Дубайда британиялик блогерни ўлим жазоси кутаётган бўлиши мумкин

Дубайда 23 ёшли британиялик блогер Брук Жорж ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда Detained in Dubai инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълум қилди.
Маълум қилинишича, блогер Facebook орқали 26 ёшли британиялик йигит билан танишган ва унинг таклифи билан Дубайга иккинчи марта сафар қилган. Қизнинг таъкидлашича, саёҳат давомида йигит унга нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган, доимий равишда уни назорат қилган, қайтиш авиачиптасини бекор қилган ҳамда барга боргани учун уни калтаклаган.
Брук Жоржнинг сўзларига кўра, у паспортини олиб уйига қайтишга уринган вақтда йигит яна унга ҳужум қилган. Қиз ўз ҳаётидан хавфсираганини айтиб, ошхона пичоғини қўлига олган ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида йигитга жароҳат етказган. Шундан кейин у тўғридан-тўғри аэропортга йўл олган, бироқ у ерда полиция ходимлари томонидан қўлга олинган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билдиришича, қўлга олинган вақтда блогернинг танасида калтакланганини кўрсатувчи излар мавжуд бўлган. Шунингдек, унга таржимон, адвокат ва Буюк Британия консуллиги билан ўз вақтида боғланиш имконияти берилмагани таъкидланмоқда.
Detained in Dubai ташкилоти ижрочи директори Радҳа Стирлинг БАА расмийларини мазкур ишни ҳар томонлама ва холисона ўрганишга чақирди. Унинг фикрича, Брук Жоржнинг зўравонликка учрагани ҳақидаги даъволари синчковлик билан текширилиши лозим.
Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари блогерга юридик ёрдам, тиббий кўмак ҳамда адолатли суд муҳокамаси кафолатланишини талаб қилмоқда.
Айни пайтда Дубай расмийлари Брук Жоржнинг воқеа ўзини ҳимоя қилиш мақсадида содир этилгани ҳақидаги баёнотларини ҳозирча тасдиқлаганича йўқ. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…