Унинг ёнига тахминан 40 йил аввал ёввойи табиатдан тутиб келинган яна бир урғочи Африка фили — Кариба ҳам келтирилади. Ҳозирда Кариба Бельгиядаги ҳайвонот боғида якка ҳолда сақланмоқда.






























Изоҳлар 0
…