Марта Стеварт иштирокида уй-жойни бошқарувчи Ҳинт иловаси тақдим этилди

Машҳур уй-рўзғор ва меҳмондўстлик империяси асосчиси Марта Стеварт сунъий интеллект технологиялари бозорига ўзига хос тарзда қадам қўйди. У уй-жойни сақлаш, парвариш қилиш ва бошқариш вазифаларини автоматлаштирувчи Ҳинт стартапининг ҳаммуассисларидан бирига айланди. Мазкур илова уй эгаларига кундалик юмушлар, энергия сарфи ва турли маиший муаммоларни ҳал этишда яқиндан кўмаклашиш учун мўлжалланган. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
ixbt.com маълумотига кўра, янги дастур уй эгаларига техник хизмат кўрсатиш жадвалларини тузиш, тупроқ ҳамда ҳаво сифатини ўрганиш, суғурта даъволарини кўриб чиқиш каби кўплаб масалаларда ёрдам беради. Шунингдек, илова уй-жойга оид барча турдаги шартномалар, ҳужжатлар ва ҳисоб-фактураларни сақлайдиган рақамли омбор вазифасини ҳам бажаради. Ундаги ўрнатилган сунъий интеллект ёрдамчиси орқали фойдаланувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб олишлари мумкин.
Ҳинт стартапининг бош технологик директори ва ҳаммуассиси Кйле Рушнинг таъкидлашича, Марта Стеварт лойиҳада шунчаки рамзий шахс сифатида эмас, балки реал акциядор ва фаол ижрочи сифатида иштирок этмоқда. У ҳафтасига икки маротаба учрашиб, илованинг дизайни, брендинг асослари, тил услуби ва келтирилаётган маълумотларнинг аниқлигини шахсан назорат қилади. Хусусан, тупроқ таркиби ёки уй парваришига оид маълумотлардаги хатоликларни ўз тажрибасидан келиб чиқиб тузатишга ёрдам беради.
Лойиҳанинг келиб чиқиш тарихи
Дастлаб 2024-йилда стартап уй-жойларни декарбонизация қилиш ва шу йўналишдаги имтиёзларни топишга ёрдам берувчи восита сифатида иш бошлаган эди. Бироқ вақт ўтиши билан муаллифлар фойдаланиш доирасини кенгайтириш катта салоҳиятга эга эканини тушуниб етишди. Натижада лойиҳа бутунлай ўзгариб, ҳар бир уй эгаси учун универсал сунъий интеллект ёрдамчисига айлантирилди.Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари оддий чат-ботлар доирасидан чиқиб, реал ҳаётдаги кундалик муаммоларни ҳал этишга йўналтирилмоқда. Ҳинт иловаси ҳам ана шундай амалий ечимлардан бири бўлиб, Марта Стевартнинг кўп йиллик шахсий тажрибаси ва маслаҳатлари билан бойитилган ҳолда фойдаланувчиларга тақдим этилмоқда.
Иловадан фойдаланиш тартиби
Ҳинт иловасидан фойдаланишни бошлаш учун фойдаланувчи ўз уйининг манзилини киритиши кифоя. Шундан сўнг тизим оммавий маълумотлар — кўчмас мулк реэстрлари, об-ҳаво, тупроқ хусусиятлари ва коммунал тармоқлар асосида уйнинг рақамли профилини яратади. Шунингдек, уй эгалари ўзларининг инспекция ҳисоботлари, кафолат талонлари, ипотека ҳужжатлари ва суғурта полисларини юклашлари мумкин.Юкланган маълумотлар асосида илова қуйидаги имкониятларни тақдим этади:
- Пойдевор остидаги тупроқ таркиби ва унинг дренаж ҳамда хавфсизликка таъсирини баҳолаш
- Уй атрофидаги ҳаво сифати ҳақида маълумот бериш
- Иқлим ўзгаришлари ва қурғоқчиликнинг суғурта ставкалари ҳамда энергия сарфига таъсирини таҳлил қилиш
- Асосий маиший техника воситаларининг суратларини юклаш орқали уларга тўғри хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма олиш






























Изоҳлар 0
…