Вирусга айланган ўйинчоқ болаларни шифохонага туширмоқда

Сўнгги вақтларда дунё бўйлаб оммалашган NeeDoh сенсор ўйинчоқлари болалар учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги маълум қилинди. Шифокорлар ушбу ўйинчоқларни иситиш, музлатиш ёки микротўлқинли печга қўйиш оғир куйиш жароҳатларига сабаб бўлаётганини айтмоқда.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, NeeDoh ичидаги ёпишқоқ масса юқори ҳарорат таъсирида босим ҳосил қилиб, ўйинчоқнинг портлашига олиб келиши мумкин. Натижада қайноқ масса юз, қўл ва тананинг бошқа қисмларини қаттиқ куйдиради. Ишлаб чиқарувчи қутиларда уни иситмаслик ва музлатмаслик ҳақида огоҳлантириш берган бўлса-да, ижтимоий тармоқлардаги хавфли челленжлар сабаб болалар бу қоидаларга амал қилмаяпти.

АҚШнинг Миссури штатида етти ёшли қизалоқ микротўлқинли печда қиздирилган ўйинчоқ портлаши оқибатида оғир куйиш жароҳатлари олган ва унга тери кўчириб ўтказиш операцияси ўтказилган. Буюк Британия, Чикаго ва Нью-Мексикода ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган.
Шифокорлар бундай жароҳатлар чандиқлар, кўриш қобилиятининг пасайиши ва бошқа оғир асоратларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, ота-оналарни болаларни интернетдаги хавфли челленжлардан огоҳлантиришга чақирди. Шунингдек, NeeDoh ва шунга ўхшаш ўйинчоқларни ҳеч қачон қиздирмаслик, музлатмаслик ёки иссиқ жойда қолдирмаслик тавсия этилди.






























Изоҳлар 0
…