Ҳиндистон сафаридан кейин аёл миясидан 38 та паразит аниқланди

Оддий сайёҳлик саёҳати деб бошланган сафар бир аёлнинг ҳаётини бутунлай ўзгартирди. Буюк Британиялик Лоури Денман Ҳиндистонга қилган саёҳатидан кейин қарийб ўн йил давомида оғир касалликлар билан курашишга мажбур бўлганини сўзлаб берди.
Маълум бўлишича, Лоури 2007 йилда, йигирма ёшларида Ҳиндистонга саёҳат қилган. У сафар давомида эҳтиёткорлик қилиб, касаллик юқтирмаслик мақсадида фақат вегетариан таомлар истеъмол қилган. Бироқ бу ҳам уни хавфли паразитдан асраб қололмаган.
Орадан тўрт йил ўтгач, унинг организмидан қарийб бир метр узунликдаги тасмасимон гижжа чиққан. Шифокорлар муаммо бартараф этилди, деб ҳисоблашган. Аммо кўп ўтмай аёлда кучли бош оғриқлари, тутқаноқ хуружлари ва бошқа хавотирли аломатлар пайдо бўлган.
Текширувлар натижасида Лоурига нейроцистисеркоз ташхиси қўйилган. Бу чўчқа тасмасимон қурти личинкалари мияга тушиши натижасида ривожланадиган хавфли паразитар касаллик ҳисобланади. Шифокорлар унинг миясида жами 38 та паразит борлигини аниқлаган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай касаллик, одатда, паразит тухумлари билан ифлосланган сув ёки озиқ-овқат истеъмол қилиш, шунингдек, шахсий гигиена қоидаларига риоя этмаслик оқибатида юқади.
Даволаниш жараёни Лоури учун ниҳоятда оғир кечган. Шифокорлар дунёнинг турли мамлакатларидаги мутахассислар билан маслаҳатлашишга мажбур бўлган. Кучли дори воситалари сабаб унинг ташқи кўриниши ўзгарган, машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган ва ҳатто иш фаолиятини ҳам тўхтатишга тўғри келган.
Миядаги шишларнинг қайта-қайта пайдо бўлиши унда руҳий тушкунлик ва хавотир ҳолатларини келтириб чиқарган. Бир муддат у руҳий саломатлик муассасасида ҳам даволанган.
Бугунги кунда Лоури Денманнинг аҳволи анча яхшиланган. Унинг айтишича, 2017 йилдан буён қабул қилаётган даволаш усуллари самара берган ва касаллик асоратлари деярли кузатилмаяпти.
Эндиликда у ўз бошидан кечирган оғир синовлар ҳақида 12 қисмдан иборат подкаст тайёрламоқда. Унинг мақсади — шунга ўхшаш касалликларга дуч келган инсонларни қўллаб-қувватлаш ва уларга умид бағишлаш.






























Изоҳлар 0
…