Оддий ўйинчоқ бир зумда 7 ёшли қиз терисини куйдирди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида содир бўлган нохуш воқеа болалар учун мўлжалланган айрим ўйинчоқлар хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Стрессни камайтириш учун ишлаб чиқарилган юмшоқ ўйинчоқ ёрилиб кетиши натижасида 7 ёшли қиз кимёвий куйиш жароҳатини олди.
Қизнинг онаси Асел Пакнинг айтишича, ўйинчоқ ичидаги гелсимон модда ташқарига чиқиб, боланинг терига ёпишиб қолган. Натижада модда тери билан бирга ажралиб кетган ва шифокорлар қизалоққа елка ҳамда қўл қисмида кимёвий куйиш ташхисини қўйган.
Аёл маҳсулот харид қилинганини тасдиқловчи чек ва барча тиббий ҳужжатларни сақлаб қолганини маълум қилди. У эндиликда мазкур ўйинчоқ хавфсизлиги юзасидан мустақил экспертиза ўтказилишини талаб қилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага машҳур «сквиши» туридаги юмшоқ ўйинчоқнинг сифатсиз нусхаси сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Қозоғистон Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси маълум қилишича, стрессга қарши ўйинчоқлар учун алоҳида техник талаблар белгиланмаган. Шу билан бирга, бозорда сотилаётган барча болалар ўйинчоқлари умумий хавфсизлик стандартлари ва мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Мутахассислар ота-оналарга ўйинчоқ харид қилишда унинг келиб чиқиши, сертификати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилди.
Айни пайтда ҳодиса юзасидан расмий текширув давом этмоқда. Агар жароҳат маҳсулотдаги нуқсон ёки хавфсизлик талабларига риоя этилмагани оқибатида келиб чиққанлиги тасдиқланса, ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи қонун олдида жавобгарликка тортилиши мумкин.
Мутахассислар, шунингдек, келиб чиқиши номаълум маҳсулотларни харид қилмаслик ва кичик ёшдаги болаларни ўйинчоқлар билан қаровсиз қолдирмаслик муҳимлигини яна бир бор эслатди.






























Изоҳлар 0
…