Олимлар Ерда ҳаёт қачон тугашини ҳисоблаб чиқди

Олимлар Ер сайёрасида ҳаёт яна қанча вақт давом этиши мумкинлиги бўйича янги илмий ҳисоб-китобларни тақдим этди. Тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирги шаклдаги биосфера аввал тахмин қилинганидан анча узоқ — тахминан 1,8 миллиард йил давомида сақланиб қолиши мумкин.
JGR Atmospheres илмий журналида чоп этилган тадқиқотда таъкидланишича, Ердаги ўсимликлар ва фотосинтез жараёни аввалги назарияларда кўрсатилганидан кўра анча барқарор экани аниқланган. Бу эса ҳаёт учун асос бўлган экотизимлар яна миллиардлаб йиллар фаолият юритиши мумкинлигини англатади.
Олимларнинг қайд этишича, Қуёш табиий эволюция жараёнида аста-секин ёрқинлашиб ва қизиб бормоқда. Бугунги кунда у 4,5 миллиард йил аввалгига нисбатан тахминан учдан бир қисмига кўпроқ энергия тарқатмоқда. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, Қуёш яна қарийб 5 миллиард йил давомида қизиб боради, шундан кейин эса ўз ҳаёт циклининг кейинги босқичига ўтади.
Қизиқ жиҳати шундаки, 1982 йилда британиялик олим Жеймс Лавлок фотосинтезга асосланган ҳаёт Ерда яна атиги 100 миллион йил сақланиб қолишини тахмин қилган эди. Янги тадқиқот эса бу муддатни қарийб 18 баравар узайтириб, 1,8 миллиард йил деб баҳоламоқда.
Бироқ барча олимлар ҳам бу сценарий амалга ошишига ишонмайди. Астробиолог Жейкоб Хак-Мистранинг фикрича, инсон фаолияти натижасида атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари глобал исишни тезлаштириб, биосфера учун хавфни анча эртароқ юзага келтириши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар глобал иқлим ўзгариши ҳозирги суръатларда давом этса, Ердаги табиий муҳит 6–7 минг йил ичидаёқ жиддий хавф остида қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Тадқиқот муаллифлари эслатишича, Ердаги ҳаётнинг асоси фотосинтез ҳисобланади. Агар ҳарорат ўта юқори даражага етса, бу жараён тўхтайди. Натижада ўсимликлар йўқолади, озиқ-овқат занжири бузилади ва ҳозирги кўринишдаги ҳаёт мавжуд бўла олмайди.
Шу билан бирга, илмий жамоа Ер тақдири табиий космик жараёнлар билан бир қаторда, инсониятнинг иқлимга муносабатига ҳам бевосита боғлиқ эканини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…