Бугун осмонда ноёб “Қулупнай Ой” ҳодисаси кузатилади

29 июнь куни тунги осмонни йилнинг энг қизиқарли астрономик ҳодисаларидан бири — халқ орасида "Қулупнай Ой" номи билан машҳур бўлган июнь ойининг тўлин Ойи ёритади. Мутахассислар таъкидлашича, бу галги манзара осмон ихлосмандлари учун ўзига хос томоша бўлади.
Астрономларнинг маълум қилишича, 2026 йилда айнан шу тўлин Ой Шимолий яримшарда уфққа энг яқин ҳолатда кўринади. Шу сабабли Ой чиқиш вақтида у одатдагидан анча йирикдек туюлади. Бу эса астрономик эмас, балки инсон кўзида юзага келадиган "Ой иллюзияси" деб аталувчи оптик ҳодиса билан изоҳланади.
Бироқ ташқи кўриниш алдамчи бўлиши мумкин. Аслида бу йилги июнь тўлин Ойи Ердан нисбатан узоқ масофада жойлашгани учун астрономияда "микроой" сифатида қайд этилади. Шу боис унинг кўринадиган диаметри одатий тўлин Ойга нисбатан тахминан 13 фоизга кичикроқ бўлади ва ёруғлиги ҳам бироз пастроқ кўринади.
Мутахассислар таъкидлашича, июнь ойидаги тўлин Ой ёзги қуёш туришидан кўп ўтмай содир бўлгани учун Шимолий яримшарда осмоннинг паст қисми бўйлаб ҳаракатланади. Жанубий яримшарда эса аксинча, Ой нисбатан баланд траекторияда кўринади.
Кўпчилик ўйлаганидек, "Қулупнай Ой" номи унинг ранги билан боғлиқ эмас. Бу атама Шимолий Американинг маҳаллий халқлари анъаналаридан келиб чиққан бўлиб, айнан қулупнай ҳосили йиғиб олинадиган мавсумни англатади. Шунингдек, турли халқлар мазкур тўлин Ойни "Резаворлар пишадиган Ой", "Яшил маккажўхори Ойи" ёки "Иссиқ Ой" каби номлар билан ҳам аташади.
Астрономия ихлосмандлари учун яна бир қизиқ маълумот: навбатдаги тўлин Ой — "Буғу Ойи" 29 июль куни кузатилади. Шу боис бугунги ноёб астрономик манзарани томоша қилишни истаганлар тунги осмонга назар ташлашни унутмасликлари тавсия этилади.






























Изоҳлар 0
…