11 ёшли бола кўршапалак чақиши сабаб қутуришдан вафот этди

Канадада 11 ёшли бола кўршапалак билан боғлиқ ҳолатдан сўнг қутуриш касаллиги оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Canadian Medical Association Journal журнали хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 2024 йилда Онтарио вилоятида оила дам олаётган коттежда содир бўлган. Тунда бола уйғониб кетганида кўршапалак унинг бурни ва оғзи устида турган. У ҳайвонни уриб туширган, отаси эса уни тутиб, ташқарига чиқариб юборган.
Болада кўзга кўринарли жароҳат бўлмагани учун ота-онаси шифокорга мурожаат қилмаган. Бироқ орадан 19 кун ўтиб, унинг юзида увишиш ва шиш пайдо бўлган. Дастлаб шифокорлар бошқа касалликлардан гумон қилган, аммо боланинг аҳволи тез ёмонлашиб, иситма, ютиш қийинлашиши ва онг бузилиши кузатилган.
Манитоба университети шифокорлари қутуриш касаллигидан шубҳаланган ва кейинги таҳлиллар бу ташхисни тасдиқлаган. Шунингдек, Канада Озиқ-овқат инспекцияси агентлиги кўршапалакка хос қутуриш вирусини аниқлаган.
Афсуски, бола шифохонага ётқизилганидан 17 кун ўтиб вафот этган.
Мутахассислар таъкидлашича, Канадада қутуриш жуда кам учрайди. Мамлакатда 1924 йилдан буён ушбу касаллик туфайли 28 нафар инсон вафот этган. Шифокорлар кўршапалак билан ҳар қандай бевосита алоқадан кейин зудлик билан тиббий кўрикдан ўтиш зарурлигини эслатмоқда. Чунки қутуриш касаллигида аломатлар пайдо бўлгач, уни даволаш деярли имконисиз ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…